Бу видеодаги ҳайкал остида туриб нутқ эрод қилаётган жаноб Ўзбекистон президентининг спичрайтери, ёзувчи Хайриддин Султонов. У жамоатчиликни Абдулла Қаҳҳор сингари ёзувчиларни тафтиш қилмасликка чақирмоқда. Мулозимнинг овозида таҳдид оҳанги ҳам йўқ эмас.

Адабиёт, ҳокимият ва “тафтиш қилманг” деган дағдаға. Видеони ўтказиб юборманг.

Нима қилса ҳам, 20 йилдан ошибдики, Хайриддин Султонов қалам аҳли устидан пинҳона қилич ўйнатиб келади. Бир вақтлар истеъдодли ёзувчи сифатида танилган бўлишига қарамай, узоқ йиллар Каримов девонида хизмат қилди, бошқа девонгир ёзувчию шоирлардан фарқли у ерда униб, ўсди.

Айтишларича, собиқ МХХ раҳбари Рустам Иноятов билан апоқ-чапоқ. Ҳокимият алмашганидан кейин ҳам яшаб қолаётган кам сонли аъёнлардан. Эҳтимол, давлат раҳбарининг ёзувчи, шоир ва умуман, ижод аҳлига эътимоди туфайлидир.

Каримов даврида тилсиз-забонсиз бўлган ҳамма мулозимлар қатори Султоновнинг ҳам тили янги даврда чиқди. Ваҳоланки, ёзувчи Эмин Усмон ИИВ ертўласида уриб ўлдирилган, яқин дўсти, адиб Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон асоссиз қамалган вақтларда у сассиз-садосиз қолди.

Қодирий авлодлари улуғ адибдан қолган боғни бузилиб кетишдан асраш, уни уй-музейига айлантиришни сўраб, президент девони ва бошқа юқори идораларнинг остонасига бош урган пайтларда ҳам Хайриддиндан садо чиқмади.

Аммо албатта, Каримов ўлиб, давр ўзгарди. Давлат раҳбарининг ўзи Қодирий уй-музейига бош-қош бўлди. Хайриддин янги давр руҳини дарров олди ва уй-музей очилишида қўр тўкиб турди. “Султоновнинг бу тадбирга нима алоқаси бор?” деб ёзган журналист Анора Содиқованинг пости орадан бир соат ўтмай ўчирилди.

Хайриддин уй-музейни очибгина қолмади. Абдулла Қодирий ҳақида роман ҳам ёзди. Аниқроғи, унинг номидан “Ўткан кунлар”нинг давомини, мунаққид Иброҳим Ғафуров айтмоқчи, “Қодирий бўлиб ёзди”.

Ваҳоланки, Чўлпон, Фитрат ва Қодирий сингари Сталин қатағони қурбонлари номи қайтадан тақиққа тушган Каримов даврида Султонов соҳанинг куратори эди. Ўзбекистон давлат телеканали ва радиосида бу жадидлар номи ва асарларининг қатағон қилиниши Хайриддин Султонов номи билан боғлиқлигини радионинг қоровулигача билади.

Султоновнинг Тошкентда катта дабдаба билан тақдим қилинган “Ялдо кечаси” романи, ундаги даъво қанчалик катта бўлмасин, зўрма-зўраки, қулоғидан тортилган ўртамиёна, бадиий жиҳатдан саёз асар. Устига, фактологик жиҳатдан хатолар кўп.

Масалан, ёзувчи Усмон Қуръонининг Туркистонга келтиритиши билан боғлиқ эпизоддан “Туркистон диний бошқармаси” деган идора номини ишлатади. Ваҳоланки, бу номдаги расмий, марказлашган идора 1943 йилгача мавжуд бўлган эмас.

Россия империяси даврида Туркистонда алоҳида “диний бошқарма” йўқ эди. Мусулмонлар ишлари, асосан, “Оренбургское магометанское духовное собрание” орқали назорат қилинган.

Туркистоннинг ўзида қозилар, маҳаллий уламолар, қози судлари фаолият юритган, лекин булар марказлашган бошқарма эмас, балки тарқоқ бир тизим эди. Бу муаллифнинг Ўзбекистон ва хориждаги нодир архивларни кўздан кечиргани ҳақидаги даъвосини савол остига олади.

Хўш, Қодирий ҳақида роман ёзиб, шов-шув кўтаришдан мурод не? Фикри ожизимизча, Султонов бундан бирданига бир неча мақсадни кўзлаган бўлиши мумкин. Уларнинг энг асосийси — ёзувчи деган номини оқлаб олиш. Каримов давридаги репрессиялардан тониш. Бунинг учун Қодирийдан ҳам зўр мавзу бўлиши мумкинми?

Аммо албатта, Султонов фақат маънавият билан чекланиб қолмаган. Очиқ реестрдаги маълумотларга кўра, китобни чоп этишдан икки ой олдин, 2025 йилнинг 10 октябрида, афтидан, жияни SULTONOV SARVARBEK SHAMSIDDINOVICH номига XAYBAR-25 нашриётини ҳам таъсис қилдирган. Токи реклама қилинган китобдан келадиган даромад бегона чўнтакларга кетмасин.

Ҳа, Бадриддинович ҳар бир тийиннинг ҳисобини олади. 1998 йилда ўзи туғилиб ўсган Паркентда бюджет ходимлари кинотеатрларда унинг сценарийси асосида суратга олинган бадиий фильмларни кўришга мажбурланаётганини айтиб, Султоновнинг коррупцияга алоқадорлигини текширишни талаб қилган паркентлик прокурор босимлар остида қолган эди.

Энди Султоновнинг ҳайкал остидаги нутқига қайтсак. Нега у жамоатчиликни Зулфия ва Қаҳҳор сингари ўзбек совет адибларини тафтиш қилишдан қайтармоқда?

Гап шундаки, ўтган йили Каримов даврида рўшнолик кўрган яна бир адиб — Хуршид Дўстмуҳаммад “Қаҳр” номли бир қисса ёзиб, унда ўзбек совет прозасининг “виждони” деб билинган Абдулла Қаҳҳор аслида жуда кўп зиёлиларни сотган «Зрелый» лақабли “қулоқ” бўлгани, хотини ҳам ўша машъум идорага ишлагани ҳақида биринчи марта очиқчасига ёзди.

Ёзувчи тармоқда Қаҳҳорнинг мухлислари қаҳрига ҳам учради. Бунгача Қодирийни сотганлар ҳақида фақат Набижон Боқий қайта қуриш йиллари ўзининг “Қатлнома” романида ёзган эди.

Хўш, Султонов Қаҳҳор ҳақидаги ҳақиқатларнинг ошкор этилишидан нега хавотирда? У Қаҳҳор сиймосида ўзини кўраётган ёки Каримов жиноятларига шерик бўлган арбоблар ҳам бир кун келиб шу зайл тафтиш қилинишидан хавотирда бўлиши мумкинми? Мумкин.

Унинг Қаҳҳорни тафтиш қилманг, деган дағдағаси президент Мирзиёевнинг очиқлик сиёсати ва жадидлар мафкурасини юзага чиқариш ҳаракатлари ҳамда ислоҳотлар руҳига қарши.

Шу маънода Хайриддин Султонов номи, тарихий контекстда “Ўткан кунлар”дан кўра, “Меҳробдан чаён” номи билан кўпроқ уйқаш.

Фақат бир пайтлар ўзбекнинг умидбахш ёзувчиси бўлган одамнинг шахсиятидаги икки хилликка гувоҳ бўлиш, бир маънода ҳафсалани пир қилувчи ва ачинарли ҳам. Бу яна Каримов даврига сиёсий баҳо берилиши, Қодирий бобо айтган, “яқин ўтмишдаги қора кунлар” ҳақиқатлари очиқ-ойдин, баралла айтилиши керак, деган қаноатга етаклайди.