Унинг исми жамоатчиликка маълум эмас. У сиёсатчи ҳам, генерал ҳам, миллионлаб доллар айланган компания раҳбари ҳам бўлмаган. У оддий уй хизматчиси – фарзандларини соғиниб яшаган 30 ёшли аёл эди.

Бироқ 2014 йилда Ўзбекистондаги энг катта сиёсий можаролардан бирининг гирдоби уни ҳам ўз домига тортди.

Жамоатчи фаол Нодира Ҳидоятова ўз фейсбук саҳифасида ёзишича, Гулнора Каримова сақланаётган шаҳар ташқарисидаги қароргоҳдан хизматчиларнинг чиқиши тақиқланган. Уларга телефон ишлатиш, яқинлари билан гаплашиш, ҳатто уйига қисқа муддатга бориб келишга ҳам рухсат берилмаган.

Ёш аёлнинг уйида эса уни кутаётган фарзандлари бор эди.

У бир неча бор болаларини кўриш учун рухсат сўраган. Аммо қўриқчилар рад жавобини берган, ҳатто унга жиноий иш ва жазо билан таҳдид қилганлар. Охир-оқибат аёл руҳий босим ва умидсизликка дош беролмаган.

Нодира Ҳидоятованинг келтирилишича, аёл концентрланган сирка кислотасини ичиб, ўз жонига қасд қилган.

Гулнора Каримованинг қизи, ўша пайтда 15 ёшда бўлган Имон Каримова кейинчалик қароргоҳ ҳудудидан аёлнинг жасади замбилда олиб чиқиб кетилганини ўз кўзи билан кўрганини айтган.

Расмий идоралар эса бу ўлим юзасидан жамоатчиликка очиқ текширув ўтказгани ҳақида маълумот бермаган.

Шу тариқа катта сиёсий ўйиннинг энг оғир қурбонларидан бири на Гулнора Каримова, на унинг атрофидаги нуфузли бизнесменлар, балки ҳеч қандай қарор қабул қилмаган, фақат ишлаш учун келган оддий аёл бўлди.

ПЕНТХАУСГА ОСМОНДАН ТУШГАН ҚОРА НИҚОБЛИЛАР

2014 йил февраль ойига келиб, Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг катта қизи Гулнора Каримова атрофидаги ҳалқа тобора торайиб бораётган эди.

Хорижда телекоммуникация компанияларига оид коррупция терговлари бошланган, Европа журналистлари йирик маблағлар ва офшор компаниялар ҳақида материаллар эълон қилаётган, Тошкентда эса Каримованинг бизнес ва сиёсий таъсири босқичма-босқич йўқ қилинаётганди.

Гулнора Каримова отаси билан учрашишга уринаётган, аммо унга йўл очилмаётганини ижтимоий тармоқларда ёзган.

“Мени дадамнинг олдига киритишмаяпти. Унинг атрофида тўлиқ ахборот вакууми яратилган”, деган эди у ўз баёнотларидан бирида.

Президент ҳақиқатан ҳам қизи билан мулоқот қилишни истамаганми ёки унинг атрофидаги амалдорлар етказилаётган ахборотни назорат қилганми – бу саволга аниқ жавобни ҳеч қачон топа олмасак керак энди.

16 февраль куни тонгда яширин зиддият очиқ куч ишлатиш босқичига ўтди.

Гулнора Каримова Тошкентдаги ҳашаматли уйлардан бирининг еттинчи қаватида жойлашган пентхаусда эди. У билан бирга 15 ёшли қизи Имон, эри Рустам Мадумаров, яқин ходимлари ва уй хизматчилари бўлган.

Улар орасида Екатерина Клюева, унинг бир ярим ёшли боласи, онаси ва бувиси ҳам бор эди.

Нодира Ҳидоятованинг ёзишича, операцияга Президент хавфсизлик хизмати раҳбари, генерал-майор Муиджон Тоҳирий шахсан бошчилик қилган. Қора ниқобдаги махсус бўлинма ходимлари бинога оддий эшикдан кирмаган. Улар томдан тушиб, балкон ойналарини синдирган ҳолда пентхаусга бостириб кирганлар.

Хонадон бир зумда қичқириқ, синган ойна товуши ва қуролланган одамлар бақириғига тўлган.

Уйдагилар ерга ётқизилган. Айримларининг бошига сумка ва кийимлар ташланган. Рустам Мадумаров калтакланган, юрак хасталиги бўлган Имон Каримова эса тўшагидан тортиб туширилиб, полга ётқизилган.

Гулнора Каримова тинтув учун суд рухсатини кўрсатишни талаб қилган.

Ҳикояда айтилишича, генерал Тоҳирий унинг юзига тарсаки тортган ва қаршилик қилишда давом этса, хонадондан қурол ёки гиёҳванд модда “топилиши” мумкинлигини айтган.

Телефонлар, компьютерлар, флешкалар ва шахсий ҳужжатлар олиб қўйилган.

Аммо операция пайтида кутилмаган ҳолат юз беради. Қаттиқ қўрқув ва стресс сабаб Имон Каримованинг юраги хуруж қилади. Она ва қиз қўриқчилар назоратида шифохонага олиб борилади.

Клиникадаги саросимадан фойдаланган Гулнора Каримова ва қизи бир муддат қочиб чиқишга муваффақ бўлган. Улар Бодомзор маҳалласидаги танишларининг уйига яширинганлар.

Бироқ бу озодлик бир кечага ҳам бормади.

17 февраль тонгида маҳалла қуролли кучлар томонидан ўраб олинди. Гулнора Каримова ва қизи яна ушланди. Бу сафар ҳам куч ишлатилган.

Она ва қиз шаҳар ташқарисидаги қароргоҳга олиб кетилиб, ташқи дунёдан узиб қўйилди.

Имоннинг сўзларига кўра, дастлабки суткада уларга етарли овқат, сув ва тиббий ёрдам берилмаган.

ҚОНУНДА ЙЎҚ ЖАЗО

Бу воқеадаги энг ғалати ҳолатлардан бири шу эдики, Гулнора Каримовага қўлланган чоранинг ўша вақтда қонуний номи йўқ эди.

2014 йил февралида Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодексида “уй қамоғи” деган эҳтиёт чораси мавжуд эмасди.

Шунга қарамай, Гулнора Каримова ва унинг вояга етмаган қизи олти ойдан ортиқ вақт давомида ташқи дунёдан ажратилган ҳолда сақланган. Уларнинг мақоми нималиги, қайси суд қарори асосида ҳаракатланиш ҳуқуқи чеклангани ва бу чорага ким санкция бергани жамоатчиликка тушунтирилмаган.

Улар қамоқда эмасдек эди. Аммо озод ҳам эмасди.

Гўё инсон ҳуқуқий майдондан ўчириб ташланган, унинг атрофидаги эшиклар эса қонун билан эмас, қуролли қўриқчилар билан ёпилганди.

Фақат 2014 йил сентябрига келиб парламент Жиноят-процессуал кодексига 242-1-моддани киритиб, “уй қамоғи” тушунчасини қонунийлаштирди.

Амалда эса жазо аввал қўлланган, қонун кейин пайдо бўлган эди.

Бу ўзгартиш Гулнора Каримова учун махсус киритилгани расман айтилмаган. Аммо воқеалар кетма-кетлиги тизим аввал қарор қабул қилиб, кейин унинг ҳуқуқий асосини яратишга урингани ҳақидаги саволларни кучайтирди.

ОШХОНАДА ЎТГАН СУД

2015 йил 21 август куни Гулнора Каримова устидан суд бўлиб ўтди.

Аммо бу жараён суд биносида, жамоатчилик ва журналистлар иштирокида ўтказилмади.

Манбада келтирилишича, Тошкент вилояти жиноят ишлари бўйича судининг сайёр ҳайъати мажлисни Гулнора Каримова сақланаётган уйнинг ошхонасида ўтказган. Шу сабаб бу жараён кейинчалик “ошхона суди” номи билан тилга олина бошлади.

Каримова мустақил адвокат билан ёлғиз суҳбатлашиш имконига эга бўлмагани айтилди. Жараён ёпиқ ўтди. Жамоатчилик на айблов далилларини, на ҳимоя томонининг эътирозларини эшита олди.

Суд уни йирик миқдордаги талон-торож, солиқ тўлашдан бўйин товлаш, товламачилик ва жиноий даромадларни легаллаштиришда айбдор деб топиб, Гулнора Каримовани беш йиллик озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилди.

Шундай қилиб, аввал қонундан ташқари бошланган изоляция кейинчалик суд ҳукми билан расмийлаштирилди.

БИР ОДАМ ЭМАС, БУТУН ТИЗИМ ҚУЛАДИ

Гулнора Каримованинг таъсири фақат унинг шахсий нуфузига боғлиқ эмасди. Унинг атрофида компаниялар, офшор тузилмалар, медиалойиҳалар, мода бизнеси ва телекоммуникация соҳасидаги раҳбарлардан иборат катта тармоқ шаклланган эди.

Каримова қулаши билан бу тармоқ ҳам бирин-кетин парчаланди.

Унинг эри, Dado гуруҳининг собиқ хонандаси Рустам Мадумаров 2014 йил май ойида ҳарбий суд томонидан 10 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Кейинчалик жазо муддати қисқартирилгани айтилди.

Каримованинг энг ишончли шахсларидан бири ҳисобланган Гаяне Авакян ҳам тўққиз йиллик қамоқ жазосини олди. У Takilant Ltd компаниясининг номинал раҳбари бўлиб, хорижий телекоммуникация компанияларидан келган йирик маблағлар билан боғлиқ ишларда асосий шахслардан бири сифатида тилга олинган.

Екатерина Клюева пентхаусга бостириб кириш пайтида ёш боласи билан бирга ушланган. Кейин у ҳам уй қамоғида сақлангани айтилади.

“Ўздунробита”нинг собиқ раҳбари Бекзод Аҳмедов Россияга чиқиб кетишга улгурган ва халқаро қидирувга берилган.

Офшор компаниялар билан ишлаган Алишер Эргашев ва Шаҳрух Собиров эса узоқ муддатли қамоқ жазоларига ҳукм қилинган. Уларнинг кўрсатмалари кейинчалик Каримовага қарши тергов материалларининг муҳим қисмига айлангани қайд этилади.

Аммо жазо фақат йирик раҳбарларни четлаб ўтди.

Қўриқчилар, котибалар, офис ходимлари, ўрта бўғин менежерлари ва техник хизматчилар ҳам сўроқ қилинган, уларнинг уйларида тинтув ўтказилган. Каримова билан алоқа қилиши мумкин бўлган деярли барча йўллар ёпилган.

Тизим бир инсонни эмас, унинг атрофидаги бутун муҳитни йўқ қилишга киришганди.

БУЙРУҚНИ БАЖАРГАН ГЕНЕРАЛНИНГ ЎЗИ ҲАМ ҚУТУЛМАДИ

Муиджон Тоҳирий ўша даврда Ўзбекистондаги энг ёпиқ ва таъсирли куч тузилмалари вакилларидан бири эди.

У Миллий хавфсизлик хизмати тизимида ишлаган, Фарғона водийси ва Самарқанд каби муҳим ҳудудларда раҳбарлик қилган. 2006 йилда МХХ раиси Рустам Иноятовнинг ўринбосари бўлган, 2013 йилда эса Президент хавфсизлик хизмати бошлиғи лавозимига кўтарилган.

2014 йилги операция унинг ҳокимиятга садоқатини намоён этувчи синов бўлгани ҳақида қарашлар мавжуд.

Аммо Ислом Каримов вафотидан кейин куч тузилмаларидаги мувозанат ўзгарди.

2016 йил 20 декабрь куни Тоҳирий Президент хавфсизлик хизмати раҳбарлигидан олиниб, Давлат божхона қўмитаси раиси этиб тайинланди. У бу лавозимда 13 ой ишлади.

2018 йил февралида эса ишдан бўшатилди.

Орадан ўн ой ўтиб, 2018 йил декабрида Давлат хавфсизлик хизматининг тергов бошқармаси унинг ўзини ҳибсга олди. Собиқ генералга ўзлаштириш ёки растрата, мансабга совуққонлик билан қараш ва мансаб сохтакорлиги билан боғлиқ моддалар бўйича айблов қўйилди.

2019 йил 16 май куни Тошкент вилояти жиноят ишлари бўйича суди ёпиқ мажлисда Тоҳирийни уч йилу олти ойга озодликдан маҳрум қилди. Унга жарима солиниб, раҳбарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқи ҳам чекланди.

Бир вақтлар бошқаларнинг эшигини қора ниқобли ходимлар билан бузиб кирган генералнинг ўзи ҳам охир-оқибат қамалди.

Тизим унга садоқат билан хизмат қилганларни ҳам абадий ҳимоя қилмаслигини яна бир бор кўрсатди.

ГУЛНОРА КАРИМОВА ҚАЧОН ОЗОДЛИККА ЧИҚАДИ?

2020 йилдаги ҳукмга кўра, Гулнора Каримова 13 йилу тўрт ойга озодликдан маҳрум қилинган. Жазо муддати 2015 йил августидан ҳисоблангани сабаб, очиқ маълумотлар асосида унинг жазоси 2028 йил охирларида тугайди.

Бироқ бундай ишларда календардаги сана ҳар доим ҳам ҳал қилувчи бўлавермайди.

Гулнора Каримовага боғлиқ хорижий активлар, Швейцарияда музлатилган маблағларни Ўзбекистонга қайтариш жараёни, халқаро ҳуқуқий келишувлар ва мамлакат ичидаги сиёсий ҳисоб-китоблар ҳали ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Шу сабаб унинг озодликка чиқиши фақат жазо муддатининг тугашига эмас, балки тизим уни энди хавф деб ҳисоблайдими-йўқми – шу саволга ҳам боғлиқ бўлиши мумкин.

Аммо бу кўп йиллик воқеада бир нарса аллақачон аниқ.

Гулнора Каримова можароси фақат бир президент қизининг қулаши ҳақидаги ҳикоя эмас. Бу қонун аввал четга сурилиб, кейин қайта ёзилгани, ёпиқ эшиклар ортида судлар ўтказилгани ва сиёсий курашга алоқаси бўлмаган оддий одамлар ҳам жазолангани ҳақидаги ҳикоядир.

Бу ҳикояда генерал ҳам маҳкумга айланди. Миллионерлар ҳам барча нарсасини йўқотди. Қудратли оила ҳам парчаланди.

Аммо унинг энг оғир нуқтаси барибир шаҳар ташқарисидаги қаср деворлари ортида қолди.

Фарзандларини кўришни истаган, аммо ташқарига чиқарилмаган 30 ёшли аёлнинг исми ҳали ҳам номаълум.

Катта сиёсий ўйин иштирокчилари ҳақида юзлаб саҳифа суд ҳужжатлари ёзилди. Миллионлаб долларлар ҳисобланди. Генераллар ва амалдорларнинг тақдири муҳокама қилинди.

Лекин ўша аёл ҳақида деярли ҳеч нарса ёзилмади.

Эҳтимол, бу воқеанинг энг даҳшатли ҳақиқати ҳам шудир. Ҳокимият учун кураш бошланганда, тарих кўпинча машҳур одамларнинг исмини сақлаб қолади, оддий қурбонлар эса ном нишонсиз йўқолади.