АҚШда Green Card (доимий яшаш ҳуқуқи) олиш тартиби янада қатъийлашиши мумкин. Маълум бўлишича, АҚШ Давлат департаменти айрим Green Card аризачиларидан 100 минг долларлик гаров (bond)талаб қилиш таклифини муҳокама қилмоқда. Ҳозирча бу қарор қабул қилинмаган ва расман кучга кирмаган. Бироқ АҚШ да қарорлар шунчаки айтилмайди.

Энг муҳим жиҳати шундаки, бу 100 минг долларлик тўлов эмас.Бу — гаров пули. Агар таклиф қабул қилинса, белгиланган тоифадаги аризачи ёки унинг қариндоши ушбу маблағни давлатга вақтинча қўяди. Режага кўра, аризачи кейинчалик АҚШ фуқаролигини олса, маблағ қайтарилиши мумкин.

Англашилинишича, талаб барча Green Card олувчиларга эмас,балки АҚШнинг хориждаги элчихоналари ва консулликлари орқали доимий яшаш визасига мурожаат қилаётган айрим шахсларга нисбатан қўлланиши мумкин. Қайси давлатлар ёки қайси тоифа фуқаролари қамраб олиниши ҳозирча аниқ эмас. Дастлаб бу пилот лойиҳа сифатида чекланган давлатларда синаб кўрилиши мумкин.

АҚШ маъмурияти бу орқали бир нечта мақсадни кўзламоқда:


мамлакатга келаётган муҳожирлар давлат ижтимоий ёрдамларига муҳтож бўлмаслигини таъминлаш;
янги келувчиларнинг молиявий имкониятларини текшириш;
иммиграция тизими устидан назоратни кучайтириш;
давлат бюджетига тушадиган ижтимоий харажатларни қисқартириш.

Бу ёндашув АҚШнинг сўнгги йилларда қонуний иммиграцияга нисбатан ҳам қаттиқроқ талаблар қўяётган сиёсатининг давоми сифатида баҳоланмоқда.

Мексика орқали ноқонуний киришлар камаядими?


Мазкур таклиф қонуний Green Card аризачиларига тегишли. Мексика чегараси орқали ноқонуний киришга уринувчилар бу тартибдан фойдаланмайди.

Бироқ билвосита таъсири бўлиши мумкин. Агар қонуний иммиграция ҳам қимматлашса ва талаблар кучайтирилса, баъзи одамлар АҚШга кўчиш режаларини қайта кўриб чиқиши мумкин. Шу билан бирга, айрим таҳлилчилар аксинча, қонуний йўл қийинлашса, айримлар ноқонуний йўлларни танлаш хавфи ҳам ортиши мумкинлигини таъкидламоқда. Шу сабабли бу масала бўйича ягона фикр йўқ.

АҚШ бюджетига тушадиган ижтимоий юк камайиши мумкин. Молиявий жиҳатдан мустақил муҳожирлар сони ортиши эҳтимол. Иммиграция тизимида давлат учун молиявий хавфлар камаяди. Давлат фикрича, тизим суиистеъмол қилиниши эҳтимоли пасаяди.

100 минг доллар жуда катта маблағ бўлгани учун кўплаб оилалар учун Green Card деярли имконсиз бўлиб қолиши мумкин. Даромади юқори бўлганлар устунликка эга бўлади. Оила бирлашуви дастурлари қийинлашиши мумкин.
Танқидчилар буни “пул тўлай олганлар учун иммиграция” тизимига айланиши мумкин, деб баҳоламоқда.

Ўзбекистонликларга қандай таъсир қанда бўлиши ҳақида аниқ бир нарса дейиш қийин. Чунки қайси давлатлар ёки қайси тоифадаги аризачилар ушбу тартибга тушиши ҳали эълон қилинмаган. Агар келажакда бу қоида кенгайтирилса, АҚШга элчихона орқали Green Card олиш учун мурожаат қилаётган ўзбекистонликларга ҳам таъсир қилиши мумкин.

Агар ушбу таклиф амалга оширилса, АҚШнинг қонуний иммиграция сиёсатидаги энг кескин ўзгаришлардан бири бўлиши мумкин. Бу, биринчи навбатда, молиявий имконияти чекланган Green Card аризачилари учун жиддий тўсиқ яратади. Шу билан бирга, АҚШ маъмурияти бу чорани иммиграция тизимини тартибга солиш ва давлат харажатларини камайтириш воситаси сифатида кўрмоқда.