ЖИЛОВЛАНМАГАН МАДДОҲЛИК
Журналист Паҳлавон Содиқ СССР қурултойида Горбачёв маддоҳликни очиқ рад этган рамзий воқеани эслаб, жамиятда раҳбарни муттасил мақташдан чарчаш қандай ўзгаришлар даврини бошлаганини ва бугунги Ўзбекистон учун қандай сабоқлар борини таҳлил қилади.
(Журналист Паҳлавон Содиқ)
Бу жиловланмаган маддоҳликни фақат мадҳ қилинаётган одам тўхтата олади.
Тарихдан сабоқ: 1986 йил 28 февраль куни бўлиб ўтган КПССнинг XXVII қурултойида сўзга чиққан Грузия Компартиясининг собиқ раҳбари Эдуард Шеварднадзе, гувоҳларнинг эслашича, гуржи одатларига берилиб кетибми ёки Брежнев даврини қўмсабми, партия бош котиби Михаил Горбачёвни мақтовларга кўмиб ташлайди.
Залда ноқулай сукут чўкади.
Бу Горбачев бироз аввал қилган дастурий нутқ ва умуман, у бошлаган қайта қуриш руҳига мутлақо ёт, элитага ҳам, жамоатчиликка ҳам нотўғри мужда бераётган эди.
Аммо вазиятга шахсан бош котибнинг ўзи аралашади.
Кейинчалик ёзган хотираларига кўра, Горбачев делегатлардан «патетикани пасайтириш»ни ва «Михаил Сергеевич номини ҳар гапда тилга олаверишни бас қилиш”ни сўрайди.
Залда бирданига кулги кўтарилади ва делегатлар бош котибни узоқ қарсак чалиб олқишлайдилар.
Собиқ иттифоқ раҳбарларидан Болдиннинг кейинроқ хотирлашича, агар Горбачёв бу мақтовларга жим қараб турганида, делегатлар мамлакатда фақат раҳбарлар алмашганини, аммо бошқарув услуби ўзгармаганини англаган бўлар эдилар.
Горбачёв бу ҳолатни жамият кайфиятининг ифодаси сифатида баҳолайди. Унинг фикрича, мазкур воқеа одамларнинг раҳбарларни муттасил мадҳ этишдан чарчагани ва янги сиёсий муҳитга эҳтиёж пайдо бўлганини кўрсатган эди.
Шундан кейин қурултойдаги муҳокамалар анча мазмунли тус олган. Бу эса Совет Иттифоқида кейинчалик «қайта қуриш» ва «ошкоралик» сиёсати билан боғланадиган ўзгаришлар даври бошланаётганининг дастлабки белгиларидан бири сифатида тарихга кирган.
Гарчи қурултой стенограммасидан бу воқеа олиб ташланган бўлса-да, унинг овозаси кенг тарқалган ва шундан кейин Горбачёвга хушомад қиладиганлар анча камайган.
Агар Горбачев ўзининг узоқ йиллик қадрдони бўлган Шеварднадзенинг маддоҳлигини жавобсиз қолдирганида ёки уни қабул қилганида, эҳтимол, советлар тарихи бутунлай бошқа ўзанда кетган ва яна эҳтимолки, Шеварднадзе ҳамда Каримов сингари парткотиблар кейинчалик мустақил давлатлар президентларига айланмаган бўлар эди.
Бу нафақат бир эпизод, балки бутун бир даврнинг тугай бошлаганини англатувчи рамзий воқеа эди.
Ўзбекистонда ҳам фақат давлат рамзларини ўзгартириш эмас, балки Каримов даври тугаганини кўрсатувчи рамзий қадамларга эҳтиёж бор.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг