(Элтузарга келган мактуб)
 
Элтузарга ғалла етиштириш билан шуғулланаётган фермердан харажатлар бандма-банд ҳисобланган мактуб келди. Муаллифнинг ҳисоб-китобига кўра, 20 гектар майдондан олинган 100 тонна ғалла қоғозда 280 миллион сўмлик ҳосил бўлиб кўринса-да, барча харажат ва ушланмалардан кейин фермер қўлида атиги 74 миллион сўм қолар экан.


Мактуб муаллифининг ёзишича, ғалла етиштиришдаги харажат ҳосилни йиғиб олишдан анча олдин бошланади ва дон қабул пунктига топширилгандан кейин ҳам тугамайди.
Фермернинг ҳисоб-китобига кўра, комбайн хизмати ҳар гектар учун 1-1,5 миллион сўм туради. 100 тонна ҳосил олиш учун ўртача 20 гектар майдонда ғалла ўрилса, комбайннинг ўзига қарийб 26 миллион сўм сарфланади.
Донни дала майдонидан қабул пункти ёки сақлаш базасига етказиш хизмати бир тонна учун 100-200 минг сўмни ташкил қилар экан. 100 тонна ғаллани ташишга ўртача 15 миллион сўм кетиши айтилмоқда.
Мактубда яна бир қизиқ “анъана” ҳам тилга олинган:
“Буларга яна қўй сўйиб, иссиқ овқат қилиб беришим шарт эмиш”.
Яъни фермер комбайн хизмати учун пул тўлаш билан чекланмай, ишчиларга алоҳида дастурхон ёзиши ҳам керак бўлар экан.

Ўғит, дори ва уруғнинг ўзи қанча туради?

Муаллифнинг ёзишича, ҳар гектар ерга икки мартадан 250-300 килограмм карбамид ва селитра берилиши керак.
Унинг таъкидлашича, минерал ўғитлар қопи айрим ҳолларда 250-300 минг сўмдан сотиб олинмоқда. Натижада баҳорги ўғитлаш харажатининг ўзи 25 миллиондан 50 миллион сўмгача етади.
Ҳар хил ҳашаротлар ва ўсимлик касалликларига қарши гектарига 500 минг сўмлик кимёвий суспензия икки марта сепилса, бунинг учун яна 10-20 миллион сўм сарфланади.
Кузги экиш пайтида ҳар гектарга 200 килограммдан аммофос берилиши, унинг умумий харажати 32 миллион сўмни ташкил қилиши айтилган.
Бундан ташқари, ҳар гектар учун 200 килограммдан уруғлик ғалла керак. Муаллиф уруғ нархини килограммига 8-10 минг сўмдан ҳисоблаб, 20 гектар учун яна 36 миллион сўм харажат қилганини ёзади.
Фермернинг ҳисобича, шу босқичга келиб умумий харажат 179 миллион сўмга етган.
Муҳими, бу ҳисобга дизель ёқилғиси, трактор хизмати ва айрим бошқа майда-чуйда сарфлар киритилмаган.

280 миллион сўм қаерга кетади?

100 тонна ғалла килограмми 2800 сўмдан қабул қилинса, фермер 280 миллион сўм олиши керак.
Аммо мактуб муаллифининг айтишича, дон қабул қилинганидан кейин ҳам турли харажатлар пайдо бўлади.
Унинг ёзишича, ғаллани сақлаш, қўриқлаш, суғурталаш ва яна қайта ташиш каби хизматлар учун турли важлар билан 20-25 фоизгача ушлаб қолинади.
“Сақлаш учун берилган донни нега яна ташиш керак?” – дея савол қўяди фермер.
Муаллифнинг ҳисоб-китобига кўра, барча харажат ва ушланмалар жами 188 миллион сўмга етади. Натижада 280 миллион сўмлик ҳосилдан 92 миллион сўм қолади.
Лекин бу ҳали якуний ҳисоб эмас.

Сув ва солиқдан кейин – 74 миллион

Мактубда ҳар гектар ер учун сув ва солиқ тўловлари 700 минг сўмдан 1 миллион сўмгача экани айтилган.
20 гектар учун бу яна тахминан 18 миллион сўм қўшимча харажат дегани.
Шундан кейин фермернинг қўлида 74 миллион сўм қолар экан.
Ғалла экишдан ҳосилни топширишгача бўлган жараённи саккиз ой деб ҳисобласак, бу ойига қарийб 9 миллион сўмдан тўғри келади.
Бу маблағдан ишчиларнинг ойлиги, кутилмаган харажатлар, техника таъмири ва фермер хўжалигининг бошқа эҳтиёжлари ҳам қопланиши керак.
Хуллас, қоғозда 280 миллион сўмлик кўринган ҳосил фермернинг чўнтагига етгунча анча “озиб” қолар экан.
Фермер ерни ҳайдайди, уруғ сепади, ўғит беради, сув топади, касалликка қарши курашади, ҳосилни йиғади ва топширади.

Хуллас, ғалладан фермер даромад кўряптими ёки фақат харажатларни қоплаш учун ишлаяптими?

Таҳририятдан

Ушбу рақамлар Элтузарга юборилган мактуб ва ёзишмалар асосида келтирилди. Таҳририят ҳозирча уларни мустақил равишда тасдиқлагани йўқ.
Ҳисоб-китобдаги айрим умумий рақамлар ўртасида фарқлар ҳам мавжуд. Хусусан, 20-25 фоизлик ушланма пулданми ёки дон ҳажмиданми – аниқ кўрсатилмаган.
Элтузар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, дон қабул қилувчи корхоналар ва бошқа мутасадди ташкилотларнинг ушбу ҳисоб-китоб бўйича асосланган изоҳини эълон қилишга тайёр.