Ўзбекистонда ҳам Григорий тақвими бўйича XXI аср. Рақамлаштириш, сунъий интеллект, электрон ҳукумат, очиқлик ва шаффофлик ҳақида чиройли нутқлар янграяпти. Баъзи илғор раҳбарлар ижтимоий тармоқда фото-видео ҳисоботбозлик билан шуғулланяпти. Уларнинг дарди кўтарилиш ёки курсини сақлаб қолиш. Майли бу пиарчилар ҳақида кейинроқ ёзамиз.

Ҳозир гап умуман бошқа «сўрт» ҳокимлар тўғрисида бўлади. Аксаричт туманларга борсангиз, тарих дарслигидаги ўрта асрлар ҳали тугамагандек. Фақат битта фарқи бор: илгари феодаллар отда юрган, ҳозир ҳоким хизмат машинасида юради.

Қонун саводсиз ҳокимнинг тасаввурида туман – шахсий мулк, ер – отадан қолган мерос, фермер – хирож тўловчи деҳқон, ҳоким ёрдамчиси эса исталган пайтда жазолаш мумкин бўлган хизматкор.

Конституция, Меҳнат кодекси, қонун деган тушунчалар борлигини эшитган, албатта. Лекин уларни ўқишга вақт қаерда? Ахир кимни ишдан бўшатиш, кимга ҳайфсан бериш, кимни эрталаб соат олтида йиғилишга чақириш каби «давлат аҳамиятидаги» ишлар турибди. Блокнот очиб соатлаб марказ селекторида қатнашиш керак.

Бу тўраларнинг бошқарув фалсафаси ҳам ниҳоятда содда: «Мен айтдимми, бажарасан!» Нега бажариш керак, қонуний асоси нима, давлат манфаати қаерда — булар ортиқча саволлар. Савол берган ходим дарҳол «интизомсиз» тоифасига ўтади.

Бундай раҳбарлар ўзларини жуда талабчан, қаттиққўл ва ишчан деб ҳисоблашади. Аслида эса бақиришни бошқарув, қўрқитишни интизом, ишдан бўшатишни ислоҳот деб тушунишади. Уларнинг назарида яхши ходим – билимли, ташаббускор ва ҳалол ходим эмас, раҳбарнинг қош-қовоғига қараб иш тутадиган одам.

Ҳокимнинг саводсизлиги қонунни билмаслиги, инсон қадрини тушунмаслиги, давлат лавозими билан шахсий ҳокимият ўртасидаги фарқни англамаслигида. Дипломи бор, лавозими бор, хизмат машинаси бор. Фақат замонавий раҳбарга хос тафаккур етишмайди. Диктаторлар, ҳарбий маршаллар, китобдаги мафиоз Асадбек, турк конспирологик сериалидаги Пўлат деб ўйлашади ўзларини.

Бунақа раҳбарлар учун «маҳаллабай ишлаш» дегани уйма-уй юриб тозалик текширишни англатади. «Халқ билан мулоқот» ҳоким эшитадиган жараён эмас, ҳоким гапирадиган, қолганлар бош эгиб турадиган маросимга айланади.

Қизиғи, шу феодалча тафаккур эгалари юқори минбарларда демократия, адолат, инсон қадри ҳақида шундай чиройли гапиришадики, эшитиб кўзингизга ёш келади. Аммо кабинетга қайтиши билан демократия хизмат машинасининг орқа ўриндиғида қолади.

Бугун мамлакатга халқ олдида масъулиятини ҳис қиладиган раҳбарлар керак. Ҳокимлик – хонлик эмас. Ҳоким ёрдамчиси – қул эмас. Фермер – кимнингдир кўнглини олишга мажбур бўлган қарам деҳқон эмас. Шу чаласавод, думбул ҳокимларга Меҳнат кодексини бир марта ўқитиб, Конституцияни тушунтиришнинг ўзи ҳам катта тарихий тараққиёт бўларди. Лекин қонунни уқиш учун аввал ўзингни қонундан устун эмаслигингни тан олишинг керак. Муаммо ҳам шунда.