Элтузарга Фарғона вилоятидаги бошқарув, пахта терими, матбуот хизмати фаолияти ва айрим харажатларга доир танқидий мактуб келиб тушди. Унда вилоят раҳбарияти ва бошқа мансабдорлар ҳақида иддаолар билдирилган. Мактубдаги даъволар мустақил равишда тасдиқланган маълумот сифатида тақдим этилмаяпти. Қуйида муаллифнинг фикрлари мазмуни ва оҳанги сақланган ҳолда, имло ҳамда услубий таҳрир билан берилмоқда.

Фарғона вилоятида ажойиб ишлар бўлмоқда. Вилоят ҳокими жазавада, бу эса бутун вилоятга таъсир ўтказмоқда. Айниқса, пахта терими жараёни кутилганидек бўлмаганидан вилоят ҳокими норози. Ҳокимлар ва ходимларга нима деса, деяпти.

Бошқа томондан эса вилоят ҳокимининг матбуот котиби ҳам вазиятдан фойдаланиб қолиш пайида. Эсингизда бўлса, Фарғонадаги форумда маҳаллий журналистларга тушлик берилмагани ҳақида ёзган эдик. Шундан кейин вилоят ҳокимининг матбуот котиби М. Сулаймонов ўзининг устози, узоқ йиллик қадрдони бўлган Журналистлар уюшмаси Фарғона вилояти бўлими раҳбари М. Обидов билан тортишиб қолган.

Негаки, ўша мақоладан кейин вилоят ҳокими М. Сулаймоновни қаттиқ койиган. Фарғонада ўтган тадбир ташкилотчиларидан бири Сулаймонов бўлишига қарамай, бор айбни устозига ағдарган. М. Обидовни вилоят ҳокимига ёмонлаган. Бундан ташқари, ўзи ҳам Обидов билан орани очиқ қилишга қарор қилган. Айни дамда М. Обидов ҳам шогирдининг бу ишларидан ранжиган. Хуллас, бу ёғи яккаҳокимлик учун кураш бошланди. М. Сулаймонов тахтга ўзи чиқмоқчи.

Айтганча, айрим журналистлар ва ижтимоий тармоқ фаоллари айтганидек, коррупционер ҳокимлардан бири бўлган Хайрулло Бозоров Фарғонани инқирозга тиқишда давом этмоқда. Унинг Намангандан олиб келган ишонганлари соққа қилиш билан банд. Хусусан, қишлоқ хўжалиги бўйича маслаҳатчиси чигит бизнесидан яхшигина даромад қилди. Натижаси эса аён: бутун вилоят азият чекмоқда. Ҳосил ҳам илгаригидек эмас. Энг қизиғи, асли Наманган вилоятидан бўлган ҳоким «Наманган-77» номли чигитдан воз кечишга мажбур қилди. Буни ҳақиқий ватанпарварлик деса бўлади.

Бундан ташқари, яқинда «Нефтчи» футбол клуби билан Саудия Арабистонига бутун оиласини олиб борди. Бу сафар қайси пуллар эвазига бўлди? Ҳисобот сўрайдигани йўқ. Чунки Бозоров ҳеч кимни менсимайди, ҳеч кимга ҳисобот бермайди.

«Нефтчи»нинг Саудия Арабистонига қилган ўша сафари учун вилоят ҳокими ўз оиласи ва делегациясидан ташқари, яна юз нафардан ортиқ мухлиснинг Саудия Арабистонига бориб-келиши ва у ерда бир-икки кун туриши учун ҳар бирига 1 500 доллардан маблағ ажратиб берди. Лекин натижа нима бўлди? Жамоа мағлубиятга учради ва пуллар ҳавога совурилди.

Делегациянинг ташрифи ҳам худди сохтадек кўринмоқда. Матбуот хизмати ушбу жараённи ёритишни ҳам «қойиллатган». Битта хонада бир нечта музокара ўтказилган, музокарачилардан фақат ўртадаги бир шахс ўзгариб турган, холос. Матбуот котибининг «маҳорати»га қойил. Ўзи ҳам ҳар бир расмда чиқишга ҳаракат қилган. «Мен ҳам бордим», деганидек.

Айтганча, вилоят ҳокимини алдаб келаётган ва «хорижий манбаларга ишонманг», деб юрган матбуот котиби ҳам 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан яхшигина маблағни ўзлаштирган. Сулаймонов ҳаммага мазкур байрам учун 40 миллион сўм ажратилганини айтиб келарди. Вилоят ҳокимининг 2026 йил 28 июлдаги фармойишида эса Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан 24 июнь куни «Афросиёб» тантаналар саройида ташкил этилган тадбир учун 235,5 миллион сўм ажратилгани кўрсатилган.

Битта байрам шунчага тушдими? 200 нафарга яқин журналистнинг ҳар бири 1 миллион сўмдан ортиқ нарса истеъмол қилдими? Ёки сомсалар нархи қимматми? Бу ёғи М. Сулаймоновнинг виждонига ҳавола.

Яна Бозоров масаласига келсак, тўғри, сиз «Рассом.туз», «Элтузар», «Озодлик» каби нашрларга ишонмассиз. Бу ёзганларимизни ҳам писанд қилмассиз, лекин бир текшириб кўрсангиз, ёмон бўлмасди.

Кўчадаги узунқулоқ гапларга қараганда, сиз Саудияга футболга қизиқмайдиган ва фойдасиз ходимларга пул сарфлаб юрганингизда, айрим туман ҳокимлари — кимлигини ўзингиз билиб оларсиз — хорижий сафарга ҳокимият автомашинаси таъмири учун ажратилган пулни олиб, хотинининг чиптасига сарфлаб кетибди.

Ўзи, ҳокимият тизимидаги автомашиналарга ажратилган пулларни ҳам назоратга олсангиз, яхши бўларди. Биз сизга душман эмасмиз, дўстона айтяпмиз. Дўст эса ачитиб гапиради. Фарғонада тинчлик бўлсин.

Таҳририят изоҳи: Мактубдаги фикрлар, баҳолар ва айбловлар муаллифга тегишли бўлиб, Элтузар таҳририятининг нуқтаи назарини ифодаламайди. Уларнинг нашр этилиши таҳририят мазкур иддаоларни тасдиқлаганини англатмайди. Мактубда номи тилга олинган шахслар ва ташкилотларнинг муносабатини ҳам эълон қилишга тайёрмиз.