ЭСКРОУ ТИЗИМИ УЛУШЛИ ҚУРИЛИШДА НИМАНИ ЎЗГАРТИРАДИ?
Улушли қурилишда эскроу ҳисобварағидан фойдаланиш жорий этилмоқда: эндиликда фуқаролар тўлаган пуллар қурилиш якунланиб, уй фойдаланишга топширилгунча банкда сақланади. Янги тартиб маблағ хавфини камайтириб, қурилиш бозорида шаффофликни оширишга қаратилган.
Улушли қурилишда фуқаролар маблағини ҳимоя қилишга қаратилган янги тартиб жорий этилмоқда. Қонун лойиҳасига кўра, энди уй-жой қурилишига пул киритаётган фуқаронинг маблағи тўғридан-тўғри қурувчининг ихтиёрига ўтиб кетмайди. Пул банкдаги махсус эскроу ҳисобварағида сақланади. Қурилиш белгиланган талаблар асосида якунланиб, объект фойдаланишга топширилганидан кейингина маблағ қурувчига ўтказилади. Яъни фуқаро учун асосий ўзгариш — «пулни бердим, энди қурувчи хоҳлаганича ишлатади» тамойилидан маблағни назорат остида сақлаш тизимига ўтишдир.
Аввал қандай эди? Улушли қурилиш муносабатлари ягона қонун билан комплекс тартибга солинмагани сабабли айрим ҳолатларда фуқаролар маблағни қурувчига тўлаб, кейин объектнинг битиши ва хонадоннинг ўз вақтида топширилишини кутишга мажбур бўлган. Қурилишда молиявий муаммо пайдо бўлса, иш тўхтаб қолиши, муддатлар чўзилиши ёки фуқаро ўз маблағини қайтариш учун узоқ вақт ҳуқуқий жараёнларда юришига тўғри келиши мумкин эди. Янги механизмнинг муҳим фарқи шундаки, қурувчи аҳолидан маблағ жалб қилишдан олдин қонун талабларига жавоб бериши, Ягона ахборот тизимида рўйхатдан ўтиши, ваколатли банк билан бош битим тузиши ва лойиҳа декларациясини эълон қилиши керак бўлади.
Эскроунинг энг катта афзаллиги — фуқаро пулининг мақоми ўзгаради. Масалан, фуқаро янги қурилаётган уйдан хонадон олиш учун 300 миллион сўм тўлади, деб тасаввур қилайлик. Илгариги амалиётда бу маблағ қурувчига ўтиб, қурилишни молиялаштиришга сарфланиши мумкин эди. Янги тизимда эса маблағ банкда сақланади ва қурувчига объект белгиланган талаблар асосида қурилиб, фойдаланишга топширилганидан кейин ўтказилади. Шунингдек, шартномани нотариал тасдиқлаш ва давлат рўйхатидан ўтказиш мажбурий бўлиши бир хонадонни бир нечта шахсга сотиш ёки сохта шартномалар билан боғлиқ хавфларни камайтиришга хизмат қилади.
Янги тартибнинг яна бир муҳим жиҳати фуқаро қурувчини танлашда кўпроқ маълумотга эга бўлади. Қурувчи компания, қурилиш объекти ва лойиҳа ҳақидаги маълумотлар Ягона ахборот тизимида жойлаштирилиши белгиланмоқда. Демак, хонадон сотиб олишдан олдин фуқаро қурувчининг талабларга мослиги ва лойиҳанинг ҳолати ҳақида маълумот олиш имкониятига эга бўлади. Агар қурувчи қонун талабларини бузган ҳолда маблағ жалб қилса, улушдор пулни қайтаришни ва маблағдан фойдаланилган давр учун фоиз тўланишини талаб қилиши мумкин. Шу жиҳатдан эскроу тизими оддий «янги ҳисоб рақами» эмас у қурувчи ва харидор ўртасидаги молиявий хавфни қайта тақсимлайдиган ҳимоя механизми ҳисобланади. Бироқ бу тизим уй нархи албатта арзонлашади ёки ҳар қандай қурилиш муаммоси бутунлай йўқолади дегани эмас. Асосий мақсад бунда фуқаронинг катта миқдордаги маблағини қурувчининг молиявий таваккалига тўлиқ боғлаб қўймаслик ва қурилиш бозорида шаффофликни ошириш, дея изоҳланмоқда.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг