АҚШ Эрон портларига нисбатан денгиз блокадасини қайта жорий этганидан сўнг мамлакатнинг соҳил мудофаа тизимлари ва ракета объектларига янги зарбалар берди. Теҳрон эса минтақадан энергия ресурслари экспортини янада чеклаш билан таҳдид қилиб, Америка билан “ҳаёт-мамот жанги”ни олиб бораётганини билдирди.

Reuters хабарига кўра, АҚШ Марказий қўмондонлиги чоршанба куни Эроннинг Катта Тунб оролидаги соҳил мудофаа тизимлари, қанотли ракеталар сақланадиган омборлар ва уларни учириш майдончаларига ҳужум қилган.

Биринчи зарбалар АҚШ шарқий вақти билан соат 06:00 да (Тошкент вақти билан 14:00 да) бошланган. Қўмондонлик операциянинг дастлабки босқичи тахминан 90 дақиқа давом этганини маълум қилди. Орадан тўққиз соат ўтиб, иккинчи зарбалар тўлқини амалга оширилгани хабар қилинди.

“Зарбалар Ҳурмуз бўғозидан эркин ўтаётган кемаларга таҳдид солиш учун ишлатилган Эрон ҳарбий имкониятларига қаратилган”, – дейилади АҚШ Марказий қўмондонлиги баёнотида.

Reuters билан суҳбатлашган уч америкалик расмийга кўра, АҚШнинг мақсади фақат Ҳурмуз бўғозини кемалар ҳаракати учун очиш эмас. Зарба берилган айрим ҳарбий объектлар Вашингтон кенгроқ ва мураккаброқ операциялар бошлашидан олдин йўқ қилишни истайдиган имкониятлар қаторига киради.

Эроннинг Mehr ахборот агентлиги Аҳвоз шаҳри атрофидаги тўртта нуқта ҳужумга учраганини хабар қилди. Шунингдек, Ҳурмуз бўғози соҳилида жойлашган Эроннинг асосий порт шаҳри – Бандар-Аббосга ҳам зарбалар берилган.

Дастлабки маълумотларда бу ҳудудларда қурбонлар ҳақида хабар берилмаган. Tasnim агентлиги эса Уммон кўрфази бўйидаги Конарак шаҳрида портлашлар овози эшитилганини маълум қилди.

Эрон давлат телевидениеси IRIB маълумотига кўра, Аҳвоздаги зарбалардан бири болалар онкология маркази жойлашган шифохона яқинига тушган. Бунинг ортидан шифохона вақтинча эвакуация қилинган, ота-оналар бемор болаларини кўчага олиб чиқишга мажбур бўлган.

Эрон томони АҚШнинг биринчи ҳужуми Ҳурмуз бўғозидаги Ҳенгам оролидаги объектга қаратилганини билдирди.

Теҳроннинг бош музокарачиси Муҳаммад Боқир Қолибоф Эрон хавфсизлиги Ҳурмуз бўғозида ўзи белгилаган тартибни сақлаб қолишга боғлиқ эканини айтди.

“Биз Америка билан ҳаёт-мамот урушини олиб боряпмиз”, – деди Қолибоф.

Сўнгги кескинлашув заиф сулҳ бузилганидан бир неча кун ўтиб юз берди. Бу тўлиқ кўламли уруш қайта бошланиши хавфини кучайтирмоқда, гарчи таҳлилчилар бундай сценарийни ҳозирча нисбатан кам эҳтимолли деб баҳоламоқда.

Эрон шанба куни кечқурун Ҳурмуз бўғозини ёпганини эълон қилган эди. Ҳарбий ҳаракатлар туфайли кемалар дунё савдоси учун стратегик аҳамиятга эга ушбу сув йўлидан ўта олмаяпти.

Урушгача жаҳон нефть ва газ ташувларининг қарийб бешдан бир қисми Ҳурмуз бўғози орқали ўтарди. Вазият кескинлашиши ортидан Brent русумли нефть нархи чоршанба куни бир баррел учун 84 доллар 95 центга кўтарилиб, сўнгги бир ойдаги энг юқори даражага етди.

Уруш натижасида минглаб одамлар ҳалок бўлган, миллионлаб аҳоли ўз уйини тарк этишга мажбур бўлган. Қурбонлар ва кўчирилганларнинг асосий қисми Эрон ҳамда Ливан ҳиссасига тўғри келмоқда. Ливанда Исроил ва Эрон қўллаб-қувватлайдиган “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи ўртасидаги тўқнашувлар ҳам қайта бошланган.