АҚШ Марказий разведка бошқармаси – ЦРУ директори Жон Рэтклиффнинг Москвага махфий ташрифи Россия президенти Владимир Путиннинг Украина уруши бўйича позициясини юмшатмаган. Аксинча, Кремль АҚШнинг музокараларга қайтиш ҳақидаги чақириқларини заифлик белгиси сифатида қабул қилган бўлиши мумкин. Бу ҳақда The Washington Post музокаралардан хабардор манбаларга таяниб хабар берди.

Газета маълумотига кўра, Рэтклифф Москвада Россия разведка хизматлари вакилларини урушни янада кучайтириш Москва учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

АҚШ томони Россиянинг ҳозирги ҳолати заифлашаётгани ва вақт ўтиши билан унинг музокаралардаги позицияси янада оғирлашиши мумкинлигини таъкидлаб, Кремлни музокара столига қайтишга чақирган.

Бироқ мулоқот кутилган натижани бермаган.

The Washington Post суҳбатдошларидан бирининг айтишича, Москва Рэтклиффнинг ташрифини «Путинни тўхташга кўндиришга уриниш» сифатида қабул қилган, аммо Россия раҳбари бундай мурожаатни АҚШ томонининг заифлиги белгиси деб талқин қилган.

Рэтклиффнинг Москвага ташрифидан кейинги ўн кун ичида Россия Украинага ракета ва дрон ҳужумларини сезиларли даражада кучайтирган.

Россия кучлари реактив двигателли дронлар, баллистик ракеталар ва бошқа қуроллар билан энергетика ва сув таъминоти объектлари, темир йўл инфратузилмаси, омборлар ҳамда бошқа нишонларга зарба бермоқда.

ПУТИН ВАҚТ РОССИЯ ФОЙДАСИГА ИШЛАЯПТИ, ДЕБ ҲИСОБЛАМОҚДА

The Washington Post таҳлилига кўра, Путин Украина ҳаво мудофаасининг заифлашганидан фойдаланиб, кучли бомбардимонлар орқали Киевни ҳудудий масалаларда ён беришга мажбур қилиш мумкинлигига ишонмоқда.

Россия президенти бу ҳафта журналистларга Украина ҳақида гапирар экан, «душман барибир синади» дея ишонч билдирган.

Бу позиция Кремль ҳозирча тезкор сулҳ ёки жиддий муроса қилиш ниятида эмаслигини кўрсатмоқда.

Путин 1 сентябрь куни ҳам Россия фронтда устун келаётганини даъво қилиб, Украина раҳбариятини «террорчилар» деб атади ва улар билан музокара қилиш мумкин эмаслигини айтди. Шу билан бирга, АҚШ воситачилари билан мулоқотни бутунлай рад этмади.

РЭТКЛИФФ ПУТИН БИЛАН УЧРАШМАГАН

ЦРУ раҳбарининг 25 августдаги Москва сафари ўта нодир дипломатик воқеа бўлди.

Бироқ Кремль матбуот котиби Дмитрий Песковнинг маълум қилишича, Рэтклифф Путин билан шахсан учрашмаган. У Россия махсус хизматлари раҳбарлари билан музокара ўтказган, Путин эса учрашув натижалари ҳақида хабардор қилинган.

Бу ЦРУ директорининг Россияга 2021 йилдан бери маълум бўлган биринчи ташрифи эди.

The Washington Post манбаларига кўра, ташрифдан кейин Рэтклифф ўз огоҳлантиришларини Россия томонига етказган, аммо улар Кремль позициясини ўзгартира олмаган, деган хулосага келган.

Ҳозирча Путин АҚШнинг босим ва музокара чақириқларидан кўра, вақт ва ҳарбий босим Россия фойдасига ишлайди, деган ҳисоб-китобга таянаётгани кўринмоқда.