Ўзбекистон миллий валютаси яна қадрсизланмоқда. 3 октябрдан 16 октябргача доллар курси 11 773 сўмдан 12 012 сўмгача кўтарилди. Тўққизта савдо сессиясида сўм қарийб 2 фоиз қийматини йўқотди. Шу тариқа миллий валюта йил бошидан бери эришган барча мустаҳкамланишини бой берди.

Иқтисодчилар бу ҳолатни долларнинг жаҳон бозорида кучайиши, ташқи қарз тўловлари ва пул ўтказмаларининг мавсумий камайиши билан изоҳламоқда. Бу омилларни инкор этиб бўлмайди. Аммо асосий савол бошқа: нега Ўзбекистон иқтисодиёти ташқи тебранишлар олдида ҳамон бу қадар заиф?

Ҳукумат йиллар давомида иқтисодий ўсиш, рекорд инвестициялар, экспорт ҳажмининг ортиши ва молиявий барқарорлик ҳақида ҳисобот бермоқда. Лекин миллий валютанинг қадри ҳақида гап кетганда, яна ташқи омиллар рўкач қилинади.

Ваҳоланки, муаммо фақат доллар кучайганида эмас. Муаммо – Ўзбекистон иқтисодиётининг долларга ҳаддан ташқари қарамлигида.

Мамлакатда йирик импорт шартномалари долларда тузилади, ташқи қарзлар хорижий валютада қайтарилади, кўчмас мулк ва автомобиллар нархи кўпинча долларга боғланади. Миллий валюта эса асосан маош, пенсия ва кундалик харажатлар воситаси бўлиб қолмоқда.

Бу иқтисодий мустақиллик ҳақидаги баландпарвоз баёнотлар билан реал иқтисодиёт ўртасидаги зиддиятдир.

Энг ташвишланарлиси, сўмнинг қадрсизланиши импортга қарам иқтисодиётда нархлар ошиши хавфини кучайтиради. Доллар қимматлашса, четдан келтириладиган маҳсулотлар, хомашё, ускуналар ва дори-дармонлар таннархига босим ортади. Бу босим эртами-кечми оддий истеъмолчига етиб бориши мумкин.

Бошқача айтганда, давлатнинг иқтисодий сиёсатидаги заифлик учун охир-оқибат аҳоли ўз ҳамёнидан ҳақ тўлайди.

Яна бир жиддий масала – ташқи қарзлар. Агар миллий валюта заифлашса, доллардаги мажбуриятларни сўм ҳисобида қоплаш қимматлашади. Бу давлат бюджети ва корхоналар молиявий ҳолатига қўшимча босим тушириши мумкин.

Миллий валютанинг қадрини маъмурий буйруқлар билан эмас, рақобатбардош ишлаб чиқариш, кучли экспорт, оқилона қарз сиёсати ва мустақил иқтисодий институтлар билан ҳимоя қилиш мумкин.

Ҳукумат инвестициялар ҳажмини санаш билан чекланмасдан, улар қанча барқарор валюта тушуми келтираётганини ҳам тушунтириши шарт.

Чунки иқтисодиётнинг ҳақиқий қудрати миллиардлаб доллар кредит олиш қобилияти билан эмас, шу долларларни ўз меҳнати ва маҳсулоти билан ишлаб топиш салоҳияти билан ўлчанади.

Сўмнинг қадрсизланиши ҳозирча молиявий фалокат эмас. Аммо у Ўзбекистон иқтисодиётининг энг оғриқли нуқтасини яна бир бор очиб бермоқда: мамлакат иқтисодий ўсиш ҳақида қанчалик кўп гапирмасин, унинг миллий валютаси ҳали ҳам ташқи бозорлар ва хорижий валюта оқимларига қаттиқ боғлиқ.

Энг катта хавф доллар курсининг 12 минг сўмдан ошганида эмас. Энг катта хавф – миллий иқтисодиётнинг бу қарамликдан қутулиш йўли ҳануз аниқ кўринмаётганида.

Зеро, миллий валютага ишонч шиорлар билан эмас, иқтисодий сиёсатнинг натижалари билан мустаҳкамланади.