«ДИНИЙ ЭКСТРЕМИЗМ» НЕГА ҚОНУНДАН ЧИҚЯПТИ?
Ўзбекистонда қонунчиликдан «диний экстремизм» атамасини чиқариб, уни умумий «экстремизм» тушунчаси билан алмаштириш таклиф этилмоқда. Материалда бу ўзгаришнинг ҳуқуқий оқибатлари, жиноий сиёсатдаги юмшаш ва эркинликлар учун эҳтимолий таваккаллар таҳлил қилинади.
Ўзбекистонда қонунчиликдан «диний экстремизм» атамасини чиқариб, уни умумий «экстремизм» тушунчаси билан алмаштириш кутилмоқда. Сенат маъқуллаган янги қонун биринчи қарашда атамага доир техник ўзгаришдек кўринади. Аммо унинг ортида диний сиёсат, жиноий жавобгарлик ва фуқаролик эркинликларига дахлдор анча жиддий ўзгаришлар бор.
Асосий мантиқ экстремизм фақат диний тусда бўлмайди деган қарашга асосланган. Экстремизм сиёсий, миллий, мафкуравий ёки бошқа шаклларда ҳам намоён бўлиши мумкин. Амалдаги «Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида»ги қонунда ҳам экстремизм фақат дин билан боғланмаган. Шу боис Жиноят кодексида сақланиб келаётган «диний экстремизм» иборасини умумий «экстремизм» тушунчасига мослаштириш ҳуқуқий қарама-қаршиликни бартараф этиши мумкин.
Бу ўзгаришнинг диний эркинлик учун рамзий аҳамияти ҳам бор. «Диний экстремизм» деган атама динни хавфсизлик муаммоси билан автоматик боғлаш хавфини туғдиради. Янги ёндашув эса назарий жиҳатдан инсоннинг эътиқоди эмас, унинг аниқ қилмиши баҳоланиши керак деган мантиққа асосланади.
Бироқ қонуннинг энг муҳим қисми атаманинг алмашиши эмас.
Янги тартибга кўра, экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик мазмунидаги айрим ҳаракатлар биринчи марта содир этилганда дарҳол жиноий иш очиш ўрнига маъмурий жавобгарлик қўлланиши мумкин. Жиноий жавобгарлик асосан шундай қилмиш такрорланганидан кейин юзага келади.
Бу Ўзбекистоннинг жиноий сиёсатида сезиларли юмшаш ҳисобланади. Яъни одам биринчи хатосидаёқ оғир жиноятчи сифатида баҳоланмасдан, унга ўз ҳаракатини тўхтатиш имконияти берилади.
Шунингдек, тақиқланган ташкилотни тузган ёки бошқарган шахс билан унда оддий иштирок этган одамга бир хил жазо қўлланмаслиги кўзда тутилмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ихтиёрий хабар бериб, оғир оқибатларнинг олдини олишга ёрдам берган шахс ҳам айрим ҳолларда жиноий жавобгарликдан озод қилиниши мумкин.
Лекин бу ўзгаришларни фақат либераллашув деб баҳолашга шошилмаслик керак.
«Диний экстремизм» ўрнига кенгроқ «экстремизм» тушунчасининг киритилиши бошқа хавфни ҳам юзага келтиради. Агар «экстремизм»нинг таърифи жуда кенг ва ноаниқ бўлса, аввал асосан диний соҳада ишлатилган норма кейинчалик сиёсий ёки ижтимоий фаолиятга нисбатан ҳам қўлланиши мумкин.
Масалан, ҳукуматни кескин танқид қилиш билан экстремизм ўртасидаги чегара қаерда? Тинч сиёсий чақириқ билан конституциявий тузумни зўрлик билан ағдаришга даъват қандай ажратилади?
Шу сабаб қонуннинг энг муҳим нуқтаси битта сўзнинг олиб ташланиши эмас, «экстремизм»га қандай аниқ таъриф берилиши бўлади.
Музаффар Комиловнинг Президентнинг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланиши билан бу жараённи боғлаш қизиқ, аммо ҳозирча бундай хулоса учун етарли далил йўқ. Чунки мазкур қонун лойиҳаси Комиловнинг тайинловидан олдинёқ парламент муҳокамасига киритилган эди.
Шунга қарамай, Комиловнинг тайинланиши билан бир вақтда диний соҳада ҳуқуқий ёндашувларнинг юмшай бошлаши эътиборга молик. Агар кейинчалик диний таълим, адабиёт, диний ташкилотларни рўйхатга олиш ва виждон эркинлиги соҳаларида ҳам енгилликлар кузатилса, шунда Ўзбекистонда диний сиёсат ҳақиқатан янги босқичга ўтаётгани ҳақида гапириш мумкин бўлади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг