Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 4 сентябрдаги 462-сон қарорига кўра Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси давлат ёрдамининг рақобатга таъсирини баҳолаш бўйича ваколатли орган этиб белгиланди.

Шу билан бирга, давлат ёрдамининг рақобатга таъсирини баҳолашнинг асосий мезонлари аниқ белгилаб қўйилди.

Хусусан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларида назарда тутилган давлат ёрдамининг рақобатга таъсири қуйидаги оқибатларнинг бирига олиб келган ёки олиб келиши мумкин бўлганда, унинг таъсири рақобат учун салбий деб баҳоланади:

  • давлат ёрдами ягона хўжалик юритувчи субъектга ёки айрим шахслар гуруҳига берилса;
  • давлат ёрдами фақат давлат иштирокидаги корхоналарга ёки маҳаллий корхоналар ёхуд хорижий инвесторларга берилса;
  • барча хўжалик юритувчи субъектларнинг давлат ёрдамидан тенг фойдаланиш имконияти чекланса;
  • давлат ёрдамини бериш тартиби мавжуд бўлмаса ва шаффофлиги таъминланмаган бўлса;
  • давлат ёрдамининг берилиши товар ва молия бозорида нархларнинг эркин шаклланишига тўсқинлик қилса;
  • давлат ёрдамини муддатсиз бериш назарда тутилган бўлса;
  • берилаётган давлат ёрдами аввал самарасиз деб баҳоланган бўлса;
  • ваколатли орган томонидан давлат ёрдамининг берилиши Давлат бюджети тақчиллигини келтириб чиқариши ёки ижтимоий мақсадлар учун йўналтириладиган давлат ёрдамининг миқдори қисқаришига олиб келиши бўйича хулоса берилган бўлса.

Янги тартибга кўра, ваколатли орган томонидан давлат ёрдамининг рақобатга таъсирини баҳолашдан ўтказиш ва хулоса олиш учун киритилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ва тартибга солиш таъсирини баҳолаш ҳисоботи ўн иш куни ичида кўриб чиқилади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ва тартибга солиш таъсирини баҳолаш ҳисоботи юзасидан ваколатли органнинг хулосаси лойиҳани ишлаб чиқувчи ташкилот томонидан мажбурий тартибда кўриб чиқилиши лозим.

Бундай тартиб ўрнатилиши кераклигини постларимизда бир неча бор кўтариб чиққанмиз. Қисқа қилиб айтганда, лоббизимга қарши кураш учун механизм энди мавжуд, энди уни қўрқмасдан қўллаш қолди. Аслида, бу қарорсиз ҳам мавжуд қонунчилик асосида лоббизм билан курашса бўлар эди, бунинг учун озгина жасорат бўлса ва креслодан ажралиб қолишдан қўрқмаса бўлди эди. Майли, энди ҳеч бўлмаганда жамоатчилик савол билан мурожаат қилиши мумкин бўлган давлат органи пайдо бўлди, шунисига ҳам раҳмат.

Ваколатли органдан ташқари жамоатчилик фаоллари ҳам ушбу тартибларнинг ишлашини таъминлаш юзасидан босимни ошириши керак бўлади. Токи, давлат органлари келишуви жараёнида танланганлар учун фойдали нормаларни жимгина ўтказиб юборишлар бўлмасин.

Якунида ваколатли органга савол – олдин яширин қарорлар билан танланганларга бериб юборилган давлат ёрдами ва имтиёзлар тўхтатиладими?

Ҳуқуқшунос Анвар Бозоров