Давлат хизматини хусусий секторга бериш кейслари давлат ва жамоатчиликнинг кучли назоратида бўлиши керак.

12.05.2026 йилдаги йиғилишда Ўзбекистонда яна 10та давлат хизматини хусусий секторга ўтказиш тўғрисида кўрсатма берилди. Давлат хизматларининг хусусий секторга ўтказилиши бюрократияни камайтириш, давлат харажатларини қисқартириш ва хизмат кўрсатиш жараёнларини соддалаштириш йўлидаги чора-тадбирлар сирасига киради, албатта.

Лекин, хусусий секторга ўтказиладиган давлат хизматлари хусусий монополиялар яратмаслиги учун тенг кучли рақобатчилари бўлиши, давлат хизматидан кўра арзонроқ ва қулайроқ бўлиши лозим.
Давлат хизматларини хусусий секторга ўтказилишида аҳоли манфаатлари биринчи ўринга қўйилиши шарт. Асосийси, “маҳаллий ишлаб чиқарувчилар” ниқоби остида ҳирсдан тўқ олигархик гуруҳларни қўллашни бас қилиш керак, булар барибир тўймайди. Аҳоли қачонгача булар учун ўз чўнтагидан товон тўлайди. Оқибатда ўзбек истеъмолчиси ривожланган давлатда ишлаб чиқарилган товар ёки хизматни ўша давлатнинг бой истеъмолчисидан ҳам қимматроққа харид қилмаслиги керак.

Автомобиллар учун давлат рақами ишлаб чиқариш, ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун имтиҳон топшириш, дарсликларни ишлаб чиқариш, автотураргоҳ хизматини кўрсатиш, Click тўлов тизимини хусусий секторга бериш каби аҳолининг эътирозларига сабаб бўлган кейслар бўлмаслиги учун қуйидаги талаблар бажарилишини қатъий назорат қилиш керак бўлади:

1) Давлат хизматларини хусусий секторга ўтказилишидаги танлов жараёни тегишли ҳужжатларда белгиланганидек, очиқ ва ошкора бўлишини қатъий таъминлаш керак. Қайси давлат хизмати ёки функцияси хусусий секторга беришга танлов ўтказилади, бошланғич нарх қанча, танлов талаблари каби маълумотлар ҳаммага етказилиши, танлов талаблари 2-3та субъект бажара оладиган даражада оғир бўлмаслиги керак. Жараённи назорат қилиши керак бўлган ваколатли давлат органлари ўзини кўр ва карга солиб олмаслиги керак.

2) Давлатникининг ўрнига хусусий монополиялар яратилмаслиги керак. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 7 декабрдаги ПҚ-4913-сон қарорида давлат функциялари ўтказилаётган соҳаларда етарли миқдорда хусусий сектор субъектлари ташкил этилгунига қадар мазкур функцияларнинг давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ҳам амалга оширилиши белгиланган. Бирор бир давлат хизмати ёки функцияси хусусий секторга берилганда тенг кучли рақобатчиси пайдо бўлмагунга қадар шу давлат хизмати ёки функциясини давлат ҳам кўрсатишда давом этиши керак. Давлат хизмати ёки функциясини хусусий секторга ўтказаётган давлат органининг бу борадаги жавобгарлигини кучайтириш керак.

3) Давлат хизмати ёки функциясини хусусий секторга бериш бўйича тегишли шартномаларда хизматнинг юқори сифати ва чекланган нархи бўйича аниқ рақамлар камида кейинги беш йил учун белгилаб қўйилиши керак.

4) Давлат хизмати ёки функциясини хусусий секторга бериш бўйича тегишли шартномалар (ёки ҳужжат)да белгиланган талабларнинг бажарилаётганлиги Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 сентябрдаги 596-сон қарорида белгиланганидек, талаб даражасида даврий мониторинг қилиниши ва оммага эълон қилиниши керак. Ҳозирча бирорта мониторинг ҳисоботини кўрмадик.

5) Энергетика, таълим, соғлиқни сақлаш соҳаларидаги давлат хизмати ёки функциясини хусусий секторга беришда жуда эҳтиёткор бўлиш, берилганлари бўйича давлат назоратини кучайтириш керак.
 
Ҳуқуқшунос Анвар Бозоров