“Иши йўқ ит суғорар” деган нақл бор халқимизда. Республика миқёсидаги жуда катта бир ташкилотнинг раҳбари Ўзбекистон Республикаси гербини мазмунан қайта кўриб чиқишга чақирибди. Унга гербимиздаги советларни эслатадиган пахта ва ғалла ёқмабди. Бунга бюджетдан қанча маблағ харажат бўлишини ўйламабди.


Қорни тўқ, усти бутлигидан нима қилишни билмайдиганлар океан ўртасидаги оролда дам олиб, икра еб юрганида, чекка-чекка ҳудудларимизда ҳали ҳам буғдой ва пахта тўқлик ва усти бутлик рамзи бўлиб қолмоқда, тезак-таппи эса ўтин бўлиб қолмоқда. Тушунган тушунди. Ҳирсдан тўқларнинг бу нарсалар хаёлига ҳам келмайди.


Айримлар “Ғалаба” байрами деб, шаҳарнинг ўртасида босқинчи армия рамзи бўлган Георгий лентасини тақиб, “Катюша”га рақсга тушиб юрганлиги бизникиларнинг ғашига тегмайди.


Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасига мувофиқ, Ўзбекистонда давлат тили ўзбек тилидир. Ўзбекистон маданияти ва санъатини ривожлантириш жамғармаси раҳбари бўлмиш бир кимса (ўзбек маданияти ва санъатига шафе бўладиган бир миллатдош топилмаган) 2026 йил май ойида Сенатдаги чиқишида давлат тилидан бошқа тилда гапира бошлаганида, раислик қилувчи қайси тилда гаприсангиз ҳам майли, деб қўллаб турибди. Бугунги аҳволимиз, бу.

Мана нималар ҳақида қайғуриш керак. Гарчи, тилимиз давлат рамзларига киритилмаган бўлса ҳам, тилимиз дунёда миллат сифатида яшаб қолишимиз рамзидир.

Президентнинг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги роли ва нуфузини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони (5850-сонли, 21.10.2019 й.)га мувофиқ 2020 йил май ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига «Давлат тили ҳақида»ги Қонуннинг янги таҳрири киритилган эди.

Ўша йилнинг апрель ойида эса Адлия вазирлиги томонидан давлат тилида иш юритишни таъминламаганлик учун мансабдор шахсларга жавобгарлик белгилашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси халқ муҳокамасига қўйилган эди. Қонун лойиҳасида МЖтКнинг 42-моддасига «Давлат органлари ва ташкилотларида иш юритишда давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаслик, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади» деган тўлдириш киритишни таклиф этилган эди.

Юқоридаги қонун лойиҳалари қани? Нимага сизни бу савол қийнамайди? Бу қонунларни қабул қилишга ким халақит қилаяпди? Мандатни халқдан олгансиз, халққа айтинг.

Бугунги кунда айрим давлат ташкилотларида иш юритиш давлат тилида эмас, балки бошқа тилларда олиб бориш ҳолатлари кузатилмоқда. Бугунги кун ҳолатига давлат органларида давлат тили тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилмаса ҳам, иш юритиш давлат тилида амалга оширилмаса ҳам бўлаверади, чунки, жавобгарлик йўқ. Бу, ўз навбатида давлат тилига бўлган ҳурмат ва эътиборнинг пасайишига сабаб бўлмоқда. Бу борада ҳатто қўшни давлатлар билан тенг бўлмадик.

Юқоридаги ҳолатларнинг олдини олиш, давлат тилининг нуфузини ошириш мақсадида давлат органлари ва ташкилотларида давлат тилида иш юритишни қатъий белгилаш, ушбу талабга риоя этмаган мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш масалаларини белгилаш лозим. Иш топмаганлар шу ҳақида ўйласин.
Сайланганлар нима дейди? Шунга масъул бўлган қанақадир департамент бормиди, ҳалиям борми?
Кимдир таъқиб қилаётган бўлса, Мангуберди каби йўл тутинг.
 
Ҳуқуқшунос Анвар Бозоров