БУ ДАВЛАТ НЕГА ЎҚИТУВЧИЛАРДАН БОҚИМАНДАДЕК НАФРАТЛАНАДИ?
Мактаб ва олий таълимда ўқитувчилар елкасига қўйилган ортиқча юклама, битмас‑туганмас ҳисоботлар, БСБ‑ЧСБ, аттестация ва рейтинг талаблари уларни “ортиқча харажат”дек кўрган давлат муносабатини очиб беради.
Бир синфда ўртача 40 нафар ўқувчи. Бир ўқитувчи елкасида дарс, дафтар, ҳужжат, БСБ, ЧСБ, аттестация, рейтинг, ҳисобот ва яна минг хил талаб бор.
Илгари бир ставка юклама 14-16 соат атрофида бўлган, бугун 22-24 соатгача чиқади. Қоғозда бу “самарадорлик”, “оптималлаштириш”, “сифатни ошириш” деб аталиши мумкин. Амалда бу – ҳам энидан, ҳам бўйидан кесиб қолиш дейилади.
Мактаб ўқитувчиси дарс берсинми, 40 боланинг дафтарини текширсинми, ҳар бир ўқувчининг билимини баҳоласинми, БСБ-ЧСБ билан ўралашсинми, аттестацияга югурсинми? Бу саволга ҳеч ким жавоб бермайди. Фақат талаб қўйилади.
Олий таълимда ҳам аҳвол бундан пеш эмас. Йилдан йилга профессор-ўқитувчилар юкламаси ортиб бормоқда. Scopus’га чиқ, халқаро рейтингни кўтар, грант топ, тижоратлаштириш қил, инвестиция жалб эт, талабага дарс бер, ҳужжат тўлдир, тадбир ўтказ – топшириқнинг адоғи йўқ. Космосда юлдузларнинг ҳисоби бордир, лекин таълим вазирликлари довдирлигининг чеки йўқ.
Энг қизиғи, ўқитувчининг ойлиги бироз ошса ҳам, ортидан яна янги мажбуриятлар тиркалади. Ошган тўрт чақа пул яна мақолага, конференцияга, аттестацияга, тижоратлаштиришга, турли “талаблар”га кетиши керакдек муносабат қилинади.
Гўё давлат ўқитувчига ойлик бераётганидан ўзи куйиб кетаётгандек. Гўё ўқитувчи бу жамиятга хизмат қилмаётган боқимандадек. Бюджет тақсимотида ўқитувчи одам эмас, доимий равишда “ортиқча харажат”дек кўрилади.
Аслида эса ўқитувчига қилинган муносабат – давлатнинг бутун жамиятга бўлган муносабатидир. Ўқитувчисини чарчатган давлат эртага саводсиз авлод билан юзма-юз келади, ўзи ният ҳам шудир. Ўқитувчисини қадрламаган жамият билимли, эркин фикрлайдиган, масъулиятли инсонларни тарбиялай олмайди, қўрада қўй қамагандек мактабда болаларни ушлаб туриш – асл мақсад.
Ўқитувчи робот эмас. Унинг ҳам уйи, фарзанди, соғлиғи, асаби, орияти бор. У фақат буйруқ бажарадиган, ҳисобот тўлдирадиган, қоғоз ортидан юрадиган ходим эмас. У миллатнинг ақлини шакллантирадиган инсон. Бу давлат ўқитувчидан қачонгача фақат талаб қилади? Қачон унга ҳақиқий ҳурмат, муносиб шароит ва адолатли меҳнат юкламаси берилади? Таълим сифати деган нимарса ўқитувчини эзиш билан кўтарилмайди.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг