ДАВЛАТ АДАБИЁТНИ ҚУТҚАРА ОЛАДИМИ?
Давлатнинг «энг сара 50 асар»га буюртма бериш, қоғоз харажатини қоплаш ва таржималарни молиялаштириш режалари адабиётни ҳақиқатан ривожлантирадими? Муаллиф эркин рақобат ва фикр муҳити ўрнини давлат буйруғи босиши хавфларини таҳлил қилади.
Ҳар гал китобхонлар камайса, ёзувчилар ўқилмай қолса ёки китоб бозори инқирозга юз тутса, муаммонинг сабаби сифатида бозор, таълим ёки цензура эмас, маблағ етишмаслиги кўрсатилади.
Энди эса давлат ҳар йили 50 та “энг сара” асарга ижодий буюртма беради, 10 та асарни чет тилларга таржима қилади, Ёзувчилар уюшмаси маъқуллаган китобларнинг қоғоз харажатини қоплайди ва яна юзлаб лойиҳаларни бюджет ҳисобидан молиялаштиради.
Савол туғилади: адабиёт давлат буюртмаси билан ривожланадими?
Дунё тажрибаси шуни кўрсатадики, буюк адабиёт грантлар, режалар ва уюшмалар қароридан эмас, эркин фикр ва эркин рақобат муҳитида туғилади. Давлат буюртмасига қараб ёзилган асарлар кўпинча адабиёт эмас, ҳисоботга айланади.
“Энг сара асар”ни ким белгилайди? Нима мезон асосида? Нега айнан 50 та? Нега 100 та лойиҳа? Бу рақамларнинг илмий ёки маданий асоси борми?
Қизиғи шундаки, мамлакатда китоб ўқишни кўпайтириш учун китоб дўконлари ва бук-кафелар очиш режалаштирилмоқда. Аммо одамлар китоб тополмаётгани учун эмас, яхши китоблар камлиги учун ўқимаяпти. Яхши китоблар эса маъмурий топшириқ билан эмас, эркин муҳитда пайдо бўлади.
Бундан ҳам муҳим савол бор: агар давлат ҳақиқатан адабиётни қўллаб-қувватламоқчи бўлса, нега аввало мустақил нашриётлар, хусусий китоб бозори ва муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш ҳақида гап кетмаяпти?
Адабиётни давлатнинг яна бир тарғибот соҳасига айлантириш осон. Аммо ҳақиқий адабиёт давлатга эмас, ҳақиқатга хизмат қилганда яшайди. Шунинг учун китобхонликни фармон билан эмас, фикр эркинлиги билан ривожлантириш мумкин.
Бу – универсал қоидалар. Аммо ўзбек шоир-ёзувчисининг ўзига хос, ўзига мос тажрибаси ҳам бор. Давлат эътиборидан юрагт ийиб кетган ўзбек шаири дарров раҳбарлар шаънига диферамба тўқиб ташаши мумкин.
Шу маънода давлат адабиётни ривожлантираман деркан, мафкуралашган ва адабий ҳамда эстетик қиймати йўқ, замон синовидан ўтмайдиган “денгизимиз ўзингиз” қабилидаги кўрпа достонлар урчиши мумкин. Айниқса, шаирларга ҳар икки машваратнинг бирида “бўлар эканку” дейдиган Сирожиддин Саиду, артсларга Озодбек бош бўлган юртда…
Таниқли адиб Мурод Муҳаммад Дўст айтмоқчи, “давлат етаклаган адабиётда маддоҳликдан бошқа барча жанрлар таназзулга юз тутади”.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг