Табиий газ – бу шунчаки ёқилғи эмас. У миллионлаб хонадонларнинг қишдаги иссиқлиги, оилаларнинг овқати пишиши ва ишлаб чиқариш корхоналарининг узлуксиз фаолият юритишини таъминлайдиган муҳим стратегик ресурсдир. Шу боис ундан ноқонуний фойдаланиш нафақат иқтисодий зарар, балки жамият манфаатларига қарши қаратилган ҳуқуқбузарлик ҳам ҳисобланади.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Наманган вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда Чуст туманидаги умумий овқатланиш шохобчасида тадбиркор томонидан табиий газ тармоғига тижорат мақсадида ўзбошимчалик билан тўғридан-тўғри уланиб, 1,7 миллиард сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Бу рақам оддий статистик кўрсаткич эмас. 1,7 миллиард сўмлик табиий газ ўртача истеъмол ҳисобида бир неча юз, айрим ҳисоб-китобларга кўра мингга яқин хонадоннинг бир неча ойлик газ эҳтиёжини қоплашга етиши мумкин. Айниқса, қиш мавсумида табиий газга талаб кескин ошадиган пайтда бундай ноқонуний истеъмол бутун ҳудуддаги таъминот барқарорлигига салбий таъсир кўрсатади.

Ноқонуний уланишлар газ тармоқларидаги босимнинг пасайишига, авария хавфининг ортишига ва ҳалол истеъмолчиларнинг газ таъминотида узилишлар юзага келишига сабаб бўлади. Энг ачинарлиси, бундай ҳолатлар оқибатида давлат буджетига етказилган зарар аслида таълим, соғлиқни сақлаш, инфратузилма ва бошқа ижтимоий соҳаларга йўналтирилиши мумкин бўлган маблағларнинг камайишига олиб келади.

Энергия ресурсларига эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ва улардан қонуний фойдаланиш ҳар бир фуқаро ҳамда тадбиркорнинг масъулиятидир. Табиий газни талон-торож қилиш орқали қисқа муддатли манфаат кўзлаш охир-оқибат қонун олдида жавобгарлик, катта миқдордаги моддий зарар ва жамият манфаатларига путур етказиш билан якунланади.

Шу боис энергия ресурсларини асраш, ноқонуний уланишларнинг олдини олиш ва уларга нисбатан муросасиз курашиш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда.