ЧОРТОҚ ҲОКИМИ НОҚОНУНИЙ ЕР СОТМАГАН ЁРДАМЧИЛАРИНИ ИШДАН БЎШАТИШ КАМПАНИЯСИ БОШЛАДИ
Чортоқ тумани ҳокими бир қатор ёрдамчиларига оммавий равишда «ҳайфсан» эълон қилиб, ортидан ишдан бўшатиш кампаниясини бошлагани айтилмоқда. Мурожаатчилар буни ноқонуний ер ажратиш талабларига бўйсунмаганларига нисбатан босим, деб баҳолашяпти.
Наманган вилояти Чортоқ тумани ҳокими И. Саттаров ёрдамчилари устидан ҳайфсанларни қаторлаштириб, уларни бўшатишга сабаб қидирмоқда.
Ҳозир туманда ҳоким ёрдамчиларига нисбатан босим кучайган, уларга бирин-кетин интизомий жазо берилиб, ортидан ишдан бўшатиш ҳолатлари бошланди.
Элтузарга тақдим этилган ҳужжатларга кўра, Чортоқ тумани ҳокимининг 2026 йил 15 октябрдаги 486-6-88-Q/26-сонли қарори билан тумандаги бир қатор маҳаллалар ҳоким ёрдамчиларига «Ҳайфсан» интизомий жазоси қўлланиляпти. Қарорда бунга хизмат вазифаларини ўз вақтида бажармаганлик асос қилиб кўрсатиляпти.
Аммо мурожаатчиларнинг таъкидлашича, масала оддий интизомий жазо билан чекланмаяпти. Ҳайфсан олган айрим ходимлар орадан икки кун ўтиб лавозимидан озод этилгани билдирилмоқда.
Мурожаат муаллифлари бу жараённи ҳоким ёрдамчиларининг хизмат фаолияти билан эмас, балки айрим ноқонуний талабларга рози бўлмагани билан боғлашмоқда. Яъни ҳокимга яқин шахслар номига ер ажратиб беришга кўнмаган ходимларга турли кўринишда босим ўтказилмоқда. Ҳатто талабларга бўйсунмаганларни қаматиш билан қўрқитиб, уйига одам юбориб олиб келиб, оила аъзолари ва маҳалла аҳолиси олдида обрўсизлантириш ҳолатлари авж олди.
«Биз кечаси билан ишлаймиз, топшириқларни бажарамиз, жадваллар тайёрлаймиз. Оиламиз, рўзғоримиз, кредитларимиз бор. Нега бизга бундай муносабат қилиняпти? Кўнмаганларни қаматиш билан қўрқитишади. Ҳатто уйимизгача одам юборишади. Оиламиз ва маҳалламиз олдида шарманда қилишяпти. Бу ҳокимга чора кўрадиган ташкилот қолмаганми?» — дейилади мурожаатда.
Бундан ташқари, фермерлардан кучли босим остида пул йиғиляпти, ростан ҳам туманда ер майдонларини ажратиш билан боғлиқ шубҳали ҳолатлар мавжуд.
Хўш, Наманган вилояти раҳбарияти нега бу вазиятга муносабат билдирмаяпти?
Дейлик, туман ҳокими ҳақ. Лекин аксарият ҳоким ёрдамчиларига бир вақтнинг ўзида интизомий жазо қўллашга қандай зарурат туғилди? Уларнинг хизмат фаолияти ҳақиқатан холис ўрганилганми? Ҳайфсан бериш ва ортидан ишдан бўшатиш қарорлари ўртасида қандай боғлиқлик бор?
Ҳоким ёрдамчилари давлат хизматчилари бўлиши билан бирга, қонун билан ҳимояланган меҳнат ҳуқуқларига эга инсонлардир. Уларнинг ҳам оиласи, фарзандлари, рўзғори бор. Ҳеч бир мансабдор шахс ходимни шахсий хоҳишига бўйсундириш, қўрқитиш ёки қонуний асоссиз ишдан бўшатиш ҳуқуқига эга эмас. Аммо саводсиз ҳокимлар ҳақ-ҳуқуқни биладими? Мини тираннинг демо Сталин услубидаги бу бошқарувини вилоят ҳокими қандай изоҳлайди?
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг