Тошкент вилояти Чиноз туманида ободонлаштириш талабларига жавоб бермайди, деб топилган маҳалла ва хонадонларга «Шармандали маҳалла» ҳамда «Уятли хонадон» деган ёрлиқларни осиш топширилди.

Бу оддий ободонлаштириш тадбири эмас. Гап давлат идорасининг фуқаролар билан қонун ва мулоқот асосида ишлаш ўрнига, уларни омма олдида шарманда қилиш усулини қўлламоқчи экани ҳақида кетмоқда.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода Чиноз тумани ҳокими Шерзод Салиҳов маҳалла раислари иштирокида ўтказилган йиғилишда мазкур ташаббусни эълон қилган.

Видеони Чиноз тумани ҳокимлиги ахборот хизмати 27 июль куни эълон қилган. Бироқ лавҳа жамоатчилик эътиборига тушганидан кейин ҳокимлик саҳифасидан ўчириб юборилган.

Ҳоким йиғилишда ушбу масала аввалроқ Тошкент вилояти ҳокими иштирокида муҳокама қилингани ва тегишли топшириқлар берилганини айтган.

Унинг сўзларига кўра, Бирлик маҳалласида ободонлаштириш ишлари талаб даражасида эмас. Маҳалла биноси атрофига гул, кўчат ёки райҳон экилмаган, ўтлар ўсиб кетган ва ҳудуд етарлича тозаланмаган.

Шундан сўнг ҳоким маҳалла биносининг одамлар кўрадиган жойига «Шармандали маҳалла» деган ёзувни осишни буюрган.

Бу билан ҳам чекланилмаган.

Тумандаги корхона ва ташкилотлар раҳбарларидан иборат 40 нафар масъулга маҳалла раислари билан биргаликда хонадонларни айланиб чиқиш топширилган. Улар дарвозаларнинг бўялган-бўялмагани, деворларнинг оқлангани, ҳовли ва томорқаларнинг ҳолати, кўчага гул, кўчат ёки райҳон экилган-экилмаганини суратга олиб, ҳокимга ҳисобот тақдим этиши керак.

Йиғилишда камчиликларни белгиланган муддатда бартараф этмаган оилаларнинг дарвозасига «Уятли хонадон» деган ёзув осилиши ҳам айтилган.

Шерзод Салиҳов бундай ёрлиқларни зарур бўлса шахсан ўзи бориб осишини таъкидлаган.

«Уятли хонадон» деган ҳуқуқий тушунча борми?

Ободонлаштириш ва санитария талабларига риоя этилишини назорат қилиш маҳаллий идораларнинг вазифаларидан бири бўлиши мумкин. Аммо давлат органининг ҳар қандай талаби қонун, аниқ ваколат ва белгиланган маъмурий тартибга асосланиши шарт.

Қонунбузарлик аниқланса, фуқарога расмий огоҳлантириш берилади, камчиликни бартараф этиш учун муддат белгиланади ва зарур бўлса қонунда назарда тутилган чора қўлланади.

Бироқ Ўзбекистон қонунчилигида «Уятли хонадон» ёки «Шармандали маҳалла» деган жазо тури йўқ.

Бундай иборалар ҳуқуқий баҳо эмас. Улар одамларнинг шаъни, обрўси ва қадр-қимматига тегадиган ахлоқий тамғадир.

Дарвозага бундай ёзув осилса, у фақат уй эгасини эмас, балки ўша хонадонда яшаётган болаларни, кексаларни, аёлларни ва бошқа оила аъзоларини ҳам жамоатчилик олдида мулзам қилади.

Оила аъзолари ҳеч қандай қоидабузарлик содир этмаган бўлса ҳам, улар бутун маҳалла олдида «уятли» деб кўрсатилади. Бу эса тарбия ёки ободонлаштириш эмас, балки жамоавий таҳқирлаш усулига айланиши мумкин.

Давлатчилик одамларни қўрқитиш, масхара қилиш ёки дарвозасига тамға осиш билан ўлчанмайди.

Кучли давлат фуқаросини омма олдида шарманда қилмайди. Муаммонинг сабабини ўрганади, тушунтиради, ёрдам беради ва қонун доирасида талаб қўяди.

Айрим оилаларнинг уйини таъмирлашга, деворини оқлашга ёки дарвозасини бўяшга маблағи бўлмаслиги мумкин. Айрим хонадонларда ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ёки оғир ижтимоий аҳволдаги оилалар яшайди.

Шундай одамларнинг шароитини ўрганиш ва уларга кўмаклашиш ўрнига, дарвозасига «Уятли хонадон» деган ёрлиқ осиш давлатнинг ижтимоий вазифасига қанчалик мос келади?

Қолаверса, мансабдор шахслар қайси қонуний асосга кўра хусусий хонадонларга кириши, ҳовли ва томорқаларни суратга олиши ҳамда бу суратларни ҳокимга юбориши белгиланган?

Фуқаронинг розилиги олинадими?

Тўпланган тасвирлар қаерда ва қанча вақт сақланади?

Уларнинг тарқалиб кетмаслигига ким кафолат беради?

Ҳокимлик изоҳ бериши керак

Чиноз тумани ҳокимлиги ушбу ташаббус юзасидан жамоатчиликка очиқ ва ҳуқуқий асосланган изоҳ бериши лозим.

Давлат фуқаронинг дарвозасига «уятли» деган тамға осиш учун эмас, унинг ҳуқуқи ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш учун мавжуд.