БЮДЖЕТ ТАШКИЛОТЛАРИ ХОДИМЛАРНИ ҚАНДАЙ БЕЗДИРАДИ?
Ўзбекистонда бюджет ташкилотлари ходимлари ўз ҳуқуқини талаб қилгани учун турли очиқ ва яширин босимларга дуч келмоқда. Мақолада бу ноқонуний амалиётлар, уларнинг оқибатлари ва меҳнат ҳуқуқини ҳақиқий ҳимоя қиладиган тизим зарурати ҳақида сўз юритилади.
Бюджет ташкилотларида ходим ўз ҳуқуқини талаб қилгани ёки раҳбариятнинг қарорларига эътироз билдиргани учун унга нисбатан турли босимлар ўтказилиши – Ўзбекистон иш маданиятидаги анъана.
Бундай босим очиқ ёки яширин кўринишда бўлиши мумкин. Масалан, ходимга арзимаган сабаблар билан ёки деярли асоссиз тушунтириш хатлари ёздириш, интизомий жазо билан таҳдид қилиш, хизмат текшируви бошлаш, навбатчиликни атайлаб кўпайтириш, рағбатлантиришдан четлатиш, устама ва қўшимча тўловларни тўлиқ бермаслик, лавозим ёки иш шароитини асоссиз ўзгартириш, жамоа ичида обрўсизлантириш ёки ишдан бўшатиш билан қўрқитиш шулар жумласидандир.
Одатда, ходим раҳбариятнинг ноқонуний ҳаракати юзасидан шикоят қилганидан кейин унга нисбатан айнан шундай чоралар қўллана бошланади.
Раҳбариятнинг ходимдан меҳнат вазифаларини бажаришни талаб қилиши қонуний. Интизом бузилган тақдирда белгиланган тартибда интизомий чора кўриш, қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда хизмат текшируви ўтказиш ҳам раҳбарнинг ваколатига киради.
Бироқ бу ваколатлар ходимни қўрқитиш, ундан қасос олиш, асабини бузиш ёки ўз ҳуқуқини талаб қилгани учун жазолаш воситасига айланмаслиги керак.
Хўш, ходимни бездириб, жим қилишни мақсад қилган бу тизимий иллат қачон йўқолади?
Бу чириган иллат меҳнат ҳуқуқи муҳофазаси амалда ишлайдиган механизмга айланганида йўқолади. Ходим ўз ҳақини талаб қилганда раҳбариятдан қўрқмаслиги керак. Чунки меҳнат муносабатларида ходимнинг ҳуқуқи фақат қоғозда белгиланиб қолмасдан, уни ҳимоя қиладиган аниқ институтлар бўлиши лозим. Меҳнат инспекцияси ходим мурожаат қилганда формал текширув билан чекланмай, ҳуқуқбузарликка ҳуқуқий баҳо бериши, айбдор мансабдор шахснинг ҳаракатига тегишли чора кўрилиши шарт. Тўрачиликка асосланган муҳитда бунинг иложи бормикан?
Ходим иш берувчи устидан шикоят қилганда «барибир раҳбар ҳақ» деган қараш бўлмаслиги керак. Судда ходимнинг меҳнат шартномаси, иш вақти, навбатчилиги, интизомий жазоси, устама ва қўшимча тўловлари, ишдан бўшатилиши каби масалалар холис ва далиллар асосида кўриб чиқилиши зарур. Чунки ходимнинг энг катта қўрқуви ҳақини талаб қилганидан кейин унга нисбатан босим кучайишидир.
Раҳбар ходим устидан маъмурий ресурсга эга, ходим эса ўз ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун қонун, меҳнат инспекцияси ва судга таяна оладиган шаффоф тизимга эҳтиёжимиз бор.
Қачонки ходимнинг шикояти раҳбар учун таҳдид эмас, ҳуқуқий сигнал сифатида қабул қилинса, меҳнат инспекцияси ҳақиқатан назорат қилса, суд ҳақиқатан ҳимоя қилса бу анархияга чек қўйилади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг