Ўзбекистонда яширин иқтисодиётнинг бозордаги улушини камайтириш мақсадида катта-кичик қарорлар қабул қилинган. Очиб қарасангиз, ҳаммаси тўғрига ўхшайди, амалда эса булар ишламаяпди.

Халқ тилида “Ипподром бозори”, “Ўрикзор бозори” деб номланадиган савдо марказларида кўпчилик тадбиркорлар томонидан банк пластик карталардан тўлов терминали орқали тўлов қабул қилиниши асоссиз рад этилиши давом этмоқда. Деҳқон бозорларининг бирортасида ҳам банк пластик карталардан тўлов терминали орқали тўлов қилиб бўлмайди. Буларга ёки нақд пулда ёки хусусий шахснинг пластик картасига пул ўтказиш орқали тўлов қилишингиз керак.

Бунга рўзғорга ул-бул харид қилиш давомида ўзим гувоҳи бўлганман. 1‑август куни “Фарҳод” деҳқон бозорига бозор қилгани тушган эдим, бозор ичидаги айрим дўконлардан ташқари ҳеч қайси растада банк пластик карталаридан тўлов терминали орқали тўлов қабул қилинмайди. Гўшт растасидан 860 минг сўмга гўшт маҳсулотлари харид қилдим, нақд пулда тўлаш керак экан. Банкоматдан нақд пул ечай десам, бутун бозорда электр ўчганлиги сабабли банкоматлар ҳам ўчиб ётибди. Ишонсангиз, 62 ёшимда бир километр йўл босиб, йўлнинг нариги бетидаги банкоматдан нақд пул ечдим, бир километр орқага қайтиб, олинган гўшт учун пулини тўладим. Бундан олдин “Ипподром бозори” ва “Ўрикзор бозори”да худди шундай ҳолат ўзим билан содир бўлган.

Албатта, бундай ҳолатларда харидор нақд пул тўлашга ёки сотувчи берган банк пластик рақамига харид пулини ўтказиб беришга мажбур бўлмоқда. Энг қизиғи, нақд пул ечилса ҳам, хусусий шахснинг пластик картасига пул ўтказиб беришда ҳам комиссиялар истеъмолчи ҳисобидан олиб қолинади. Истеъмолчи жазоланади.

Айтайлик, сиз савдо комплекси ёки бозорга савдо қилгани чиқдингиз, сизга товар ёки хизматнинг тўловини хусусий шахснинг банк пластик картасига ўтказиб беришни сўрашади. Сиз эса бунга рози эмассиз, бундай ҳолда кимга шикоят қилиш керак? Солиқ инспекторига шикоят қилишингиз керак. Катта бозорда солиқ инспекторни қаердан топасиз? Ким қўлидаги харид қилинган нарсалар билан инспекторни қидиради ёки унинг келишини кутиб ўтиради? Наҳотки, шу жойларда, шу масалада мурожаат қилиш учун қандайдир ташвиш тугмасими, инспектор столими қилиб бўлмайди?

Нима учун битта тадбиркорлик субъектининг қўлида бўлган супермаркетларда тўловларни амалга ошириш бўйича ишлар жойига тушди? Бозор ва савдо марказларидаги фолият кўрсатадиган тадбиркорлар ўртасида яширин иқтисодиётни йўқ қилиб бўлмаяпди? Булардан инсоф кутиб ўтирилса, истеъмолчи жабр кўравериши керакми? Солиқни зарур даражада тўламайдиган тадбиркор кимга керак?

Назоратни айнан шу жойларда кучлироқ амалга ошириш керак, истеъмолчида жойида тегишли давлат органига мурожаат қилиш имконияти бўлиши керак. Маъмурий ресурсларни тўғри йўналтириш керак. Яширин иқтисодиётга чек қўйиш керак. Ёки бу жойларда бизнес билан давлат органлари “келишиб” олганми, “чатишиб” кетганми?

Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 августдаги 253-сон қарори билан тасдиқланган қоидаларга мувофиқ савдо комплекслари ва бозорлар, унга туташган автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойлари фаолиятини, шунингдек савдо комплекси ҳудудида фаолият кўрсатувчи тадбиркорлик субектлари фаолиятини, улар томонидан ушбу қоидалар нормаларига, солиқ тўғрисидаги қонунларга, савдо фаолиятини тартибга солувчи бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилинишини назорат қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалга оширилади.

Ҳуқуқшунос Анвар Бозоров