БОЙСУНДАГИ М-25 КОНИНИ ХАВФСИЗЛАНТИРИШ ИШЛАРИ БОШЛАНДИ
Бойсун туманиданги М-25 конида авариявий қудуқни узоқ муддатли ва комплекс тарзда ёпиш ишлари бошланди. Лойиҳага “Ўзбекнефтгаз”, маҳаллий ҳокимлик ва Хитойнинг CNPC мутахассислари жалб этилган, иқтисодий ҳамда экологик оқибатлар бўйича саволлар очиқча қолмоқда.
Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги “Мустақилликнинг 25 йиллиги” (М-25) конида авариявий қудуқни ёпиш бўйича навбатдаги, бу сафар узоқ муддатли ва комплекс чораларни қамраб олувчи ишлар бошланди. 15 август куни “Ўзбекнефтгаз” раҳбарияти, Бойсун тумани ҳокимлиги ва Хитойнинг CNPC корпорацияси мутахассислари иштирокида лойиҳанинг амалий босқичига старт берилди.
Бу хабарнинг ўзиёқ муҳим бир саволни кун тартибига олиб чиқади: нега аварияни бартараф этиш учун икки йилга яқин вақт, яна янги технология ҳамда хорижий мутахассислар керак бўлди?
М-25 конидаги муаммо кеча пайдо бўлган эмас. 2024 йил 1 сентябрда 604-сонли қудуқда бурғилаш ишлари вақтида юқори босимли водород сульфид гази чиқиши қайд этилган. 15 сентябр куни қудуқ герметиклангани ва газ сизиши тўхтатилгани расман маълум қилинган. Аммо икки кун ўтиб, 17 сентябрда яна юқори босимли газ сизиб чиқиши кузатилди. Ўша воқеа оқибатида 4 киши ҳалок бўлган, 11 киши жароҳатланган.
Кейинги даврда ҳам кон атрофида газ чиқиши билан боғлиқ ҳолатлар такрорланди. 2026 йил июнь ойида “Ўзбекнефтгаз” раҳбари аварияни 2027 йилнинг биринчи ярмига қадар тўлиқ бартараф этиш режалаштирилаётганини маълум қилди. Бунинг учун CNPC билан ҳамкорлик бошлангани, қўшимча тўртта қудуқ бурғилаш кўзда тутилгани айтилди.
М-25 конининг мураккаблиги унинг захирасидагина эмас, геологик ва технологик шароитида ҳам.
Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, конда тасдиқланган бошланғич захиралар 108,6 миллиард куб метрни ташкил этади, 30 йиллик ишлаш даврида 81,2 миллиард куб метр газ қазиб олиш кутилган. Газ таркибида водород сульфид миқдори 7 фоизгача, карбонат ангидрид 12 фоизгача етиши, қатлам босими эса 65 МПа даражасида бўлиши мумкин. Ҳарорат айрим қатламларда 150 даражагача кўтарилади.
Яъни бу ерда юқори босим, юқори ҳарорат ва агрессив муҳитда ишлайдиган мураккаб иншоотни назоратга олиш вазифаси турибди.
Аммо асосий савол – йўқотилган газ учун ким жавоб беради?
М-25 атрофидаги авариянинг энг кам тилга олинаётган жиҳатларидан бири – газнинг узоқ вақт давомида назоратсиз чиқиши натижасида юзага келган иқтисодий йўқотишлар.
Очиқ расмий манбаларда авария даврида атмосферага айнан қанча куб метр товар гази чиқиб кетгани ҳақида якуний рақам эълон қилинмаган. Шунинг учун “фалон миллиард куб метр газ ҳавога чиқиб кетди” деган аниқ рақамни ҳозирча расмий факт сифатида келтириш тўғри бўлмайди. Коннинг режалаштирилган қайта ишлаш қуввати йилига 5 миллиард куб метр газни ташкил этади. Шунинг учун авария узоқ давом этган ҳар бир ой, ҳар бир кун иқтисодий йўқотиш нуқтаи назаридан ҳам ҳисобланиши керак.
Газнинг бир қисми ёқиб юборилган бўлса, бу ҳам ресурснинг товар маҳсулотига айланмасдан йўқотилиши демакдир. Атмосферага чиқарилган ёки назоратсиз сизиб кетган углеводородлар иқтисодий зарардан ташқари экологик оқибатларни ҳам келтириб чиқаради.
Хўш, 2024 йил сентябридан буён авария оқибатида қанча газ йўқотилди, унинг бозор қиймати қанча бўлди ва экологик зарар қандай ҳисобланди? Бу маълумотлар очиқланмас экан, М-25 атрофидаги воқеанинг иқтисодий баҳосини тўлиқ бериш қийин.
Биринчи уриниш нега етарли бўлмади?
2024 йил сентябрида қудуқнинг герметиклангани расман маълум қилинган эди. Аммо 17 сентябрда авария қайта такрорланди. Кейинги ойлар ва 2025 йилда ҳам конда турли газ чиқиши ҳолатлари кузатилгани хабар қилинди.
Бу ҳолат бир нарсани кўрсатади: муаммо фақат қудуқ оғзини вақтинча беркитиш билан ҳал бўладиган даражада эмас.
Энергетика вазирлиги ҳам 2024 йилдаги брифингда “Нега бу ҳодиса яна такрорланди?” деган саволга коннинг мураккаб геологик хусусиятлари, юқори босим ва газ таркиби билан боғлиқ омилларни келтирган.
Энди эса янги ёндашув танланмоқда: CNPC мутахассислари жалб қилинган, қўшимча қудуқлар бурғиланади ва аварияни тўлиқ бартараф этиш 2027 йилнинг биринчи ярмига мўлжалланган.
М-25 кони Ўзбекистон учун катта стратегик аҳамиятга эга. Расмий маълумотларда унинг захиралари ўнлаб миллиард куб метр билан ўлчанади. Демак, гап битта қудуқ ёки битта авария ҳақидагина эмас. Гап катта газ ресурсини хавфсиз ўзлаштириш, маҳаллий аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ва миллий иқтисодиёт учун йирик ресурсни йўқотмаслик ҳақида кетмоқда.
Шу нуқтаи назардан 15 августда бошланган ишлар оддий навбатдаги таъмирлаш тадбири сифатида эмас, икки йилга яқин давом этган муаммонинг якуний ечимига қаратилган синов сифатида қаралиши керак.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг