Интернет чиқди – бало чиқди. Тиши оғриса ҳам смартфон ва интернетга айб юклайдиган катта авлод айнан болаларга интернет чекловлар белгиламоқчи. Хўш, бундан бирор фойда борми ўзи?

Сўнгги йилларда дунё бўйлаб болаларнинг ижтимоий тармоқларга қарамлиги жиддий ижтимоий муаммога айланди. Илгари ота-оналар фарзанди кўчада ким билан юраётганидан хавотирланган бўлса, бугун улар боланинг қўлидаги телефон орқали қандай ғоялар, қандай одамлар ва қандай таъсирлар билан юзлашаётганидан хавфсирайди. Австралия, Франция, Норвегия, Озарбайжон каби давлатлар болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини чеклаш ёки ёш бўйича қатъий назорат жорий этишга бел боғлаган.

Бу ҳаракатнинг асосий мақсади – болаларни кибербуллинг, зарарли контент, фирибгарлик, интернетдаги жинсий эксплуатация ва психологик босимдан ҳимоя қилишдир.

Аммо тақиқ ҳақиқатан ҳам ечим бўладими?

Тадқиқотлар ижтимоий тармоқлардан ҳаддан ташқари фойдаланиш уйқу бузилиши, диққатнинг пасайиши, хавотир ва депрессия хавфининг ортиши билан боғлиқлигини кўрсатади. Алгоритмлар ўсмирларнинг қизиқишларини кузатиб, уларни экран қаршисида янада кўпроқ ушлаб қолишга ҳаракат қилади. Бу эса ҳали танқидий фикрлаш тўлиқ шаклланмаган ёшлар учун жиддий хавф ҳисобланади. Бироқ чекловнинг ҳам самараси аниқ эмас.

Бугунги ўсмир VPN, бошқа аккаунт ёки ёши ҳақида нотўғри маълумот киритиш орқали тақиқни айланиб ўтишни яхши билади. Фақат тақиқ билан чекланилса, муаммо интернетнинг “яширин” қисмига кўчиши мумкин, холос. Болалар даркнетдаги ижтимоий тармоқларга ўтиб кетмаслигини ҳеч ким кафолатламайди.

Мутахассислар самарали модел сифатида тўрт омилни кўрсатади:

ёшга оид оқилона чекловлар;

ота-она назорати ва мулоқоти;

мактабларда рақамли саводхонликни ошириш;

платформаларнинг болалар учун хавфсиз муҳит яратиш бўйича масъулиятини ошириш.

Болани интернетдан узиб қўйиш ўрнига, интернетдан тўғри фойдаланишни ўргатиш лозим. Чунки эртага бола барибир рақамли муҳитда яшайди, ишлайди ва таълим олади.

Ўзбекистон учун ҳам бу мавзу долзарб. Мамлакатда смартфондан фойдаланиш ёши тобора пасаймоқда. Бироқ болаларнинг ижтимоий тармоқларда қанча вақт ўтказиши, қандай контент кўриши ва бу уларнинг руҳий ҳолатига қандай таъсир қилиши бўйича тизимли тадқиқотлар ҳали етарли эмас.

Бизнингча, ижтимоий тармоқларни тақиқлаш масаласи болаларнинг хавфсизлиги ва келажакдаги психологик саломатлигини таъминлаш нуқтаи назаридан муҳокама қилиниши лозим. Чекловлар тарбия, рақамли маданият ва ота-она назорати билан уйғунлаштирилса, улар ижобий самара бериши мумкин. Акс ҳолда ҳар қандай тақиқ фақат вақтинчалик тўсиқ,  айланиб ўтиш қизиқ бўлган чегарага айланади.