Мендан Беҳзод Мусаев ҳақида фикр билдиришимни сўрашяпти. Ҳозирги воқеалар ҳусусида, яъни ижтимоий тармоқларда тарақалаётган гўёки Мусаевнинг Миграция агентлигининг Кореядаги ваколатхона масъулларига ҳар хил “груз”лар қўйиб келганлиги ҳақидаги маълумотлар ҳали ўз тасдиғини топмаган. Қолаверса, Миграция агентлиги расмий муносабат билдириб, бу маълумотларни рад қилди. Шу боис, булар ҳақида ҳозирча фикр билдиришдан йироқман. Тегишли органларнинг хулосасини кутган маъқул.

Лекин Мусаев билан ходимлар масаласида кўп тўқнаш келганмиз. Ташқи меҳнат миграция агентлигидан ноқонуний бўшатилган ходимлар биринчиси эмас. Айнан оммавий бўшатишлар борасида у кишига аввалдан эътироз билдириб келамиз. Охирги 6 йилда қайси идорага ва қайси соҳага масъул бўлмасин, ўша жойда ходимларнинг ноқонуний бўшатилиши, бўлганда ҳам, ёппасига бўшатилиши юз берган.

Масалан, эсласангиз, 2020-21 йилларда “СЭС” тизимида қайта ташкил этиш жараёни юз берганди ва жуда кўплаб ходимлар ноқонуний бўшатилганди. Ўшанда Мусаев Бош вазир ўринбосари эди ва у киши раислигида қабул қилинган йиғилиш баёнига асосан “СЭС” тизими ходимларини ёппасига бўшатиш ҳақида ноқонуний топшириқ берилган эди. Ўша пайтда Касаба уюшмалари федерациясидан бу жараённи тўхтатишни сўраб ёрдам сўраганмиз. Натижада, федерация раиси Қудратилла Рафиқов номидан Бош вазирга расмий хат киритилган ва ноқонуний бўшатишларнинг олдини олишда амалий ёрдам сўралган. Афсуски, бунгача жуда кўплаб ходимлар ишдан бўшатиб бўлинган эди. Шундан кейин, касаба уюшмалари билан бирга ишдан бўшатилган ходимларни судларда ҳимоя қилиб, қанчадан-қанча ходимларни суд қарорлари билан ишга тиклаганмиз. Ўша бўшатишларнинг бошида ҳам Мусаев жаноблари турган эди.

Кейин эса у киши ССВ вазири этиб тайинланди. Тайинланган заҳотиёқ, марказий аппарат ходимларининг (адашмасам, 100 га яқин ходимнинг) аризасини олиб ёппасига ишдан бўшатиб юборди. Бизга мурожаат қилган ходимларни Олий судда ишга тиклаган эдик ўша вақтда. Олий суднинг қарорида ҳам ўнлаб ходимлардан бир кунда ариза олинишида қистов бўлган деган важлар ёзилган. Лекин судларнинг ишга тиклаш ҳақидаги қарорлари акага чўт эмас эди. Хатто Бош прокуроримиз суд қарорини ижро қилиш ҳақида у кишига алоҳида хат чиқаришга мажбур бўлганди эсласангиз.

Шундан сўнг “Док1 Макс” иши юз берди. Буни қарангки, шундан кейин ҳам брат Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири лавозимига тайинланди. Кейинроқ Ташқи меҳнат миграция агентлиги Миграция агентлиги сифатида қайта ташкил этилди, Мусаев вазир лавозимидан озод қилиниб, Миграция раҳбарлигига тайинланди. Ва яна ўша ишлар юз берди. Ходимлар асоссиз равишда ишдан бўшатиб юборилди. Буёғидан эса хабарингиз бор. Ҳамма сарсон! Ходимлар ҳам, мутасаддилар ҳам, судлар ҳам.

Лекин шунча ишлардан кейин ҳам бу кишига гард юқмайди. Шунчаки қойил қолиш керак!

Муаллиф: Амалиётчи юрист Саидали Мухторалиев

(👉@yuristkadr телеграм каналидан олинди)