Беҳзод Мусаевда заррача сиёсий маданият, ор ёки виждон бўлса, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раҳбарлигидан дарҳол истеъфо бериши керак. Халқдан кечирим сўраб, ўз хоҳиши билан курсини бўшатиши керак. Агар Японияда бўлганида борми, Мусаев калибридаги мулозим ўзини харакири қилган бўларди.

Беҳзод Мусаев фақат Ташқи меҳнат миграцияси агентлигидаги 90 миллион долларлик можаро учун кетиши керак эмас. Бу одамнинг бутун амалдорлик траекторияси жавобгарликсизлик рамзига айланиб бўлгани учун кетиши керак.

2018 йилда матбуотда ИИВ сайтида “Беҳзод Мусаев Анварович” исмли шахс қидирувда тургани ҳақида хабарлар чиққан. Ўша хабарларда у Жиноят кодексининг 167, 175, 178, 179, 184 ва 205-моддалари – ўзлаштириш, давлат манфаатига зид битимлар, валюта яшириш, сохта тадбиркорлик, бюджет интизомини бузиш ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш каби оғир иқтисодий моддалар бўйича қидирувга берилгани ёзилган. Каримов даврида миллионларни ўпириб юбордида четга чиқиб сиёсий бошпана сўради. Бахтига Каримов ўлдию яна қайтиб келди.

Кейин унинг қидирувга берилгани ҳақидаги маълумот рўйхатдан олиб ташланганди. Нормал давлатда бундай савол очиқ қолмайди. Амалдор “бу мен эмасман” деб бир оғиз айтиб қўйиши билан иш битмайди. Ҳужжат, изоҳ, расмий текширув, жамоатчиликка ҳисобот бўлиши керак.

“Док-1 Макс” фожиасини эсласангиз керак?! Ўнлаб болалар ўлди. Депутатлар ҳам соғлиқни сақлаш раҳбарияти сиёсий жавобгарликни ўз бўйнига олмаганини айтди. Аммо Мусаев яна тизим ичида қолди, Соғликни сақлаш вазирлигидан яна бошқа лавозимларга силлиққина ўтиб қутулди.

Энди эса унинг қўли остидаги миграция тизимида одамларни “Кореяга ишга юборамиз” деб алдаган, миллионлаб долларлик пора ва фирибгарлик схемаси ҳақида гап кетяпти.

Бир амалдор атрофида шунча савол, шунча фожиа, шунча шубҳа тўпланса-ю, у ҳали ҳам креслода ўтирса — бу энди шахсий муаммо эмас. Бу тизим муаммоси.

Беҳзод Мусаев истеъфо бериши керак. Чунки раҳбарлик фақат лавозим эмас. Раҳбарлик – жавобгарлик. Аммо Беҳзод Мусаев ҳеч қачон бундай қилмайди. Чунки,  қани у шаҳомату мардлик!