Жиноят иши бор. Миллиард сўмлик қонунбузилиш расман аниқланган. Собиқ амалдор кетма-кет ҳужжатлар эълон қилмоқда. Энди Президентга берилган ҳисоботнинг ўзи ҳам савол остига қўйилди. Лекин Миграция агентлиги директори Беҳзод Мусаев ҳамон лавозимида. Нега?

Ўзбекистонда ҳамма айнан шу саволни бермоқда. Миграция агентлиги оғзига талқон солиб олган. Беҳзод Мусаев юмронқозиққа ўхшаб ернинг остига кириб кетгандек гўё.

Бу саволга «Мусаев айбдор» ёки «Мусаевни кимдир ҳимоя қиляпти» деган осон жавоб бериш журналистика эмас албатта. Ҳозирча Беҳзод Мусаевнинг шахсан жиноят содир этгани суд томонидан аниқлангани йўқ. Унинг ўзига нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ёки у гумонланувчи мақомига эга экани ҳақида ҳам очиқ расмий маълумот мавжуд эмас. Фақат миш миш бор.

Яна аччиқ ҳақиқат бор. Мусаев раҳбарлик қилаётган тизим атрофидаги саволлар энди телеграмдаги шов-шув даражасидан ташқарига чиқиб бўлди. Уларнинг айримлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар текширувида тасдиқланган.

Ва мана шу нуқтадан кейин «нега раҳбарга сиёсий ёки маъмурий масъулият масаласи қўйилмаяпти?» деган савол мутлақо қонуний тус олади.

Азизбек Тоштемиров ойлар давомида Миграция агентлиги ва Беҳзод Мусаевга нисбатан оғир айбловларни эълон қилиб келмоқда.

Аввалига буни собиқ ходим билан амалдаги раҳбар ўртасидаги шахсий низо сифатида қабул қилиш мумкин эди. Кўпчилик ҳозир ҳам шундай фикрда.

Бунинг устига Миграция агентлиги 6 августдаги расмий баёнотида Тоштемировнинг иддаоларини «ҳақиқатга мутлақо тўғри келмайдиган маълумотлар» деб атади ва асосий эътиборни Тоштемировнинг ўзи ҳамда унинг мол-мулкига қаратди. Агентлик унинг 2020–2025 йиллардаги расмий даромадлари билан ўзи ва яқинлари номидаги кўчмас мулклар ўртасида катта тафовут борлигини билдирди.

Бу – агентликнинг позицияси. Аммо кейин бир муҳим воқеа юз берди.

Тоштемиров аввалроқ агентликда амалда ишламаган одамларга ойлик тўлангани ҳақида даъво қилган эди. Орадан вақт ўтиб, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Миграция агентлигида икки ходимга амалда ишламаган даври учун 931,6 миллион сўм иш ҳақи тўланганини, яна саккиз нафар интизомий жазоси бўлган ходимга 88,5 миллион сўм тўлов қилинганини маълум қилди.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси – ўзлаштириш ёки растрата билан боғлиқ модда бўйича жиноят иши қўзғатилди.

Бу ерда ҳам жуда муҳим чизиқ бор. Прокуратура Мусаевни айбдор деб айтгани йўқ.

Лекин прокуратура «ҳаммаси уйдирма экан» деб ҳам айтмади.

Аксинча, Мусаев бошқараётган идора ичида миллиард сўмдан зиёд маблағ билан боғлиқ қонунбузилиш аломатлари борлигини расман аниқланди.

Шунинг ўзи вазиятни бутунлай ўзгартиради.

Унутмайлик Мусаев ҳужжат бўйича Агентликка шахсан масъул бўлган энг катта мулозим.

Энг қизиқ нуқта шу ерда. 2024 йил 17 октябрда қабул қилинган Президентнинг ПФ–162-сон фармони билан янги Миграция агентлигининг ваколатлари белгилаб берилган.

Фармонда агентлик директори ташкилот ва унинг тизими ишини тўғри ва самарали ташкил этиш, белгиланган мақсадли кўрсаткичларга эришиш учун шахсан жавобгар экани қайд этилган.

Ҳатто ҳужжатнинг 14-бандида Беҳзод Мусаевнинг исми алоҳида кўрсатилиб, фармон ижросини самарали ташкил этиш учун шахсан масъул этиб белгиланган. Назорат эса Бош вазир Абдулла Арипов зиммасига юклатилган.

Айнан мана шу ерда чигалликка ечим топилгандай бўлади.

Агар раҳбар тизимнинг самарали ва тўғри ишлаши учун «шахсан масъул» бўлса, унинг ташкилотида миллиард сўмлик эҳтимолий растрата аниқланганда бу шахсий масъулият нимани англатади?

Фақат яхши натижалар учун масъул бўлиб, ёмон натижаларда «буни қуйидаги ходимлар қилган» дейиш мумкинми?

Агар шундай бўлса, «шахсий масъулият» деган иборанинг давлат бошқарувида қандай мазмуни қолади?

Кеча, 17 августда Тоштемиров яна бир жиддий ҳужжатни жамоатчиликка чиқарди.

Унинг айтишича, бу 2024 йилда Корея Республикасига амалга оширилган хизмат сафари натижалари бўйича Президентга тақдим этилган ҳисобот.

Эълон қилинган нусхаларда жуда катта натижалар қайд этилган.

Жумладан, EPS-TOPIK имтиҳонидан ўтиш мезонини амалдаги 80 тадан 40 та тўғри жавобга тушириш бўйича келишувга эришилгани;

Ўзбекистон профессионал коллежлари дипломларини Е-7 визаси учун тан олиш бўйича келишилгани;

Кореяда автомобилсозлик, қурилиш ва бошқа соҳаларда 17 мингта бўш иш ўрни аниқлангани;

Е-8 мавсумий меҳнат визаси бўйича йўналиш қайта тиклангани ҳақида ёзилган.

Тоштемиров эса ўша музокараларнинг иштирокчиси бўлганини айтиб, бу натижаларнинг бир қисми аслида келишув эмас, таклиф, музокара ёки тажриба-синов босқичидаги масала бўлганини иддао қилмоқда.

Тўғри, бу ҳам Тоштемиров илгар сураётган даъво. Лекин уни текшириш жудаям осон-ку.

Корея томони билан имзоланган протоколларни кўриб чиқиш керак, вассалом. Ҳаммаси ойдинлашади.

ХЎШ, НЕГА МУСАЕВ ҲАЛИ ҲАМ ЛАВОЗИМИДА?

Элтузар бунинг бешта эҳтимолий изоҳини топди:

1. ЧУНКИ ҲУҚУҚИЙ ЖИҲАТДАН МУСАЕВГА НИСБАТАН АЙБЛОВ ИЛГАРИ СУРИЛГАНМИ ЙЎҚМИ – БИЗ БИЛМАЙМИЗ.

Бу энг оддий ва энг кучли юридик жавоб.

Ташкилотда жиноят иши қўзғатилиши унинг раҳбарини автоматик равишда жиноятчига айлантирмайди. Бухгалтер пулни ўтказган бўлиши мумкин. Кадрлар хизмати нотўғри ҳужжат расмийлаштирган бўлиши мумкин. Бошқа раҳбарлар буйруқ берган бўлиши мумкин.

Тергов айнан ким қарор қабул қилганини аниқлаши керак. Шунинг учун Мусаевни ҳозир «жиноятчи» деб аташ учун асос йўқ.

Аммо жиноий жавобгарлик билан сиёсий ва бошқарув масъулияти бир хил нарса эмас.

Айнан мана шу иккинчи масала бўйича жавоб ҳали йўқ.

МУСАЕВ — ТИЗИМ УЧУН ЯНГИ ОДАМ ЭМАС

Беҳзод Мусаев Ўзбекистон давлат бошқарувида бир неча юқори лавозимларда ишлаган амалдор.

У Давлат солиқ қўмитаси раиси, Бош вазир ўринбосари, Соғлиқни сақлаш вазири, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири каби лавозимларда ишлаган, 2024 йилда эса миграция тизими раҳбарлигига ўтказилган.

Бу фактнинг ўзи «унинг ҳимоячиси бор» деган хулосани исботламайди.

Аммо шуни ккўрсатадики, Мусаев тасодифий ўрта бўғин чиновниги эмас. У узоқ йиллар давомида юқори даражадаги давлат вазифалари ишониб топширилган кадр.

Бундай кадрларга нисбатан қарор одатда юқори даражадаги сиёсий ва ҳуқуқий баҳолашдан кейин қабул қилиниши табиий.

Жамоатчиликда эса айнан шу ҳолат «оддий амалдор бўлганида аллақачон ишдан кетган бўларди» деган таассуротни кучайтирмоқда.

Бу таассуротни фақат битта нарса йўқота олади – ОЧИҚ ТЕКШИРУВ.

Тизим ҳозирча Мусаевни эмас, унинг атрофидаги ҳолатларни текширяпти

Энг муҳим нуқта шу бўлиши мумкин.

5 августдаги расмий ахборотда жиноят иши Миграция агентлигидаги маблағлар бўйича қўзғатилган, аммо жамоатчиликка гумонланувчиларнинг тўлиқ кимлиги маълум қилинмаган. Маҳаллий нашрлар ҳам терговда кимлар гумонланувчи сифатида иштирок этаётгани очиқланмаганини қайд этди.

Демак, ҳозирги босқичда тергов «Мусаев айбдорми?»

деган саволга эмас, аввало «Пулни ким ва қайси ҳужжат асосида ўтказган?»

деган саволга жавоб излаётган бўлиши мумкин.

Агар бу занжир юқорига чиқса – вазият ўзгаради. Агар чиқмаса – Мусаев лавозимида қолиши мумкин.