Миграция агентлигининг Жанубий Кореядаги собиқ вакили Азизбек Тоштемиров агентлик раҳбари Беҳзод Мусаевга қарши навбатдаги жиддий айбловларни эълон қилди. Бу сафар гап Мусаевнинг «ишонган командаси» деб кўрсатилаётган айрим юқори лавозимли ходимларга тўланган ўнлаб, ҳатто юз миллионлаб сўм маблағлар ҳақида кетмоқда.

Тоштемиров 7 август куни ўзининг «Koreya 24 soat» Telegram каналида эълон қилган маълумотларда Миграция агентлиги матбуот котиби, бош бухгалтери, юристи ва кадрлар бўлими раҳбарига 2026 йилнинг айрим ойларида 100 миллион сўмдан ошадиган тўловлар ҳисобланганини иддао қилди.

У келтирган рақамларга кўра, агентлик матбуот котиби Гулруҳ Тулаева февраль ойидан бошлаб тўрт беш ой ичида жаъми 439 миллион сўм маош олган.

Бош бухгалтер Жасур Ташматов эса феврал ойидан бошлаб тўрт ой ичида 299 миллион сўм тўланган.

Тоштемиров юрист Абдусамад Абдукаримовга февраль ойида 97 миллион сўм, кейинги ойларда 45–89 миллион сўм оралиғида маблағ ҳисобланганини, кадрлар бўлими бошлиғи Олим Қодировга эса май ойида 100 миллион сўм тўланганини иддао қилган.

Тоштемиров келтирган рақамларнинг ўзи жамланса, тўрт нафар ходимга кўрсатилган даврлар учун қарийб 1 миллиард 486 миллион сўм тўғри келади.

Бу рақамлар ҳозирча Элтузар томонидан мустақил равишда тасдиқланган эмас. Шунингдек, Тоштемиров «ойлик» деб атаётган суммалар фақат лавозим маошими ёки улар таркибига устама, мукофот, компенсация, аввалги даврлар учун тўлов ва бошқа ҳисоб-китоблар ҳам кирганми – очиқ эмас.

Аммо айнан шу саволларга жавоб бериш Миграция агентлиги раҳбариятининг вазифаси.

Чунки давлат ташкилотида матбуот котибига бир ойда 126 миллион сўм, кадрлар бўлими раҳбари ва бош бухгалтерга 100 миллион сўмдан маблағ ҳисобланган бўлса, жамоатчилик бу пул нима учун тўланганини билишга ҳақли.

126 миллион сўм – матбуот котибининг оддий иш ҳақими? Мукофотми? Устамами? Қайси натижа учун берилган? Қайси ҳужжат асосида?

Бу саволларни «асоссиз маълумот» деган бир жумлали муносабат билан ёпиб бўлмайди.

Айниқса, Миграция агентлигида иш ҳақи тўлаш масаласи бўйича жиноят иши қўзғатилгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлган бир пайтда.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент текширувида Миграция агентлигининг икки ходими – Баҳром Жабборов ва Наби Атахановга амалда ишламаган даври учун 931,6 миллион сўм, яна саккиз нафар ходимга интизомий жазо амал қилган даврда 88,5 миллион сўм тўлангани аниқланган. Ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 167-моддаси билан жиноят иши қўзғатилгани хабар қилинган.

Прокуратура текширувининг ўзи Миграция агентлигида амалда ишламаган одамларга юз миллионлаб сўм иш ҳақи ҳисоблаш ҳолати бўлганини кўрсатмоқда.

Бу эса Тоштемировнинг аввалги «ўлик жонлар» ҳақидаги даъволаридан кейин пайдо бўлган саволларни янада жиддийлаштиради.

46 МИЛЛИОНЛИК ҲАЙДОВЧИДАН 126 МИЛЛИОНЛИК МАТБУОТ КОТИБИГАЧА

Элтузар аввал ҳам Тоштемировнинг Миграция агентлиги раҳбариятига оид қатор чиқишларини ёритган.

Хусусан, у Наби Атаханов ва Баҳром Жабборов исмли шахслар Миграция агентлигида расман ишловчи сифатида кўрсатилгани, аслида эса улар Беҳзод Мусаевнинг шахсий хонадонида ҳайдовчи ва бошқа ишлар билан шуғуллангани, улардан бирига айрим ойларда 46 миллион сўмгача маблағ тўланганини иддао қилган эди.

Тоштемиров бу шахсларни «ўлик жонлар» деб атаган ва улар агентлик ходимлари ҳисобидан маош олгани ҳақида ҳужжатлар борлигини билдирган. Унинг Telegram каналида бу даъволар ҳозир ҳам очиқ турибди.

Энди эса гап фақат уйда ишлаган деб кўрсатилаётган икки шахс ҳақида эмас, балки Мусаев атрофида шаклланган раҳбар кадрларга қандай асосда юз миллионлаб сўм тўланаётгани ҳақида кетмоқда.

Тоштемиров кадрлар бўлими бошлиғига 100 миллион сўм тўланганини аввалги «ўлик жонлар» масаласи билан ҳам боғламоқда. Бу унинг шахсий хулосаси ва ҳозирча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тасдиқланган факт эмас.

Аммо Мусаев раҳбар сифатида оддий бир нарсани қилиши мумкин: иш ҳақи ведомостларини, мукофот ва устамаларни белгилаш асосларини очиқлаш.

Агар барчаси қонуний бўлса, бу ҳужжатлар кўплаб саволларга бирданига нуқта қўяди.

Агар очиқланмаса, саволлар кўпайишда давом этади.

«700 КИШИ КОРЕЯГА КЕТДИ» – НАТИЖА НЕГА БУ ҚАДАР ПАСТ?

Тоштемиров янги баёнотида Мусаев бошқарувининг яна бир оғриқли нуқтаси -Жанубий Кореяга ишчи юбориш натижаларини ҳам кўтарган.

Унинг айтишича, 2022–2023 йилларда у фаолият юритган даврда ҳар йили 5 мингга яқин фуқаронинг Кореяда бандлиги таъминланган. 2026 йилда эса ҳозиргача атиги 700 нафар атрофида фуқаро Кореяга юборилган.

Миграция агентлигининг ўз маълумотлари ҳам бу йилги кўрсаткичлар бўйича қизиқ манзарани кўрсатади. Агентлик июль ойида биринчи танловда 253 нафар, иккинчи танловда 470 нафар – жами 723 нафар номзод Корея иш берувчилари томонидан танлангани ва уларга меҳнат шартномалари келганини билдирган. Шу хабарда навбатдаги 120 нафар фуқаро Кореяга кузатилгани ҳам айтилган.

Албатта, «танланган номзод», «меҳнат шартномаси олган фуқаро» ва «Кореяга амалда жўнаб кетган ишчи» бир хил статистика эмас. Шунинг учун 2022–2023 йиллардаги 5 минглик рақам билан 2026 йил кўрсаткичларини тўлиқ солиштириш учун Агентлик расмий ва бир хил методикадаги статистикани эълон қилиши керак.

АГЕНТЛИК АВВАЛ ҲАМ «АСОССИЗ» ДЕГАН

Азизбек Тоштемиров июнь ойидан бери Беҳзод Мусаев ва Миграция агентлиги раҳбариятига қарши қатор жиддий коррупция ва манфаатлар тўқнашувига оид иддаоларни эълон қилиб келмоқда. Озодлик ҳам Тоштемиров номидан материаллар чиқаётган Telegram канал унга тегишли эканини тасдиқлаган, бироқ унинг барча материаллари ҳаққонийлигини мустақил текшириш имкони бўлмаганини қайд этган.

20 июнь куни Миграция агентлиги бу чиқишларга умумий муносабат билдириб, интернетда раҳбарият ҳақида «ҳақиқатга тўғри келмайдиган, текширилмаган ва бир томонлама талқин қилинган маълумотлар» тарқатилаётганини билдирган.

Агентлик ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар текширув олиб бораётгани ва барча ҳолатларга ҳуқуқий баҳо берилишини айтган. Бироқ Тоштемиров эълон қилган ҳужжатлар ва конкрет эпизодларга бандма-банд жавоб берилмаган.

Шундан кейин Миграция агентлигида амалда ишламаган икки ходимга 931,6 миллион сўм тўлангани ҳақида прокуратура текшируви натижалари пайдо бўлди.

Демак, энди «ҳаммаси асоссиз» деган умумий иборанинг ўзи етарли эмас.

Беҳзод Мусаев ҳозир ҳам Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги директори сифатида расмий кўрсатилган.

Шундай экан, жамоатчилик унинг раҳбарлигидаги идорадан жуда оддий жавобларни кутишга ҳақли:

126 миллион сўм нима учун тўланган? 100 миллионлик тўловлар ниманинг эвазига берилган? Бу маблағлар иш ҳақими, мукофотми ёки бошқа тўловми? Миграция агентлигида юқори лавозимли ходимларга ҳақ тўлашнинг аниқ мезони қандай?

Ва энг муҳими – чет элда минглаб ўзбекистонлик оғир шароитда ишлаб, оиласига пул жўнатаётган бир пайтда, мигрантлар манфаатини ҳимоя қилиш учун тузилган давлат идорасида юз миллионлик тўловларнинг жамоатчиликдан яширин қолишига нима асос бор?

Тоштемировнинг барча айбловлари суд ҳукми билан исботланган факт эмас. Лекин прокуратура текшируви Миграция агентлигида иш ҳақи билан боғлиқ жиддий қонунбузарлик аломатларини аниқлаган бир шароитда, Беҳзод Мусаев раҳбарлигидаги идоранинг сукут сақлаши ёки умумий раддия билан чекланиши энди ишончли жавоб бўла олмайди.

Жамоатчиликка раддия эмас – рақам, ҳужжат ва ҳисоб керак.