ДИҚҚАТ! КАРТАНГИЗДАГИ ПУЛЛАРИНГИЗ ҲАҚИДА СОЛИҚЧИЛАРГА ХАБАР БЕРИЛАДИ
Янги лойиҳага кўра, банклар картангизга тушаётган йирик пул маблағлари ҳақида маълумотни Солиқ қўмитасига узатиши мумкин. Муаллиф солиқ интизомини кучайтириш билан бирга банкка ишончга таъсирини ҳам таҳлил қилади.
Банк сирининг чекланиши солиқ интизомини кучайтириш учунми ёхуд янги тартиб истеъмолчи манфаатига қандай таъсир кўрсатади
Сўнгги кунларда жамоатчилик муҳокамасига қўйилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси аҳоли орасида қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда.
Лойиҳага кўра, банклар жисмоний шахсларнинг ҳисобварақлари ва омонатлари ҳақидаги айрим маълумотларни Солиқ қўмитасига тақдим этиши мумкин. Хусусан, ҳисобварақ ва омонатларнинг очилиши, ёпилиши, реквизитларининг ўзгариши ҳамда бир ой давомида картага бошқа жисмоний шахслар ёки электрон ҳамёнлардан 500 БҲМдан (206 миллион сўмдан) ортиқ маблағ келиб тушган ҳолатларда маълумотлар солиқ органларига юборилиши назарда тутилмоқда.
Мазкур ташаббуснинг асосий мақсади яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш, ноқонуний молиявий операцияларни аниқлаш ва солиқ базасини кенгайтиришдан иборат.
Давлат органлари нуқтаи назаридан бу иқтисодиётдаги шаффофликни таъминлашга хизмат қилиши мумкин. Бироқ масаланинг иккинчи томони аҳолининг банк тизимига бўлган ишончи.
Кўплаб фуқаролар банкдаги маблағлари ҳақидаги маълумотлар давлат органларига тақдим этилиши банк сири тамойилига зид келиши мумкинлигини таъкидламоқда.
Айнан ишонч банк тизимининг энг муҳим капитали ҳисобланади. Агар омонатчилар ўз маблағлари ҳақидаги маълумотлар кенг доирада қўлланилади деб ҳисобласа, айрим ҳолатларда маблағларни нақд шаклда сақлаш ёки норасмий молиявий айланмалардан фойдаланишга мойиллик ортиши мумкин.
Хорижий тажрибага назар ташласак, ривожланган давлатларда ҳам банклар маълум ҳолатларда давлат органларига ахборот тақдим этади. Масалан, АҚШда банклар катта ҳажмдаги шубҳали транзакциялар ҳақида молиявий мониторинг органларига хабар беради.
Европа Иттифоқи давлатларида ҳам пул ювиш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш мақсадида молиявий маълумотлар назорат қилинади. Бироқ бу мамлакатларда маълумотлардан фойдаланиш тартиби, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш механизмлари ва мустақил суд назорати аниқ белгиланган.
Германия, Франция ва Буюк Британия каби давлатларда банк маълумотларига давлат органларининг кириши қатъий ҳуқуқий асослар билан тартибга солинади. Фуқаролар ўз маълумотлари қандай мақсадда ишлатилаётгани ва уларнинг ҳуқуқлари қандай ҳимоя қилинаётгани ҳақида аниқ ахборотга эга.
Ўзбекистон учун ҳам энг муҳим масала шаффофлик ва ишонч ўртасидаги мувозанатни сақлашдир. Агар янги тартиб жорий этилса, фуқароларнинг шахсий маълумотлари ҳимоя қилиниши, маълумотлардан фақат қонун доирасида фойдаланилиши ва назорат механизмлари очиқ бўлиши лозим. Акс ҳолда, солиқ интизомини кучайтиришга қаратилган ислоҳот аҳолининг банк тизимига бўлган ишончига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Гапнинг пўсткалласи иқтисодиётни легаллаштириш ва солиқ тушумларини ошириш муҳим вазифа. Бироқ ҳар қандай молиявий ислоҳотнинг муваффақияти фақат назоратнинг кучайтирилиши билан эмас, балки фуқароларнинг давлат ва банк тизимига бўлган ишончини сақлаб қолиш билан белгиланади. Банк эса бу интизомни қўпол тарзда бузмоқда.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг