БАНК СИРИГА ТЕГМАНГ – ИШОНЧНИ СИНДИРМАНГ
Солиқ қўмитаси лойиҳасига кўра, банклар мижозларнинг ҳисобварақ ва омонатлари ҳақидаги маълумотларни солиқ органларига тўғридан-тўғри беришлари мумкин. Муаллиф бу тартиб банк сири, шахсий дахлсизлик ва молия тизимига ишончга қандай хавф солишини кўтармоқда.
Солиқ қўмитаси муҳокамага қўйган янги лойиҳа кўпчиликни жиддий ўйлантириши керак.
Лойиҳага кўра, банклар фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳисобварақлари ҳамда омонатлари ҳақидаги маълумотларни солиқ органларига тўғридан-тўғри электрон шаклда бериши мумкин.
Бу одамларда “банк сири қаерда қолди?” деган асосли саволни пайдо қилмоқда.
Банкка пул қўйиш аввало ишонч масаласига бориб тақалади. Одам ўз маблағини банкка ишониб топширади. Агар эртага унинг ҳисобварағи ва омонати ҳақидаги маълумотлар идоралар ўртасида бемалол айланадиган бўлса, бу ишончга дарз кетади.
Ҳозир биз солиқ тўлашдан қочиш ҳақида фикр юритаётганимиз йўқ. Гап фуқаронинг шахсий молиявий маълумоти, дахлсизлик ҳуқуқи ва Конституцияда кафолатланган ҳимоя ҳақида кетмоқда.
Ҳар қандай давлат идораси ўз ишини самарали қилишни истайди. Бу тушунарли. Лекин самарадорлик баҳонаси билан одамларнинг ишончи қурбон қилинмаслиги керак.
Бугун жамоатчилик бунга бефарқ қараса, эртага бу тартиб оддий ҳолатга айланиб қолиши мумкин. Кейин одамлар банкларга эмас, нақд пулга, уйда сақлашга, норасмий йўлларга кўпроқ ишона бошлайди. Бу иқтисодиёт учун ҳам, давлат учун ҳам, жамият учун ҳам яхши оқибатларга олиб келмайди.
Марказий банк бу масалада аниқ ва қатъий позиция билдириши керак. Банк сири – шунчаки расмий ибора эмас. У бутун молия тизимига бўлган ишончнинг асосидир.
Ишончни қуриш қийин. Уни йўқотиш эса жуда осон.
Шунинг учун бу лойиҳа жиддий қайта кўриб чиқилиши, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва банк сирини ҳимоя қиладиган кафолатларсиз қабул қилинмаслиги керак.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг