Аввалроқ Қўқон шаҳридаги айрим мактабларга директорларни тайинлаш жараёнида мнежерлик сертификатлари инобатга олирмаётгани, сертификати йўқ шахслар директорлик лавозимига тайинланаётгани ҳақида Элтузар хабар берган эдик.

Энди шу ҳолат Бағдод туманида ҳам кузатилаётгани ҳақида мурожаат келиб тушди.

Мурожаатда айтилишича, Бағдод туманидаги 22-умумтаълим мактабига Зумрадхон Саломова директор этиб тайинланди. Бу кадрда тегишли менежерлик сертификати мавжуд эмас, сертификат олиш учун махсус тайёргарликдан ўтган бошқа кадрлар эса эътибордан четда қолди. Тайинловда таниш-билишчилик омиллари бўлиши мумкинми? Ёки давлатнинг менежерлик сертификати деган талаби Фарғона вилояти ММТБга чўт эмасми?

Мактаб директорларини тайинлашда касбий тайёргарлик ва менежерлик сертификати асосий талаб сифатида белгиланган, нега бу талабнинг бажарилиши оқсаяпти?

Президент ташаббуси билан таълим тизимида бошқарув сифатини ошириш, мактаб раҳбарларининг касбий салоҳиятини мустаҳкамлаш ва муносиб кадрларни танлашга қаратилган ислоҳотлар белгилангани маълум.

Шундай экан, жойлардаги ҳар бир раҳбар тайинлови белгиланган тартиб ва талабларга мувофиқ бўлиши керак.

22-мактаб директори қайси танлов ва қандай ҳуқуқий асосда лавозимига тайинланган? Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ушбу тайинлов юзасидан қандай изоҳ беради? Бера оладими?