Бугун Ўзбекистон бўйлаб навбатдаги “Автомобилсиз кун” акцияси ўтказилади. Мазкур ташаббус Президентнинг “Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда. Унга кўра, ҳар ойнинг 10 ва 25-саналари “Автомобилсиз кун” этиб белгиланган.

Акция доирасида давлат ташкилотлари ва идоралари ходимларига хизмат автомобилларидан фойдаланиш қатъиян тақиқланади. Мақсад – транспорт воситаларидан чиқадиган зарарли газларни камайтириш, ҳавонинг экологик ҳолатини яхшилаш ва аҳолида экологик маданиятни шакллантириш.

“Автомобилсиз кун”нинг ғояси, шубҳасиз, ижобий. Аммо унинг самарадорлигини фақат бир кун давомида кўчаларда автомобиллар сонининг камайиши билан баҳолаб бўлмайди.

Агар акция фақат давлат ташкилотлари ходимларининг хизмат автомобилларидан фойдаланмаслиги билан чекланиб қолса, унинг умумий экологик таъсири чекланган бўлиши мумкин. Чунки шаҳарлардаги транспорт оқимининг катта қисмини шахсий автомобиллар, таксилар, юк машиналари ва бошқа транспорт воситалари ташкил этади.

Шу сабабли “Автомобилсиз кун”ни оддий тақиқ сифатида эмас, балки транспорт сиёсатини қайта кўриб чиқишга ундайдиган механизм сифатида қараш муҳим.

Фуқародан автомобилидан фойдаланмасликни сўраш учун, аввало, унга қулай муқобил транспорт таклиф этилиши керак.

Жамоат транспорти ўз вақтида келиши, йўналишлар етарли бўлиши, автобуслар ҳаддан ташқари гавжум бўлмаслиги ва пиёдалар учун хавфсиз шароит яратилиши зарур.

Акс ҳолда “Автомобилсиз кун” аҳолига экологик ташаббусдан кўра қўшимча ноқулайлик сифатида кўриниши мумкин.

Бундан ташқари, велосипед ва пиёдалар инфратузилмаси ҳам ривожлантирилиши керак. Чунки автомобилдан воз кечишнинг энг мақбул йўли – одамларни мажбурлаш эмас, қулай ва арзон алтернативани яратиш.

Акциянинг ҳақиқий самараси “ўтказилди” деган ҳисобот билан эмас, аниқ кўрсаткичлар билан баҳоланиши керак.

Масалан акция куни транспорт оқими қанча камайди, ҳаводаги зарарли моддалар миқдори қанчага ўзгарди,  жамоат транспортидан фойдаланувчилар сони қанча ошди, тирбандликлар камайганми, аҳолининг акцияга муносабати қандай каби саволлар камида бир кундан кейин эълон қилиниши керак.

Фақат мана шу кунлардагина раҳбарларнинг жамоат транспортида юрганини кўз-кўз қилмасдан, ана шундай маълумотлар мунтазам эълон қилиб борилса, жамоатчилик ҳам ташаббуснинг реал самарасини кўра олади.

Ҳаво ифлосланишини фақат автомобиллар билан боғлаш ҳам тўғри эмас. Саноат корхоналари, қурилиш, йўл чанги, иситиш тизимлари ва бошқа омиллар ҳам экологик вазиятга таъсир қилади. Шунинг учун “Тоза ҳаво” лойиҳаси доирасидаги ишлар транспорт билан бир қаторда бошқа ифлосланиш манбаларини ҳам қамраб олиши лозим.

“Автомобилсиз кун”нинг энг катта фойдаси бир кунлик экологик натижадан кўра, жамиятда янги одат ва қарашларни шакллантиришида бўлиши мумкин.

Автомобил – қулайлик. Аммо шаҳар муҳити, инсон саломатлиги ва тоза ҳаво ҳам умумий манфаат. Шу боис масала “автомобил ҳайдаш мумкинми ёки йўқми?” деган саволдан кўра, “одамларга автомобилсиз ҳам қулай яшаш имкониятини ярата оляпмизми?” деган саволга бориб тақалади.