Қирғизистоннинг биринчи президенти Асқар Ақаев Ўзбекистоннинг марҳум раҳбари Ислом Каримов давридаги ёпиқ сиёсат Қирғизистон ва Қозоғистон тадбиркорлари учун имконият яратганини айтди.

BBC Uzbek хабарига кўра, Ақаев бу фикрларни яқинда эълон қилинган подкастда билдирган. Унинг таъкидлашича, агар Ўзбекистон ўша йилларда ҳозирги Мирзиёев давридагидек ташқи дунёга очиқ сиёсат юритганида, қирғиз тадбиркорлари ўзбек бизнеси билан рақобатлашиши қийин бўларди.

Ақаевнинг айтишича, Совет давридаёқ ўзбеклар савдо ва бозор муносабатларига бошқа халқларга нисбатан тайёрроқ бўлган. Шу боис у мустақилликнинг дастлабки йилларида бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнида қирғизлар ўзбеклар билан рақобатлаша оладими, деган савол уни кўп ўйлантирганини билдирган.

Қирғизистон собиқ раҳбари Каримовнинг Ўзбекистонни ёпиқ сақлаган сиёсати қўшни мамлакатлар тадбиркорлари учун бўш майдон очганини таъкидлаб, шу сабабли ҳатто “Қирғизистонда Ислом Каримовга ҳайкал ўрнатган бўлардим”, деган.

Ақаевга кўра, айнан шу шароитда қирғиз тадбиркорлари савдо-сотиқни ўрганиб, бозор механизмларини ўзлаштирган. У буни қирғизларнинг мослашувчанлиги ва иқтисодий қобилияти сифатида баҳолаган.

Асқар Ақаев Қирғизистоннинг мустақилликдан кейинги биринчи президенти ҳисобланади. У 1990 йилда Қирғизистон парламенти томонидан президент этиб сайланган. Дастлаб халқаро майдонда демократик ислоҳотлар тарафдори сифатида кўрилган Ақаев кейинги йилларда ҳокимиятни марказлаштириш, сайловлар шаффофлиги ва оила аъзоларининг давлат бошқарувидаги таъсири юзасидан танқидларга учраган.

У 2005 йилги сиёсий инқироз ва оммавий норозиликлардан сўнг ҳокимиятдан кетган.