Яқин Шарқдаги ҳар бир кескинлик ортида фақат ракета, санкция ёки дипломатик баёнот турмайди. Баъзан у ерда сўзнинг ўзи ҳам қуролга айланади. Бир давлат бошқасини “мавжудликка таҳдид” сифатида кўрсата бошласа, бу оддий сиёсий баҳс эмас, катта қарама-қаршиликка йўл очадиган жараёндир.

Эрон атрофидаги баҳслар ҳам айнан шундай нуқтага келиб қолган. АҚШ ва Исроил йиллар давомида Теҳронни минтақавий хавф, ядровий таҳдид, мафкуравий рақиб ва Ғарб тартибига қарши куч сифатида тасвирлаб келади. Бу тасвир тасодифий эмас. Унинг ортида тарих, география, сиёсат, ресурслар ва хавфсизлик билан боғлиқ чуқур сабаблар бор.

Эрон – “эгиб” бўлмаган цивилизация

Эрон оддий давлат эмас. У минг йиллар давомида турли босқинлар, ташқи таъсирлар ва сиёсий силкинишларни бошидан кечирган қадимий цивилизациядир. Искандар юришлари, исломлашув, турк ва мўғул босқинлари, ички инқилоблар, ташқи аралашувлар, буларнинг ҳеч бири Эроннинг ўзлигини бутунлай йўқ қила олмаган.

Аксинча, Эрон кўп ҳолларда ташқи таъсирларни ўз ичига сингдириб, уларни “эронлаштирган”. Шунинг учун ҳам Ғарб учун Эрон оддий рақибдан кўра мураккаброқ куч сифатида кўринади. Чунки бу мамлакатни фақат санкция, босим ёки ҳарбий таҳдид билан ўз йўлидан қайтариш осон эмас.

Ғарб сиёсий доираларида Эрон кўпинча “ўзгариши керак бўлган режим” сифатида тилга олинади. Аммо Теҳрон нуқтаи назаридан қараганда, бу босимлар Эроннинг мустақил сиёсий йўли ва маданий ўзлигини синдиришга қаратилган ҳаракат сифатида қабул қилинади.

1979 йилдан кейин ўзгарган ўйин

1979 йилги Ислом инқилоби Эронни минтақадаги АҚШга яқин монархиядан Ғарбга қарши мустақил сиёсий марказга айлантирди. Шу кундан бошлаб Теҳрон билан Вашингтон ўртасидаги муносабатлар кескин ўзгарди.

Эроннинг диний асосдаги давлатчилик модели Ғарб либерал сиёсий тизимига муқобил намуна сифатида шаклланди. Бу моделни кўплар танқид қилади, айниқса инсон ҳуқуқлари, сиёсий эркинликлар ва ички бошқарув масалаларида. Аммо Эрон раҳбарияти ўз тизимини ташқи босимларга қарамасдан сақлаб қолганини сиёсий барқарорлик белгиси сифатида кўрсатади.

Бу ерда муҳим жиҳат бор: Эрон фақат ўз ҳудуди билан чекланиб қолмади. У Ироқ, Сурия, Ливан, Яман ва Фаластиндаги турли сиёсий ва қуролли гуруҳлар билан алоқалар орқали минтақавий таъсирини кенгайтирди. АҚШ ва Исроил учун асосий хавотирлардан бири ҳам шу. Улар Теҳронни нафақат давлат, балки бутун минтақада ҳаракат қиладиган сиёсий-ҳарбий тармоқ маркази сифатида кўради.

География: Эроннинг энг катта устунлиги

Эрон харитада жуда муҳим нуқтада жойлашган. У Форс кўрфазига чиқади, Ҳурмуз бўғозига яқин туради ва йирик нефть-газ минтақалари билан туташган. Ҳурмуз бўғози эса жаҳон энергетика бозори учун ҳал қилувчи йўллардан бири ҳисобланади.

Шунинг учун Эрон атрофидаги ҳар қандай уруш ёки кескинлик фақат Теҳрон, Вашингтон ва Тел-Авив ўртасидаги масала бўлиб қолмайди. Бу нефть нархи, глобал савдо, Хитой ва Россия манфаатлари, араб монархиялари хавфсизлиги ва Европа энергетикасигача таъсир қилади.

Хитой ва Россия учун Эрон Ғарб босимига қарши муҳим ҳамкор. Вашингтон учун эса бу ҳолат жиддий муаммо. Чунки Эроннинг кучайиши Яқин Шарқда АҚШ етакчилигидаги тартибни заифлаштиради.

Эски хотира: 1953 йил сояси

Эронда АҚШ ва Британияга нисбатан ишончсизликнинг тарихий илдизи ҳам бор. 1953 йилда Эрон бош вазири Муҳаммад Мусаддиқ ҳокимиятдан ағдарилгани мамлакат сиёсий хотирасида чуқур из қолдирган. Мусаддиқ нефть саноатини миллийлаштиришга уринган эди. Унинг ағдарилиши эса кўплаб эронликлар томонидан ташқи аралашув рамзи сифатида кўрилади.

Шу сабабли, бугунги ҳар қандай босим ёки режимни ўзгартириш ҳақидаги гаплар Эрон жамиятида шубҳа билан қабул қилинади. Теҳрон ҳукумати ҳам ана шу тарихий хотирадан фойдаланиб, ташқи душман образини ички бирлик воситасига айлантиради.

Ядровий дастур: сабабми ёки баҳона?

Эрон ядровий дастури атрофидаги баҳслар узоқ йиллардан бери давом этмоқда. АҚШ ва Исроил Теҳронни ядровий қуролга интилишда айблайди. Эрон эса дастур тинч мақсадларга қаратилганини таъкидлайди.

Аммо хавфсизлик нуқтаи назаридан Эрон ўзини қуршовда ҳис қилади. Минтақада АҚШ ҳарбий базалари мавжуд. Исроил эса, расман тан олмаса-да, ядровий салоҳиятга эга давлат сифатида кўрилади. Теҳрон учун бу вазият тенгсизлик белгиси: бир томон қуролланиши мумкин, иккинчи томонга эса тақиқ қўйилади.

Шунинг учун Эрон раҳбарияти ракета ва дрон дастурларини ўз хавфсизлигининг кафолати сифатида кўради. АҚШ ва Исроил эса айнан шу салоҳиятни минтақавий таҳдид деб ҳисоблайди.

Ахборот уруши ҳам фронтга айланган

Бугунги қарама-қаршилик фақат ҳарбий майдонда эмас, ахборот майдонида ҳам кечмоқда. Ҳар бир томон ўз аудиториясига ким қурбон, ким тажовузкор, ким ўзини ҳимоя қилмоқда, ким минтақани беқарорлаштирмоқда, деган саволларга жавоб беришга ҳаракат қилади.

Ғарб медиасида Эрон кўпинча авторитар, хавфли ва тажовузкор давлат сифатида кўрсатилади. Эрон ва унга яқин ахборот майдонларида эса АҚШ ва Исроил босқинчи, иккиюзламачи ва минтақани беқарорлаштирувчи кучлар сифатида тасвирланади.

Ижтимоий тармоқлар бу курашни янада кескинлаштирди. Илгари катта телеканаллар ахборот оқимини назорат қилган бўлса, ҳозир оддий фойдаланувчилар ҳам уруш, қурбонлар ва сиёсий қарорлар ҳақида ўз тасвирини дунёга тарқата олади.

Эрон атрофидаги қарама-қаршиликни фақат “ядровий дастур” ёки “минтақавий хавф” билан тушунтириш етарли эмас. Бу можаро тарихий хотира, цивилизацион ўзлик, сиёсий мафкура, географик устунлик, энергетика манфаатлари ва хавфсизлик қўрқувлари кесишган жойда турибди.

АҚШ ва Исроил Эронни хавф сифатида кўрсатиш орқали унга қарши босимни оқлашга ҳаракат қилади. Эрон эса буни мустақиллигига қарши уриниш деб қабул қилади. Натижада ҳар икки томон ўз жамоатчилигига “биз ҳимоядамиз” деган ҳикояни тақдим этади.

Аммо бир нарса аниқ: Эрон масаласи Яқин Шарқнинг ички муаммоси эмас. У глобал кучлар рақобати, энергетика хавфсизлиги ва янги дунё тартиби ҳақидаги катта баҳснинг марказида турибди.