АНГОРДА 16 КИЛОМЕТР АСФАЛЬТ ЕМИРИЛМОҚДА
Ангорнинг Навшаҳар маҳалласидан ўтувчи Ислом тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан асфальтланган 16 км ички йўл оғир юк машиналари сабаб шикастланмоқда. Аҳоли чекловчи белгилари ўрнатилмаётгани ва жавобгар ким экани борасида савол қўзғамоқда.
Сурхондарё вилояти Ангор туманидаги Навшаҳар маҳалласида асфальтланган 16 километр ички йўл оғир юк машиналари қатнови оқибатида яроқсиз ҳолга келаётгани айтилмоқда. Элтузарга йўлланган мурожаатда туман ҳокимлиги оғирликни чекловчи йўл белгиларини ўрнатиш ҳақидаги сўровларга қарамай, чора кўрмаётгани иддао қилинган.
Мурожаат муаллифларига кўра, мазкур йўллар Ислом тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан асфальтланган. Бироқ катта юк машиналарининг оғир юк билан ҳаракатланиши йўл қопламасига зарар етказмоқда.
«Ангор тумани ҳокимлигидан оғирликни чекловчи йўл белгиларини ўрнатишни сўраган бўлсак-да, ҳолатга кўз юмиб келинмоқда», – дейилади мурожаатда.
Муаллифларнинг ёзишича, йўл ҳаракати хавфсизлиги масъуллари эса оғирликни чекловчи белгилар йўқлиги сабабли ҳолатга ҳуқуқий баҳо бера олмаслигини билдирган.
Натижада аҳоли йўлларнинг бузилиши учун ким жавоб бериши керак, деган саволни қўймоқда: чекловчи белгиларни ўрнатмаган масъулларми ёки оғир юк билан қатнаётган ҳайдовчиларми?
«Жабри эса доимгидек халққа тушади», – дея таъкидланади мурожаатда.
Мурожаатга исбот сифатида йўл аҳволини кўрсатувчи суратлар илова қилинган. Ангор тумани ҳокимлиги ва йўл ҳаракати хавфсизлиги масъулларининг ушбу ҳолат юзасидан муносабатини эълон қилишга тайёрмиз.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг