Андижон вилоятидаги ихтисослаштирилган мактаблардан бирида ишловчи информатика фани ўқитувчиси дарс соатлари қисқартирилгани ва бу қарорга эътироз билдирган педагогларга босим ўтказилаётгани ҳақида Элтузарга мурожаат қилди.

Ўқитувчининг айтишича, янги ўқув йилидан информатика фанининг ҳафталик юкламаси икки соатдан бир соатга туширилиши, бўшаган соат эса робототехника фанига ажратилиши режалаштирилган.

Мурожаат муаллифи дунёда сунъий интеллект, дастурлаш ва рақамли технологиялар жадал ривожланаётган бир пайтда информатика дарсларининг қисқартирилишини тушуниш қийинлигини таъкидламоқда.

Унинг сўзларига кўра, ихтисослаштирилган мактабларда фойдаланилаётган Cambridge дастури асосидаги айрим дарсликлар эски ва тўлиқ таржима қилинмаган. Ўқитувчи мазкур дарсликлардан дастурлашга оид бўлимлар ҳам чиқариб ташланганини иддао қилган.

“Аризангизни қайтариб олинг, акс ҳолда текширув келади”

Мурожаатда айтилишича, республикадаги бир қатор информатика ўқитувчилари дарс соатларининг камайтирилиши юзасидан вазирлик ва масъул идораларга жамоавий тарзда шикоят йўллаган.

Андижонлик ўқитувчи 2026 йил 4 август куни мактаб директори хонасига чақирилганини билдирмоқда.

Унинг иддаосига кўра, суҳбат давомида Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги раҳбари Севара Шакирова ўқитувчиларнинг мурожаатидан “қаттиқ хафа бўлгани” айтилган.

Шунингдек, шикоятлар сабаб мактаб директорига KPI тўлови берилмаслиги, мурожаат қайтариб олинмаса, агентлик комиссияси келиб мактаб раҳбариятини текшириши ва огоҳлантириши мумкинлиги ҳақида гапирилгани даъво қилинмоқда.

Ўқитувчининг таъкидлашича, ундан агентлик раҳбари номига ташаккурнома ёзиб бериш талаб қилинган.

“Менга Севара Баҳодировна номига ташаккур ва раҳматнома ёзиб беришимни, ёзмасам, ўзлари ёзиб беришини айтишди. Мен ёзмадим”, – дейилади мурожаатда.

Олий тоифа ва халқаро сертификат ҳам етарли бўлмаяптими?

Мурожаат муаллифи олий тоифали ўқитувчи экани ва халқаро сертификат олганини, аммо информатика соатлари қисқариши натижасида унинг дарс юкламаси ҳафтасига 18 соатга тушиб қолганини билдирган.

Унинг айтишича, бу соатларни тўрт кунга жойлаштириб, қолган кунларда қўшимча ишлаш имкониятини бериш ҳақидаги илтимоси ҳам рад этилган. Аксинча, 18 соатлик дарсни олти кунга бўлиб бериш режалаштирилган.

“Хоҳласанг ишла, бўлмаса катта кўча, деган муносабат бўляпти. Мен ўқитувчи эгаллаши керак бўлган барча даражаларни олдим. Лекин бу даромадга оиламни боқа олмайман. Бозорга чиқиб тижорат қилишни билмайман, такси қилиш учун машинам йўқ. Мен ўқитувчилик касбини яхши кўраман”, – дейди педагог.

Ўқитувчи таълим тизимидаги бундай қарорлар малакали кадрларни чет давлатларга иш излаб кетишга мажбур қилиши мумкинлигидан хавотир билдирган.

Мурожаат учун босим ўтказиш қонунга зид

Ўзбекистоннинг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуни фуқароларнинг давлат органларига ариза, таклиф ва шикоят билан мурожаат қилиш ҳуқуқини кафолатлайди.

Қонунчиликда шахсни мурожаат қилгани, танқидий фикр билдиргани ёки шикоят ёзгани учун таъқиб қилиш жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган.

Шу боис, агар ўқитувчидан шикоятини қайтариб олиш, раҳбар номига ташаккурнома ёзиш талаб қилингани ёки мактаб маъмурияти KPI билан қўрқитилгани тасдиқланса, бу ҳолат алоҳида ҳуқуқий баҳолашни талаб қилади.

Элтузар агентлик, вазирлик ва мурожаатда тилга олинган мактаб раҳбариятининг муносабатини эълон қилишга тайёр.