ЖАМОАТ ТРАНСПОРТИ ҲАЙДОВЧИЛАРИ ВА ЙЎЛОВЧИЛАРИ НИМАДАН НОРОЗИ?
Андижонда жамоат транспорти атрофида низолар кучаймоқда: йўналишлар бир-бирини такрорлаши ҳайдовчилар ўртасида йўловчи талашишга, электрон тўлов тизимига ҳалигача мослаша олмаганлик эса йўловчилар норозилигига сабаб бўлмоқда.
Андижон шаҳрида “Alpomish merosi” номи остида ҳаракатланаётган автобуслардан фойдаланувчи фуқаролар йўналишлари бир-бирини такрорлаётган автобуслар сони ортганини, ҳайдовчилар йўловчи талашиб жанжаллар келиб чиқаётганини билдиришди.
Хусусан, Андижон шаҳридаги Алишер Навоий шоҳ кўчасида “1” ва янги “77” рақамли автобус ҳайдовчилари ўртасида йўл ва йўловчи талашиш ортидан жанжал келиб чиқди. Мурожаатчиларнинг маълум қилишича, ҳайдовчилар йўл ўртасида бир-бирини ҳақорат қилган, йўловчиларнинг вақтини беҳуда сарфлаб йўл бўйи тажанг ҳолда автобус ҳайдашган.
Элтузарга йўлланган мурожаатда автобус ҳайдовчилари замонавий тўлов тизимларидан етарлича хабардор эмаслиги ҳам танқид қилинган. Фуқаронинг билдиришича, “АТТО” платформасида NFC орқали тўлов амалга оширилганда терминалда “тўланди” деган хабар чиқса ҳам, айрим ҳайдовчилар буни тан олмай, йўловчилардан нақд пул талаб қилмоқда. Бундай ҳолатлар “80” ва “222” йўналишларида кузатилди.
“Нега жамоат транспорти ходими фуқародан нақд пул сўрайди? Агар тўлов тизими фақат карта орқали бўлса, нега нақд талаб қилишади? Ҳайдовчилар замонавий тўлов усуллари бўйича ўқитиладими ўзи?” дейилади мурожаатда.
Шўпирлар ҳамма нарсани тушунади – уларнинг маоши кўнгилдагидек эмас. Илгари бу камомадни нақд тўловлар ҳисобидан қоплаш мумкин эди. Ҳозир тўловлар тўлиқ электронлашди. Лекин маошлар кўтарилмади. Тажанглик ҳам, нақд пул сўраш сабаби ҳам шунда.
Фуқаролар Андижон шаҳридаги автобус йўналишлари тартиби, ҳайдовчиларнинг муомала маданияти ва электрон тўлов тизимидан фойдаланиш бўйича чора кўришни сўрашмоқда. Бизнингча эса муаммо фақат Андижонда эмас.
Масала иқтисодга бориб тақалади. Ҳайдовчиларнинг ойлигини ошириш ёки шу ойликни сақлаб қолган ҳолда иш юкламасини қисқартириш лозим. Социалистик тарғиботдан йироқмиз, лекин ишчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, меҳнат ҳаққини нарх-навога мослаш зарур. Минимал харажат қилиб ишчиларни максимал ишлатишга уриниш ҳар қандай тизимни пароканда қилади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг