Америка қитъасининг илк аҳолиси қаердан борган? Олимлар ўнлаб йиллар давомида жавоб излаган бу саволга янги ДНК тадқиқоти кутилмаган маълумотларни тақдим этди.

Cell Reports журналида эълон қилинган илмий тадқиқотга кўра, Америка туб аҳолиларининг аждодлари фақат Сибирь орқали эмас, балки ҳозирги Хитойнинг шимолий қирғоқ ҳудудлари ва Япония билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин.

Олимлар 100 мингга яқин замонавий ва 15 мингта қадимий ДНК намунасини таҳлил қилиб, D4h деб аталувчи нодир генетик линия изларини аниқлади. Бу линияга мансуб одамларнинг авлодлари бугунги кунда Калифорния, Мексика, Перу, Чили, Боливия, Бразилия ва Эквадор ҳудудларида яшаган илк аҳоли гуруҳлари билан боғлиқ экани маълум бўлди.

Тадқиқот муаллифларининг фикрича, Америкага кўчиш камида икки босқичда содир бўлган. Биринчи тўлқин тахминан 26 минг йилдан 19,5 минг йил аввал музликлар даврида бошланган. Иккинчи тўлқин эса 19 минг йилдан 11,5 минг йил аввал иқлим юмшаб, яшаш учун қулай ҳудудлар кенгайган пайтга тўғри келади.

Хитой Фанлар академияси антропологи Юй-Чун Лининг таъкидлашича, Америка туб аҳолиларининг келиб чиқиши аввал ўйланганидан анча мураккаброқ бўлиб чиқмоқда. Унинг сўзларига кўра, Сибирь, Жануби-Шарқий Осиё ва Австрало-Меланезия манбалари қаторида Хитойнинг шимолий қирғоқ ҳудудлари ҳам ушбу генетик меросга ҳисса қўшган.

Яна бир қизиқ жиҳат шундаки, олимлар қадимги одамлар Америкага фақат Беринг қуруқлик кўприги орқали эмас, балки Тинч океани қирғоқлари бўйлаб ҳам етиб борган бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда. Бу эса тарих дарсликларидаги машҳур назарияларни қайта кўриб чиқишга сабаб бўлиши мумкин.

Тадқиқот шуни кўрсатадики, Америка қитъасининг илк аҳолиси тарихи ҳали тўлиқ очилмаган. Олимлар ҳозирча бу кўчишлар қаердан аниқ бошлангани ва инсонларни узоқ сафарга нима мажбур қилгани ҳақидаги саволларга жавоб излашда давом этмоқда.