Ўзбекистонда коррупцияга қарши профилактика чоралари доирасида давлат хизматчилари тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш муассасаларига олиб борила бошланди.


Маълум қилинишича, илк ташрифда Қурилиш вазирлиги ва Кадастр агентлиги ходимлари иштирок этган. Улар коррупция жиноятлари учун жазо ўтаётган шахслар билан учрашиб, ноқонуний қарорлар, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва пора билан боғлиқ ҳаракатлар қандай ҳуқуқий ва инсоний оқибатларга олиб келишини кўрган.


Ташкилотчиларнинг фикрича, бундай ташрифлар давлат хизматчилари учун “амалий сабоқ” бўлиб хизмат қилиши, уларни коррупция хавфидан огоҳлантириши ва қонун бузишнинг фақат лавозимдан айрилиш эмас, балки озодликдан маҳрум этилиш, обрў ва оилавий ҳаётга зарба каби оғир оқибатлари борлигини кўрсатиши керак.


Мазкур профилактик тадбирлар кейинги босқичда бошқа вазирлик ва идораларда ҳам давом эттирилиши режалаштирилган.


Бундай усул дунё амалиётида мутлақо янги эмас. Масалан, 2024 йилда Қозоғистонда ҳам давлат хизматчилари коррупциянинг оқибатларини кўрсатиш мақсадида тергов изоляторлари ва жазони ижро этиш муассасаларига олиб борилган. Хитойда эса айрим ҳудудларда амалдорлар қамоқдаги собиқ ҳамкасблари билан учраштирилиб, бу “огоҳлантирувчи тарбия” сифатида тақдим этилган.


Бироқ халқаро тажриба шуни кўрсатадики, қамоқхонага ташриф коррупцияга қарши курашда фақат ёрдамчи восита бўлиши мумкин. У амалдорни бир муддат ҳушёр торттириши мумкин, аммо коррупцияни камайтириш учун давлат харидлари шаффофлиги, даромад ва манфаатлар декларацияси, мустақил аудит, манфаатлар тўқнашувини назорат қилиш, суд-тергов мустақиллиги ва жамоатчилик назорати каби тизимли механизмлар ҳал қилувчи аҳамиятга эга.


ҚАМОҚХОНА ЭКСКУРСИЯСИ КОРРУПЦИЯНИ КАМАЙТИРАДИМИ?


Бу ташаббуснинг ғояси оддий: амалдор қамоқхона шароитини кўрса, коррупция учун жазо ўтаётган собиқ мансабдорлар тақдирини эшитса, ўзи ҳам шундай йўлга киришдан тийилади. Психологик жиҳатдан бу усулда маълум таъсир бор. Айниқса коррупцияни “ҳамма қиладиган оддий иш” деб қабул қиладиган муҳитда жазонинг реаллиги кўрсатилиши баъзи ходимларни ҳушёрроқ бўлишга ундаши мумкин.


Аммо муаммо шундаки, коррупция фақат шахсий ахлоқсизлик ёки қўрқмаслик натижаси эмас. У кўпинча тизимдаги имкониятлар, назоратсиз ваколат, ёпиқ қарор қабул қилиш, давлат харидларида рақобатсизлик, кадр тайинловида шаффофлик йўқлиги ва жазонинг муқаррар эмаслиги билан боғлиқ. Агар мансабдор пора олиш хавфи юқори, фош бўлиш эҳтимоли паст ва “тепадаги ҳимоя” бор деб ўйласа, бир марталик қамоқхона ташрифи уни тўхтатмаслиги мумкин.
Шу маънода, қамоқхона “экскурсияси” коррупцияга қарши курашнинг марказий ечими эмас, балки тарбиявий-профилактик деталидир. У самара бериши учун уч шарт муҳим.


Биринчидан, тадбир шунчаки расмиятчиликка айланмаслиги керак. Агар ходимлар автобусда олиб борилиб, суратга туширилиб, кейин ҳаммаси унутилса, бу ташаббус пиардан нарига ўтмайди.


Иккинчидан, ташрифлар аниқ хавфли соҳалар билан боғланиши керак. Масалан, қурилиш, кадастр, давлат харидлари, лицензия, рухсатнома, божхона, солиқ ва маҳаллий ҳокимлик қарорлари коррупция хавфи юқори бўлган йўналишлардир. Демак, “огоҳлантирувчи ташриф”дан кейин айнан шу соҳаларда қарор қабул қилиш жараёни очиқроқ, рақамлироқ ва текшириладиган бўлиши шарт.


Учинчидан, жазо муқаррарлиги таъминланмаса, қўрқитиш кампаниялари ишламайди. Коррупция қилган кичик ходим жазоланиб, катта қарор қабул қилувчилар дахлсиз қолса, бундай тадбир ходимларда адолат эмас, цинизм уйғотиши мумкин.


Халқаро тадқиқотлар ҳам шуни кўрсатади: коррупцияга қарши тарғиботнинг ўзи етарли эмас. Баъзи ҳолларда “коррупция ҳамма жойда бор” деган мазмундаги кампаниялар одамларда “демак, бу оддий ҳолат” деган кайфиятни кучайтириши мумкин. Шунинг учун самарали антикоррупция сиёсати қўрқитишдан кўра кўпроқ шаффофлик, аудит, очиқ маълумотлар, манфаатлар декларацияси, мустақил тергов ва жамоатчилик назоратига таяниши керак.


Ўзбекистон учун бу ташаббуснинг ижобий томони – давлат хизматчиларига коррупциянинг реал оқибатини кўрсатишга уриниш. Салбий хавфи эса – тизимли ислоҳотлар ўрнига саҳналаштирилган профилактика билан чекланиб қолиш эҳтимоли.


Агар қамоқхона ташрифлари даромадлар декларацияси, давлат харидлари очиқлиги, манфаатлар тўқнашувини аниқлаш, ички комплаенс бўлимларининг мустақиллиги ва фуқаролар учун самарали шикоят механизмлари билан бирга олиб борилса, у фойдали ёрдамчи воситага айланиши мумкин.

Агар бу тадбир фақат “амалдорларни қўрқитиш” ва матбуотга кўрсатиш учун ўтказилса, коррупциянинг илдизига эмас, фақат унинг соясига қарши кураш бўлиб қолади.