АЛИШЕР НАВОИЙ УНИВЕРСИТЕТИ НЕГА ИҚТИСОДИЙ ИНҚИРОЗГА МАҲКУМ?
Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида илмий мақолалар учун тўланиши керак бўлган устамалар нега бериляпти, ўқитувчиларга ҳомий топиш ва инвестиция жалб этиш мажбурияти қандай юкланмоқда ва бу университет нега иқтисодий инқирозга юз тутгани таҳлил қилинади.
Ривожланган мамлакатларнинг олий таълим тизимида гуманитар йўналишларни рентабеллиги юқори бўлган университетларга бириктириш амалиёти мавжуд. Акс ҳолда ўзи алоҳида бўлган тил ва адабиёт, тарих ёки журналистика университетлари молиявий эркин бўлолмай, пул етказиш, ҳомий топиш ҳасратида қолади. Технологик, юридик, аниқ ва табиий ихтисосликдаги университетларга битта тарих, битта филология факультетини таъминлаш чўт эмас.
Гапнинг индаллоси шулки, Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университетида профессор-ўқитувчиларга Scopus, Web of Science индексацияланган маълумотлар базаларига кирган журналларда эълон қилинган мақола учун лавозим маошига нисбатан Q1 ва Q2 асосан 30 фоиз устама тўлаб берилмаяпти.
Устама тўлаш 1030-сон Қарорига асосан тасдиқланган “Илм-фан ва таълим соҳасидаги давлат ташкилотларида илмий, илмий-педагогик ва меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи илмий даражага эга ходимларга қўшимча ҳақ тўлаш тартиби тўғрисида”ги низомнинг 12-банди “г” кичик бандида белгиланган. Лекин ТошДЎТАУ устамани ҳозирги кунгача тўлаб бермаяпти.
Университет ўқитувчиларни ёз ойларида маънавий тадбирлар ва бошқа ташкилотлардаги кампанияга фаол жалб қилади. Бунга ҳам ҳеч қанақа пул тўлаб берилмаяпти. Университет Ректори ишларни деярли ташлаб қўйган. Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор Нозилия Нормуродова инглиз тили бўйича мутахассис. Ўзбек тили мутахассисларидан инглиз тилини билмайсан, русчани ва инглизчани акцентда гапирасан дея ҳамманинг шахсиятига тегяпти» – дейилади мурожаатда.
Бу университетнинг очилиши иқтисодий ўйланмаган стратегик хато эканлигини бир четга қўя турайлик. Нега ўзбек тили ва адабиёти университетида илмий ишлар проректори хорижий тил мутахассиси бўлади?
«Ректор мажлисларда фақат Нормуродова ишлаяпти деб мақтаб қўяди. Бундан ташқари, университетнинг талабалар амалиёти бўлими бошлиғи Ш.Халилов (университет ректорининг собиқ ҳайдовчиси) ўзидан университетнинг ректордан кейинги икки шахс ясаб олган. Лекин университет талабалари амалиётини қаерда ўташ керак деган масалани талабалар бўйнига илиб қўйган.»
ТошДЎТАУда ўқитувчилар тижоратлаштириш, ҳомий топиш, ўз ҳисобидан хориждан инвестиция жалб қилишга масъул. Аммо таъкидлаш лозимки, бу мантиқсиз, пулга боғлиқ мажбуриятлар ҳозирда ҳатто академик лицейлар ўқитувчилари учун ҳам бош оғриққа айланган.
«Университетнинг ўкув ишлари бўйича проректорининг фаолияти ҳам қониқарсиз. Нурбой Жабборовдан бирор ташаббус йўқ, маъмурият ўқитувчиларни ўз ҳисобидан чет элга юбордириб, уларга хизмат сафари харажатларини тўлаб беришмаяпти. Аслида эса бу харажатлар аллоқачон қоплаб берилган деб ҳужжатлаштирилган. Шунингдек, Б.Элов, С.Нормаматов ва З.Холмонова кабилар ўз қўл остидагиларни бошқаларнинг илмий ишларини ёздириб бериш учун, ўзининг бепул ишчиларига айлантиргани илмий салоҳиятни сохталаштиряпти»
Университет ўқитувчи ва докторантлар буйнига ҳисобга рақамига ҳомийлик пулини тушарсизлар дея маркетинг бўлимининг ишларини юклатиб қўйгани коррупция ва комплаенс бўлимини безовта қилмаётир.
Бу университет формати, яъни фақат тил ва адабиётга ихтисослашгани молиявий жиҳатдан йирик лойиҳаларга инвестиция топишга имкон бермайди. Шартнома тўловларидан бошқа тўлов йўқ, тўлиқ коррупция асосида даромад ва бюджет маблағлари эвазига университетни судрашда бирор мантиқ йўқ. Агар миллий тил университети муносиб лойиҳа бўлганда Туркия ва Қозоғистонда ҳам шундай олийгоҳлар бўлар эди.
Шундай экан, сохта обрў билан ўзимизни овутмасдан, университетни тўлиқ трансформация қилиб, Ўзбекистон Миллий университети, Жаҳон тиллари университети, Тошкент Давлат Педагогика университети, Шарқшунослик университетлари таркибига сингдириш лозим.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг