КОРРУПЦИЯВИЙ СХЕМАЛАРДАН СУД ЗАЛИГА
Давлат активларини бошқариш агентлигининг собиқ раҳбари Акмалхон Ортиқов устидан кўп эпизодли жиноят иши Миробод туман судида кўрилмоқда. Айблов йирик давлат мулкларини сотиш, арзонлаштириш ва эҳтимолий талон-торожликлар билан боғлиқ.
Давлат активларини бошқариш агентлигининг собиқ директори Акмалхон Ортиқовга нисбатан қўзғатилган кўп эпизодли жиноят иши Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида биринчи инстанцияда кўриб чиқилмоқда.
Акмалхон Ортиқов Жиноят кодексининг қуйидаги моддалари бўйича айбланмоқда:
167-модданинг 3-қисми – ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш;
– 206-модданинг 2-қисми – ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш;
– 209-модданинг 1 ва 2-қисмлари – мансаб сохтакорлиги.
Жиноят иши доирасида Ортиқов билан бирга яна беш нафар шахс ҳам судланмоқда. Бироқ очиқ манбаларда айблов эпизодлари айнан қайси давлат активлари ва битимларга тегишли экани, шунингдек, давлатга етказилган зарар миқдори ҳозирча ошкор қилинмаган.
250 МИЛЛИАРДЛИК ЕР 120 МИЛЛИАРДГА СОТИЛГАН
Акмалхон Ортиқов билан боғлиқ можаро 2026 йил январь ойида бошланган эди.
27 январь куни президент раислигида ўтказилган йиғилишда Давлат активларини бошқариш агентлигида катта тафтиш кетayotgani ва миллиардлаб сўмлик талон-торожликлар аниқлангани маълум қилинган.
Президент келтирган мисолга кўра, агентлик мансабдорлари бозор қиймати камида 250 миллиард сўм бўлган ер участкасини ёпиқ аукцион орқали 120 миллиард сўмга сотиб юборган. Шундан сўнг Акмалхон Ортиқов лавозимидан озод этилган ва ДХХга сотилган давлат мулклари бўйича барча ҳолатларни текшириш топширилган.
Аммо ҳозир судда кўрилаётган айбловлар айнан ўша ер савдосига қай даражада боғлиқ экани расман очиқланмаган.
Шунинг учун суд жараёни жамоатчилик учун асосий саволларга жавоб бериши керак:
Қайси давлат активлари сотилган? Баҳолашни ким тасдиқлаган? Қарорларга ким имзо чеккан? Давлатга қанча зарар етказилган ва арзонлаштирилган активлардан кимлар манфаат кўрган?
ХУСУСИЙЛАШТИРИШНИНГ АСОСИЙ ЮЗЛАРИДАН БИРИ ЭДИ
Акмалхон Ортиқов Давлат активларини бошқариш агентлигига 2020 йил декабрида раҳбар бўлган. Унга қадар Молия вазирлиги тизими, вилоят ҳокимликлари, Иқтисодиёт вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигида юқори лавозимларда ишлаган.
Унинг раҳбарлиги даврида йирик давлат активларини хусусийлаштириш жараёнлари жадаллаштирилган. Жумладан, 2021 йилда Ортиқов Coca-Cola Uzbekistan компаниясидаги давлат улушини сотиш якуний босқичга яқинлашганини эълон қилган, бир қатор банклар, заводлар ва суғурта компанияларидаги давлат улушларини сотиш режаларини маълум қилган эди.
Айрим нашрлар Ортиқов 2024 йилда давлат мулкини ёпиқ шаклда сотиш мумкин эмаслигини айтганини ҳам эслатмоқда. Бироқ амалдаги тартибга кўра, давлат активларига оид ёпиқ аукцион айрим ҳолларда Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида ўтказилиши мумкин. Демак, баҳс фақат савдонинг ёпиқ ўтказилганида эмас, балки бунга қонуний асос бўлган-бўлмагани, актив қандай баҳолангани ва иштирокчилар қандай танланганида бўлиши мумкин.
Айблов ҳали суд ҳукми дегани эмас. Аммо давлатнинг миллиардлаб сўмлик мулки ҳақида гап кетаётган экан, суд жараёни ва айблов тафсилотлари жамоатчиликдан сир тутилмаслиги керак.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг