АҲОЛИ КЎПАЙМОҚДА, ЎЗБЕКЛАР ИШ ЎРИНЛАРИ УЧУН КУРАШМОҚДА
Ўзбекистонда аҳоли сонининг тез ўсиши ва меҳнат мигрантларининг қайтиши ички меҳнат бозорида рақобатни кучайтирмоқда. Ишсизлик хавфи ортиб, иш ҳақлари инфляция фонида реал даромадни сезиларли оширмаяпти.
Ўзбекистонда аҳоли сонининг тез ўсиши меҳнат бозори учун энг катта чақириқлардан бири бўлиб қолмоқда. Мавжуд таҳлилларга кўра, ҳар йили меҳнат бозорига 700–800 минг нафар янги иш изловчи кириб келади. Бу эса иқтисодиёт олдига ҳар йили юз минглаб янги иш ўринлари яратиш вазифасини қўяди. Бироқ ҳозирги шароитда иқтисодий ўсиш суръатлари аҳоли ўси2шидан орқада қолаётгани меҳнат бозоридаги босимни кучайтирмоқда.
Вазиятни янада мураккаблаштираётган омиллардан бири – хориждан меҳнат мигрантларининг қайтиб келаётганидир. Сўнгги йилларда ташқи меҳнат бозорларидаги ўзгаришлар туфайли юз минглаб фуқаролар мамлакатга қайтмоқда. Натижада ички меҳнат бозорида рақобат кескин кучайиб, иш ўринлари учун талаб таклифдан юқори бўлиб қолмоқда. Бу эса ишсизлик даражасига бевосита таъсир кўрсатади.
Шу билан бирга, давлат ва хусусий секторда харажатларни мақбуллаштириш сиёсати ҳам кузатилмоқда. Айрим ташкилот ва корхоналарда штатлар қисқартирилиб, айниқса молия, бухгалтерия, маъмурий бошқарув ва маънавий-маърифий йўналишлардаги лавозимларни оптималлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Рақамлаштириш ва автоматлаштириш жараёнлари бу соҳаларда инсон меҳнатига бўлган эҳтиёжни қисман камайтирмоқда. Бироқ бу жараён қисқа муддатда меҳнат бозорига қўшимча босим юклаши мумкин.
Аҳоли даромадлари масаласида ҳам мураккаб ҳолат кузатилмоқда. Давлат ташкилотлари ходимларининг иш ҳақлари маълум вақтларда оширилаётган бўлса-да, ушбу ўсиш кўпинча инфляция даражасига яқин бўлиб қолмоқда. Натижада фуқароларнинг реал харид қобилияти сезиларли даражада ошмаяпти. Озиқ-овқат, коммунал хизматлар ва бошқа кундалик харажатлар қимматлашиши кўпчилик учун маош ошишининг ижобий таъсирини камайтирмоқда.
Бундай шароитда иқтисодий сиёсатнинг асосий вазифаси фақат мавжуд иш ўринларини сақлаб қолиш эмас, балки юқори қўшилган қиймат яратадиган янги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш тармоқларини ривожлантиришдан иборат бўлиши лозим. Кичик бизнес, саноат, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва замонавий технологияларга асосланган лойиҳалар кенгайтирилмас экан, аҳоли ўсиши ва меҳнат бозоридаги босим муаммоси долзарблигича қолаверади. Ўзбекистон учун бугунги кунда энг муҳим масала – ишсизликка қарши курашиш эмас, балки барқарор ва муносиб даромад келтирадиган иш ўринларини яратишдир.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг