АГЕНТ ВА СТРУКТУРА МУНОСАБАТЛАРИДА ҚАЙ БИРИ БИРЛАМЧИ?
Мақолада агентлик ва структура муносабатлари фалсафий баҳсдан ташқари, «Янги Ўзбекистон»даги сиёсий-иқтисодий ислоҳотлар мисолида таҳлил қилинади. Муаллиф бугунги ислоҳотларнинг агент-марказли табиати ва унинг хавфли оқибатларини кўрсатади.
Агент ва структура ўртасидаги муносабатлар кўпинча ҳаддан ташқари фалсафий масала сифатида қаралиб, асосан академиклар ва олимлар ўртасидаги баҳслар доирасида қолиб кетади. Бироқ бу муносабат шу қадар муҳим ва кенг қамровлики, у сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, технологик, халқаро ва индивидуал фаолиятларни ўз ичига олган инсон ҳаётининг деярли барча соҳаларини қуршаб олади, белгилайди ва шакллантиради.
Агар агентлик деганда шахслар ёки гуруҳларнинг мустақил ҳаракат қилиш, эркин қарор қабул қилиш, ўз ҳаёти ва атрофидаги муҳитга таъсир кўрсатиш қобилияти тушунилса, структура деганда агентларнинг фаолияти учун имконият яратадиган ёки уларни чеклайдиган ижтимоий тартиблар, институтлар, қоидалар ва меъёрлар назарда тутилади.
Улар ўртасидаги муносабатнинг чексиз баҳсларга сабаб бўлиши эса «қай бири иккинчисидан аввал туради?» ёки «қай бири бирламчи?» деган савол билан боғлиқ. Ушбу муносабат ва саволнинг аҳамияти ҳамда оқибатларини очиб бериш мақсадида Мирзиёевнинг «Янги Ўзбекистон»ида амалга оширилаётган сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни таҳлил қиламиз.
Авторитар раҳбар бошқарадиган мамлакатларда демократия ва демократик бошқарув шакли кундалик муаммолар ҳамда вазифаларни ҳал қилишда авторитар режимларга нисбатан камроқ самарали, деган қараш кенг тарқалган. Бунинг сабаби либерал демократияларда қонун устуворлиги, шаффофлик ва жамоатчилик назорати каби четлаб ўтиб бўлмайдиган муайян «тўсиқлар» мавжудлигидир. Улар ҳар қандай режани амалга оширишни мураккаблаштиради ва кўп вақт талаб қилади.
Авторитар режимларда эса барча нарса марказлаштирилган ва бир кишининг қарорларига боғлиқ бўлади. Шунинг учун ҳар қандай режани қабул қилиш ва амалга ошириш анча тез, «демократик оворагарчиликларсиз» кечади.
Бошқача айтганда, демократик тузумларда агент, яъни раҳбар ёки қарор қабул қилувчи билан структура, яъни сиёсий-ижтимоий тизим ва жамият ўртасидаги муносабатлар ўзаро боғлиқ бўлиб, улар бир-бирини шакллантиради. Ўзбекистон сингари авторитар режимларда эса бу муносабат агент-марказли бўлади ва агент структурага нисбатан бирламчи ўринни эгаллайди.
Бир қарашда, авторитар жамиятларда барча қарорлар ягона раҳбар томонидан қабул қилиниши сабабли ҳар қандай режанинг амалга оширилиши тезроқ кечиши оддий ҳақиқатдек кўриниши мумкин. Агент-марказли бошқарув самарадорлигининг ёрқин мисоли сифатида Хитойни келтириш мумкин. У ерда Коммунистик партия раҳбари асосий ва якуний қарор қабул қилувчи шахс бўлиб, уни раҳбарнинг ўзи танлаган Сиёсий бюро аъзолари қўллаб-қувватлайди.
Бироқ бундай самарадорликнинг агент-марказли бошқарув тарафдорлари мунтазам равишда эътибордан четда қолдирадиган яширин оқибатлари ҳам бор.
Масалан, 2016 йилда Каримов вафот этганидан кейин Ўзбекистонда ҳокимиятга Мирзиёев келди ва шундан буён ўзини ислоҳотчи раҳбар сифатида намоён этиб келмоқда. Мирзиёев СНБ номи билан танилган ўта қудратли разведка ва хавфсизлик хизмати – Миллий хавфсизлик хизматини тозалади, «прописка институти»ни бекор қилди, Каримов давридаги изоляционист иқтисодий, сиёсий, геосиёсий ва минтақавий сиёсатларга барҳам берди.
У Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан икки томонлама ва кўп томонлама муносабатларини фаол равишда яхшиламоқда, минтақавийлик ва минтақавий ҳамкорликка катта аҳамият бермоқда. Унинг ютуқлари халқаро ва минтақавий даражада ҳам эътироф этилиб, мақталмоқда.
Бироқ Янги Ўзбекистоннинг юқорида қайд этилган ва кўп мақталаётган ютуқлари ортида кўпинча эътибордан четда қолаётган ўта муҳим бир ҳолат мавжуд. Бу – агент-марказчиликдир.
Аниқроқ айтганда, бу ютуқ ва тараққиётнинг барчаси бир кишининг – якка раҳбарнинг шахсияти ва ҳаракат қилиш қобилиятига қаттиқ боғланган. Ўзбекистоннинг ҳозирги ютуқлари ортида раҳбар билан сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, хавфсизлик ва жамоат институтларидан ташкил топган структуранинг ўзаро бир-бирини шакллантирувчи муносабати эмас, балки Мирзиёевнинг авторитар агентлиги турибди.
Бу авторитар давлатларга хос бўлган хавфли ҳодисадир. Чунки демократияларда агент ва структура бир-бирини ўзаро шакллантиради. Шу боис агентнинг, яъни раҳбар, қарор қабул қилувчи ёки ҳукуматнинг кетиши ёхуд ҳукумат алмашиши асосий сиёсий, иқтисодий, хавфсизлик, дипломатик ва бошқа йўналишларга нисбатан чекланган таъсир кўрсатади.
Одатда авторитар ҳокимиятларда раҳбар ҳокимиятдан кетганидан кейин ҳамма нарса ўзгаради ёки ўзгариши эҳтимоли жуда юқори бўлади.
Шу сабабли авторитар режимнинг қисқа муддатли тактик ютуқларини демократиянинг узоқ муддатли стратегик афзалликларидан устун қўйиш керак эмас.
Бу ўринда икки тарихий раҳбар – Чингизхон ва Темурни эслаш ўринлидир.
Чингизхон якуний қарорларни қабул қилувчи мутлақ ҳукмдор бўлганига қарамай, ижтимоий структура яратиш ва давлатчилик ҳамда давлат бошқарувида ушбу структура билан ўзаро бир-бирини шакллантирувчи муносабат ўрнатиш учун жуда катта саъй-ҳаракат қилган.
Шунинг учун унинг авлодлари 600 йилдан ортиқ вақт давомида ҳукмронлик қилган: Марказий Осиё ва Евроосиёда қарийб 350 йил, Ҳиндистонда эса Бобур авлодлари орқали яна 350 йил. Бобурнинг онаси Қутлуғ Нигор хоним Чингизхоннинг бевосита авлоди бўлган Юнусхоннинг қизи эди.
Темур эса барча нарсани ўз шахсиятига боғлаб қўйди. Шу сабабли унинг марказлашган бошқарув тизими ва шуҳрати унинг ўзи билан бирга кўмилди. Темурнинг авлодлари ундан кейин юз йилга ҳам етмай ҳукмронлик қилди. Бундан Бобур ва унинг Ҳиндистондаги, ўзларини Буюк Мўғуллар деб аташни маъқул кўрган авлодлари мустасно.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг