ЗАРАФШОНДА МАҲАЛЛА РАИСЛАРИ ГУЛ УРУҒИ ТЕРИШГА МАЖБУРЛАНМОҚДА
Зарафшон шаҳрида маҳалла раислари ва ходимлари гул уруғи териш, гулзорлар тайёрлаш ишларига мажбурий жалб этилаётгани ҳақида шикоят билдирилди. Ҳолат қонунийлиги ва ҳоким топшириғининг чегаралари савол остида қолмоқда.
Навоий вилояти Зарафшон шаҳрида маҳалла раислари ва маҳалла ходимлари ўзларининг асосий вазифаларидан ташқари гул уруғларини териш, гулзорлар тайёрлаш ва ободонлаштириш ишларига мажбурий жалб этилаётгани ҳақида Элтузар таҳририятига шикоят келиб тушди.
Таҳририятга мурожаат қилган манбанинг иддаосича, бу ишлар Зарафшон шаҳар ҳокими Назирбек Раҳмоновнинг топшириғи билан амалга оширилмоқда. Манба ўз сўзларига далил сифатида бир нечта фотосурат ҳам тақдим этган.
«Зарафшон шаҳрида маҳалла раислари ҳоким Назирбек Раҳмонов томонидан гул уруғларини теришга мажбурланмоқда. Маҳалла раиси ва маҳалла ходимларининг иши бошидан ошиб ётибди. Маҳалла раислари дарахт экиш бўйича клумба кавласинми?» —
з
– дейилади таҳририятга келган мурожаатда.
Манба маҳалла ходимлари аҳолининг ижтимоий муаммолари, эҳтиёжманд оилалар, ишсизлик, камбағалликни қисқартириш ва бошқа кундалик вазифалар билан шуғулланиши керак бўлган бир пайтда уларга қўшимча жисмоний ишлар юкланаётганидан норози.
«Бу Навоий вилояти Зарафшон шаҳар ҳокими Назирбек Раҳмоновни назорат қиладиган юқори турувчи орган ва ташкилотлар борми?» – дея савол қўяди мурожаат муаллифи.
Зарафшон шаҳар ҳокимлигининг расмий маълумотларига кўра, 2026 йил 28 сентябрь куни Назирбек Раҳмонов раислигида ўтказилган йиғилишда «Яшил макон» лойиҳаси доирасида маҳаллалар ролини кучайтириш ва кўкаламзорлаштириш масалалари муҳокама қилинган. Бироқ расмий хабарда маҳалла раисларига шахсан гул уруғи териш мажбурияти юклатилгани айтилмаган.
Президентнинг 2026 йил 23 сентябрдаги ПФ-206-сон фармонида маҳаллаларни кўкаламзорлаштириш, экиш ишларини ташкил этиш ва жамоатчилик иштирокини таъминлаш вазифалари белгиланган. Аммо ободонлаштириш ишларини ташкил этиш билан маҳалла ходимларини ўз розилигисиз жисмоний меҳнатга жалб қилиш бир хил тушунча эмас.
Ўзбекистон Конституциясининг 44-моддаси ва Меҳнат кодексининг 5-моддасида мажбурий меҳнат тақиқланган. Агар ходимлар ўз ихтиёрига қарши жазолаш ёки бошқа босим таҳдиди остида бундай ишларга жалб этилган бўлса, бу ҳолат қонунчилик нуқтаи назаридан текширилиши лозим.
Маҳалла раислари аҳолининг муаммоларини ҳал қиладими ёки гул уруғи териб, гулзор учун ер кавлайдими? Мурожаатда кўтарилган асосий савол шу.
Элтузар Навоий вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, меҳнат инспекцияси ва прокуратура органларини ушбу шикоятни ўрганишга чақиради.
Хусусан, маҳалла раисларига гул уруғи териш ҳақида ким топшириқ бергани, бу ишлар ихтиёрий ёки мажбурий тарзда бажарилаётгани, ходимлар рад этган тақдирда уларга нисбатан босим ўтказилаётган-ўтказилмаётгани аниқлаштирилиши зарур.
Ҳозирча Зарафшон шаҳар ҳокимлиги ва ҳоким Назирбек Раҳмоновнинг мазкур шикоят юзасидан муносабати маълум эмас.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг