ЁШ ОНАЛАРГА ФАРЗАНДИ БИР ЁШГА ТЎЛГУНИГА ҚАДАР НАФАҚА ТЎЛАНАДИ
Келаси йилдан эҳтиёжманд оилалар фарзандларининг боғча, ўқув маркази, йўлкира ва ётоқхона харажатлари 12 ойлик ваучер орқали қопланади. Ишлайдиган ёш оналарга эса фарзанди бир ёшга тўлгунига қадар Ижтимоий суғурта жамғармасидан нафақа тўланади.
Келаси йилдан эҳтиёжманд оилалар фарзандларининг давлат ва хусусий боғча, ўқув маркази, йўлкира ҳамда олийгоҳ ётоқхонаси харажатлари ваучер орқали қоплаб берилади.
Ваучер 12 ой муддатга берилади. Эҳтиёжманд оила ушбу давр мобайнида «Ижтимоий реестр»дан чиқарилган тақдирда ҳам ваучер ўз амал қилиш муддати давомида сақланиб қолади.
Шунингдек, эҳтиёжманд аҳолини «Ижтимоий реестр»га киритиш тизими қайта кўриб чиқилади. Бунда оиланинг нафақат даромади, балки сурункали касаллик, ногиронлик, кўп болалилик ҳамда оила аъзосининг хорижда ишлаши каби омиллар ҳам ҳисобга олинади.
Йиғилишда бола парвариши билан шуғулланаётган ота-оналарни уйида ёки маҳаллада ишли ва даромадли қилиш тизими йўлга қўйилиши белгиланди. Ишлайдиган оналарга фарзанди бир ёшга тўлгунига қадар Ижтимоий суғурта жамғармасидан нафақа тўланади. Айни пайтда 3 ёшгача фарзанди бор оилаларда камбағаллик даражаси 6,5 фоизни ташкил этмоқда.
Шу билан бирга, меҳнатга лаёқатсиз эҳтиёжманд оилаларга пассив даромад келтирадиган ижтимоий пакет учун жорий йилда 300 миллиард сўм ажратилган. Бундай ёрдам олган 11 минг оиланинг ярмида даромад сезиларли ошгани қайд этилди. Президент ижтимоий ёрдамни манзилли ташкил этиш, оилаларни даромадли қилиш ва уларни камбағалликдан чиқаришга қаратилган ёндашувларни кучайтириш зарурлигини таъкидлади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг