Шу кунларда Янгиҳаёт туманида ИИБ билан МИБ ўртасида юзага келган ихтилоф орқасидан профилактика инспекторларига нисбатан очилган жиноят иши бўйича тафсилотлар кун тартибида турибди. Битта 1,5 млн. сўмлик иш бўйича кечиктириб бўлмас ҳолат бўлмасада, МИБнинг 8 нафар ходими хизмат формасисиз жойига чиққан, қўлида ёш боласи бор бир аёлни қўрқитган, шахсий мулкини бузмоқчи бўлган. Буларнинг боласи бола, бошқаларники бола эмасми? Ундан кейинги воқеалар кўча “разбор”ига ўхшайди. Қамоққа олиш эҳтиёт чорасини қўллаган мустақил суд эса ўзи мустақил эмаслигини ўзи эълон қилган. Шуми янги Ўзбекистон?

Маъмурий ресурслардан нотўғри фойдаланилаётганлигини ким назорат қилади ўзи, прокуратурами ёки Ҳисоб палатасими? Нима, Янгиҳаёт туманида ИИБни назорат қиладиган ўринбосар билан МИБни назорат қиладиган ўринбосар келишмайдими? Ёки туман прокурори бу ишлардан хабарсизми?

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига кўра, давлат идоралари (органлари) халқ иродасини ифода этиш ва унинг манфаатларига хизмат қилиш учун тузилади. Асосий қонуннинг 2-моддасида давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ҳамда фуқаролар олдида масъул эканлиги қатъий белгилаб қўйилган.

Бир-бирига ваколат кўрсатиш давлат тизимини мустаҳкамламайди, аксинча, заифлаштиради. Фуқаро учун қайси идора “ваколатлироқ” экани аҳамиятсиз. Унга муаммоси тез, адолатли ва овора қилинмасдан ҳал бўлиши муҳим. Ўзи ваколатлар шунга берилган.

Ўқимаганларга давлат идораларининг конституцияда белгиланган асосий мақсад ва вазифаларини қуйида яна бир бор санаб ўтамиз. Ўзбекистоннинг ЎЗ ғояси ҳам шу, аслида.

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш. Давлат идоралари фуқароларнинг Конституция ва қонунларда белгиланган ҳуқуқларини амалга ошириш ҳамда ҳимоя қилиш учун шароит яратади. Уларнинг бутун фаолияти инсон қадри ва манфаатларига қаратилган бўлиши шарт.

Қонун устуворлигини ўрнатиш. Давлат органлари жамиятда тартиб-интизомни сақлайди ва барча соҳаларда қонунларга амал қилинишини назорат қилади, одил судловни ташкил этади. Қонунлардаги ноаниқликлар юзага келганда, улар фақат инсон фойдасига ҳал этилади.

Ижтимоий ва иқтисодий қўллаб-қувватлаш. Тегишли идоралар аҳолини иш билан таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, сифатли таълим ва кафолатли тиббий хизмат кўрсатиш тизимини йўлга қўяди.

Хавфсизлик ва суверенитетни ҳимоя қилиш. Махсус ваколатли органлар ва Қуролли Кучлар мамлакат мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги ҳамда аҳолининг тинч ҳаётини таъминлайди.

Давлат бошқарувини ташкил этиш. Қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти идоралари ўз ваколатлари доирасида мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатини амалга оширади.

Мен эса, ходимларда олий маълумотдан ташқари, ҳеч бўлмаганда ўртача фаҳм-фаросат, энг камида бошланғич тарбия ва халққа намуна бўлиш керак деб қўшимча қиламан.

МИБдагиларга тавсиямиз – фақат оддий фуқароларга ёпишмасдан Ташқи миграция агентлигининг ўз собиқ ходимлари олдидаги 50 млрд. сўмга яқин қарзини ундиринглар. Қарзини электрга боғлаб, тармоқдан узиб қўйинглар. Бунга рота бўлиб борсанглар бўлади.

Ҳуқуқшунос Анвар Бозоров