Тошкентдаги С.А. Герасимов номидаги Бутунроссия давлат кинематография университети филиали атрофидаги можаро янги босқичга чиқди. Элтузарга тақдим этилган ҳужжатларда кириш имтиҳони натижаларини ўзгартириш, талабалардан шартномада кўрсатилмаган қўшимча пул талаб қилиш, Москва томонидан расмийлаштирилмаган тингловчилар ва педагогларни ишдан четлатиш билан боғлиқ жиддий иддаолар келтирилган.

Мурожаат муаллифларининг маълум қилишича, айни пайтда филиалдаги вазият Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Кинематография агентлиги томонидан ўрганилмоқда. Текширув 10 иш куни давом этиши айтилган. Бироқ бу ҳақда мутасадди идоралар ҳозирча очиқ расмий маълумот бергани йўқ.

Шу орада филиал раҳбарияти молиявий мажбуриятларини бажариш учун давлат идораларидан 1 миллиард 167 миллион сўмдан зиёд амалий ёрдам сўрагани маълум бўлди.

Филиалнинг ўзи 1,6 миллиард сўмни ундиролмаяпти

Филиал директори Иқбол Мелиқўзиев имзолаган 2026 йил 8 июлдаги хатлар Маданият вазирлиги ва Кинематография агентлигига юборилган.

Ҳужжатларда талабаларнинг контракт тўловлари бўйича қарзи 1 миллиард 642 миллион сўмга етгани қайд этилган. Раҳбариятга кўра, айрим талабалар контракт пулини вақтида тўламаган, айримлари эса курсдан курсга қолдирилгани сабабли филиалнинг бюджетдан ташқари тушумлари камайган.

Филиалнинг ҳисоб-китобига кўра:

2026 йил май-июнь ойлари учун ўқитувчи ва ходимларга 555 миллион 100 минг сўм иш ҳақи, ягона ижтимоий солиқ учун 112 миллион 217 минг сўм, ўқув йили якунида педагоглар билан ҳисоб-китоб қилиш учун эса яна 500 миллион сўм зарур.

Жами молиявий мажбуриятлар 1 миллиард 167 миллион 318 минг 346 сўмни ташкил қилган. Филиал раҳбарияти бу маблағни тўлаш учун вазирлик ва агентликдан “амалий ёрдам” сўраган.

Қизиғи, филиал бир томондан талабалардан 1 миллиард 642 миллион сўмни ундиролмаётганини билдирмоқда. Иккинчи томондан эса Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси филиалдан 1 миллиард 631 миллион 536 минг сўм ундириш талаби билан судга мурожаат қилган.

Элтузар аввал хабар берганидек, Тошкент туманлараро иқтисодий суди даъвони иш юритишга қабул қилган. Бироқ бу ҳали филиалнинг қарздор экани тасдиқланди, дегани эмас — якуний қарор суд муҳокамасидан кейин чиқарилади. (ELTUZAR)

41 балл қандай қилиб 90 баллга айланган?

Мурожаатда сўнгги кириш имтиҳонларида баҳолар сунъий равишда ўзгартирилгани иддао қилинмоқда.

Унга кўра, Жаҳонгир Қосимов ва Нозим Тўляхўжаев иштирокидаги имтиҳон комиссияси икки абитуриентга 90 баллдан қўйган. Кейинчалик уларнинг натижалари 72 ва 80 баллга туширилгани айтилмоқда.

Аксинча, дастлаб 41 балл олган яна икки абитуриентнинг баҳоси 90 баллга кўтарилгани иддао қилинган. Мурожаат муаллифларига кўра, Нозим Тўляхўжаев бу ҳолатга норозилик сифатида ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзган.

Бироқ Элтузарга тақдим этилган мазкур ҳужжатлар тўпламида баҳолар қай тартибда ва кимнинг қарори билан ўзгартирилганини тўлиқ тасдиқловчи барча имтиҳон қайдномалари мавжуд эмас. Шу сабаб бу иддаолар холис текширувни талаб қилади.

Москва ҳисобида йўқ саккиз тингловчи

ВГИК бош бухгалтериясининг 2026 йил апрелидаги хизмат ёзувида Тошкент филиалидаги қўшимча профессионал таълим дастурининг саккиз нафар тингловчиси учун Москвада тўлов ҳисобланмагани кўрсатилган.

Ҳужжатга кўра, бу шахсларни расмийлаштириш учун зарур материаллар Москвадаги бош университетга тақдим этилмаган ва улар ВГИК бўлинмалари орқали қабул қилинмаган. Филиал директори эса ушбу саккиз киши киритилмаган ҳисоботни имзоламаган.

Мурожаатчилар бу ҳолатни “талабалар орасидаги ўлик жонлар” деб атаган. Аммо хизмат ёзувининг ўзи фақат ҳужжатлар берилмагани ва тингловчилар Москва ҳисоб-китобига киритилмаганини кўрсатади. Уларнинг филиалга қандай ва қайси ҳуқуқий асосда қабул қилинганини текширув аниқлаши лозим.

Қўшимча пул ва ҳайдалиш таҳдиди

Элтузарга тақдим этилган талаба мурожаатида бошқа олийгоҳдан ВГИК филиалига кўчирилган талабадан орадан бир ярим йил ўтиб, биринчи курсдаги 13 та фан учун қўшимча ҳақ тўлаш талаб қилингани айтилган.

Талабанинг иддаосига кўра, мазкур тўлов унинг шартномасида ҳам, ўқишини кўчириш ҳақидаги буйруқда ҳам кўрсатилмаган. Қўшимча пул тўланмаса, имтиҳонларга киритилмаслик ва курсдан қолдириш хавфи мавжудлиги билдирилган.

Талабанинг отаси 9 март куни директор номига ёзма ариза киритган, аммо мурожаатда қайд этилишича, бир ярим ойдан ортиқ вақт давомида жавоб берилмаган.

Талабалар педагогларни ҳимоя қилмоқда

Актёрлик факультетининг 3-4-курс талабалари устозлари Рустам Саъдуллаевга ёзган жамоавий илтимосномада рақс ўқитувчиси Ольга Останнина, концертмейстер Александра Каткова ва саҳна нутқи ўқитувчиси Елена Соломонованинг алмаштирилиши ёки дарс бериш имкониятидан маҳрум қилинишига аралашишни сўраган.

Элтузар аввалроқ филиал раҳбариятини очиқ танқид қилган педагогика фанлари доктори, профессор Светлана Аннамуратова ҳамда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тамила Мухамедованинг ҳам ишдан четлатилгани ҳақида хабар берган эди. Ўша пайтда таҳририятга уларнинг меҳнат шартномаси бекор қилинганини тасдиқловчи буйруқлар тақдим этилмаган. (ELTUZAR)

Мурожаатда, шунингдек, Аваз Тожихонов докторантурага кириш имтиҳонида иштирок этмасдан қабул қилингани ҳам иддао қилинган. Бу даъво ҳам ҳозирча мустақил равишда тасдиқланган эмас.

ВГИК филиалидаги текширув шов-шувни босиш ёки айрим шахсларни айбдор қилиб кўрсатиш билан чекланмаслиги керак. Имтиҳон қайдномалари, талабаларнинг шахсий жилдлари, контракт тўловлари, бухгалтерия ҳисоботлари, ишдан бўшатиш буйруқлари ва докторантурага қабул ҳужжатлари бирма-бир солиштирилиши лозим.

Элтузар ВГИК Тошкент филиали раҳбарияти, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Маданият вазирлиги, Кинематография агентлиги ҳамда мақолада номи тилга олинган шахслар муносабат билдирса, уларнинг позициясини ҳам эълон қилишга тайёр.