ВГИК ФИЛИАЛИДА ТАНҚИДЧИ ПРОФЕССОРЛАР ИШДАН БЎШАТИЛДИ
ВГИКнинг Тошкент филиалида раҳбариятни очиқ танқид қилган икки таниқли педагог ишдан бўшатилгани айтилмоқда. Шу фонда филиалга нисбатан 1,6 млрд сўмдан ортиқ қарз ундириш ҳақида иқтисодий суд иши ҳам қўзғатилди.
Тошкентдаги С.А. Герасимов номидаги Бутунроссия давлат кинематография институти филиали раҳбариятини очиқ танқид қилган икки таниқли педагог ишдан бўшатилган. Айни пайтда филиалга нисбатан 1 миллиард 631 миллион сўмдан зиёд маблағни ундириш ва коммунал хизматлар бўйича шартнома тузиш мажбуриятини юклаш ҳақида суд иши ҳам қўзғатилди.
Элтузарга келиб тушган мурожаатда педагогика фанлари доктори, профессор Светлана Аннамуратова ҳамда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, доцент Тамила Мухамедова филиалдаги муаммоларни кўтарганидан кейин ишини йўқотган.
Педагоглар филиалнинг қўшимча профессионал таълим дастурларида дарс берган профессор-ўқитувчилар олдида 2025–2026 ўқув йили учун тўланмаган ҳақлар мавжудлиги ҳақида очиқ гапирган.
Бироқ Элтузарга тақдим этилган материаллар орасида Аннамуратова ва Мухамедованинг ишдан бўшатилганини тасдиқловчи буйруқлар ёки меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳужжатлари мавжуд эмас.
Қизиғи, филиалнинг амалдаги расмий сайтида Светлана Аннамуратова ҳали ҳам педагогика фанлари доктори ва профессор сифатида профессор-ўқитувчилар рўйхатида кўрсатилган. Унга «XX–XXI аср санъати» ва «Театр тарихи» фанлари бириктирилган.
Тамила Мухамедова эса филиал расмий сайтида сценарий факультети декани ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист сифатида қайд этилган. Сайтдаги маълумотлар янгиланмаган бўлиши мумкин, аммо бу тафовут филиал раҳбариятидан расмий тушунтириш талаб қилади.
Филиалга қарши 1,6 миллиард сўмлик даъво
Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2026 йил 17 июлдаги ажримига кўра, Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси манфаатида ВГИКнинг Тошкент филиалига қарши даъво киритган.
Даъвода филиал ҳисобидан 1 миллиард 631 миллион 536 минг 624 сўм ундириш, шунингдек, уни киностудия билан шартнома тузишга мажбурлаш сўралган.
Судья С.К. Ганибаева даъво аризасини иш юритишга қабул қилиб, иқтисодий иш қўзғатган. Иш 2026 йил 5 август куни соат 11:50 да Тошкент туманлараро иқтисодий судининг Чилонзор тумани, Чўпон ота кўчаси, 6-уйдаги биносида, 101-сонли мажлислар залида кўриб чиқилиши белгиланган.
Тақдим этилган маълумотга кўра, Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси филиал жойлашган бинонинг баланс сақловчиси ҳисобланади. Мурожаат муаллифлари филиал раҳбарияти коммунал хизматлар бўйича шартнома тузишдан бош тортгани ва натижада электр энергияси учун катта миқдорда қарз шаклланганини иддао қилмоқда.
Бироқ суд ажримида ҳозирча филиалнинг қарздорлиги исботлангани ёки маблағни тўлаши шартлиги ҳақида якуний қарор йўқ. Суд фақат даъвони кўриб чиқишга қабул қилган. Қарзнинг асосли ёки асоссиз экани тарафларнинг далиллари ўрганилганидан кейин ҳал этилади.
Вазият бир қатор саволларни келтириб чиқармоқда: филиалнинг коммунал хизматлар бўйича шартномаси нега ўз вақтида тузилмаган? 1,6 миллиард сўмлик талаб қандай ҳисоб-китоблар асосида шаклланган? Профессор-ўқитувчилар олдида ҳақиқатан ҳам қарздорлик борми? Аннамуратова ва Мухамедова билан меҳнат муносабатлари бекор қилинган бўлса, бунга нима асос бўлган?
Элтузар ВГИК Тошкент филиали раҳбарияти, Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси ҳамда номлари тилга олинган педагоглар ушбу ҳолат юзасидан муносабат билдирса, уларнинг позициясини ҳам эълон қилишга тайёр.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг