Қадимги Миср пирамидаларини қуллар қурган дейишади, Римдв қуллар бир-бири билан курашиб томоша кўрсатган. Замонавий Ўзбекистонда ўқитувчи текин ишчи кучи ҳисобланади. Янги Ўзбекистонда ҳам, эски Ўзбекистонда ҳам, Қизил Ўзбекистонда ҳам аҳвол шу эди.

Ўқитувчига бюджетни еб ётган нонхўрдек қараб, уни ҳар ишга сафарбар қилиш қачон тугайди? Тадбир ҳам, тозалик ҳам, ҳатто сайлов ҳам ўқитувчилар зиммасида.

Мана, Узун туманидаги 1 сонли умумий ўрта таълим мактабида инглиз тили ва информатика фани ўқитувчиларига белкурак берилиб, мактаб ортидаги гўнгни йиғиш ва мактабга олиб келишга мажбур қилингани айтилмоқда.

Дарс бериш ўрнига гўнг ташиш? Элтузарга юборилган видеода ҳолат қандай кўриниш олганини ўзингиз баҳоланг.

Бундан ташқари, 2026 йил 5 сентябрь куни ўқитувчиларнинг розилигисиз уларнинг иш ҳақидан 400–700 минг сўмдан ушлаб қолиниб, қўй сўйилиб дастурхон ташкил қилинган. Кўплаб ўқитувчилар бу ҳолатдан норози бўлиб, тадбирда қолмаган. Таътилдан чиққан ўқитувчидан қайси виждонсиз раҳбар пул йиғишни буюрди?

Ўқитувчининг вазифаси — болаларга таълим бериш. Уни гўнг ташишга мажбурлаш ёки розилигисиз маошидан пул ушлаш мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолат.

Узун тумани ҳокимлиги, Мактабгача ва мактаб таълими бўлими, Меҳнат инспекцияси ҳамда прокуратурадан ушбу ҳолатни холисона ўрганиб, қонуний баҳо беришларини ва жамоатчиликка расмий муносабат билдиришларини сўраймиз. Ўқитувчининг шаъни, меҳнати ва ҳақ-ҳуқуқи ҳимоя қилиниши шарт.