КЛАСТЕР – КОЛХОЗДАН ОҒИРРОҚ ИСКАНЖА
Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигида жорий этилган кластер тизими фермерларга кутилган эркинлик ўрнида янги қарз, маъмурий босим ва бозордан узилиш муаммоларини келтириб чиқарди. Муаллиф тизимнинг илдиздаги камчиликлари ва ислоҳот эҳтиёжини таҳлил қилади.
Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги салкам 40 йилдан буён қайта-қайта ўзгаришларни бошдан кечирмоқда. Советнинг колхоз-савхоз тизими тугатилгач, ерларни фермер хўжаликларига бериш орқали бозор муносабатларини жорий этиш мақсад қилинди. Ер ўз эгасини топди – даврнинг шиори шундай эди.
2017 йилдан буён “кластер” модели жорий қилинди, қишлоқ хўжалигини вертикал интеграция асосида бошқариш ғояси илгари сурилди. Бироқ амалда кластер фермерлар учун кутилган эркинликни таъминламади, янги зиддиятлар ва иқтисодий босимлар пайдо бўлди.
Аслида кластер тизимининг мақсади етиштиришдан тортиб қайта ишлаш ва экспортгача бўлган занжирни бирлаштириш,
фермерни бозордаги таваккалчиликдан ҳимоя қилиш, технология ва инвестиция киритишни тезлаштириш эди.
Лекин режа фақат қоғозда мукаммал бўлади. Амалдаги муаммолар маймуннинг битидан ҳам кўп. Фермерлар ўз ҳосилини эркин бозорда сотолмайди, маҳсулотни фақат белгиланган кластерга топширишга мажбур.Кластерга топширилган маҳсулот учун ҳисоб-китоблар ўз вақтида амалга оширилмайди.
Фермерлар кредитларни қайтаролмай, солиқ ва иш ҳақи бўйича қарздорликка киряпти, янги мавсум учун айланма маблағ тополмай танг аҳволда.
Кластер билан шартнома асосида ишлаётган фермерлар бир йирик харидорга боғланиб қолади. Қарамлик фермерларнинг нарх белгилаш ва бозор танлаш имкониятларини чеклайди.
Бошқа томондан, маъмурий босим, ҳокимлик ва агроинспекциянинг назорати ортиқча юк. Фермерларга босим ҳолатлари, мажбурий буйруқлар, пухта ўйланмаган қарорлар натижаси очиқ муҳокама қилинмайди. Фермерлар буйруқбозлик, маъмурий босим ва молиявий масъулиятсиз кластерлар исканжасида қолмоқда.
Фермерларнинг иқтисодий танглиги жиддий ижтимоий оқибатларга олиб келади. Қарз юки, даромаднинг барқарор эмаслиги ва ҳуқуқий ҳимоянинг сустлиги фуқаролар руҳий ҳолатига таъсир қилиши табиий.
Қишлоқ хўжалигидаги ҳар қандай ислоҳотнинг асосий мезони фермернинг иқтисодий барқарорлиги ва эркин қарор қабул қилиш имкониятидир. Кластер модели самарали ишлаши учун у ҳақиқий шериклик асосига қурилиши керак. Тўлов интизоми, шартнома шаффофлиги ва фермер ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари кучайтирилмаса, тизим кутилган самарани бермаслиги кундек равшан. Фермер батрак ишчи мақомига тушиб қолмаслиги учун ўзгаришлар асли кеча бошланиши керак эди.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг